Ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларини замонавий ускуналар билан жиҳозлаш учун 100 млн доллар ажратилади

Сақлаш
15:07 / 12.11.2021 784 0

«Аҳолига тиббий хизматлар кўрсатиш сифатини яхшилаш ва соғлиқни сақлаш соҳасида кадрлар салоҳиятини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.

 

Қарорга мувофиқ, давлат туман (шаҳар) ва вилоят тиббиёт муассасалари учун Молия вазирлиги талабномаларига асосан 2021–2022 йилларда 100 млн АҚШ долларигача эквивалентдаги миллий валютада йиллик 2 фоиз ставкада кредит маблағлари ажратилади. Бунда, ушбу маблағлар талабномалар тақдим этилган санадан бошлаб 3 йил муддатгача берилади.

 

Шунга кўра, маблағлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг асосланган талабномаларига ҳамда белгиланган ставкага кўра қайтариш шарти билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга уларга бюджет ссудаси сифатида ажратилади.

 

Ҳар бир ҳудуд ва муассаса кесимида тиббий ускуналарга бўлган эҳтиёж аниқланиб, тегишли рўйхатга асосан тиббий ускуналар харид қилинади.

 

Тиббий ускуналарни харид қилиш бўйича техник топшириқлар ва тендер ҳужжатлари «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУКда комплекс экспертизадан ўтказилади.

 

Қарорга кўра, ҳокимликлар ҳудудлардаги тиббиёт муассасалари мутахассисларининг етакчи хорижий тиббий муассасаларда малакасини ошириш мақсадида Марказда комплекс экспертизадан ўтказиш шарти билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиши мумкин.

 

Қарор билан Давлат туман (шаҳар) ва вилоят тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//