Тошкентда тез ёрдам ҳайдовчиларига жарима қоғозлари келаётгани юзасидан расмий баёнот берилди

Сақлаш
22:58 / 09.01.2023 1469 0

Тошкентда тез ёрдам ҳайдовчилари қоидабузарликлар учун жарима қоғозлари келаётгани сабаб видеомурожаат билан чиққани ҳақида хабар бергандик. ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ушбу видеомурожаат батафсил ўрганилаётгани ва натижа бўйича қўшимча маълумот берилишини маълум қилганди.

 

Мазкур ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги қўшма баёнот бериб, тез тиббий ёрдам машиналари алоҳида имтиёзга эгалигини маълум қилди. Қуйида ушбу баёнот тақдим этилади.

 

Маълум қиламизки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 17 прим 1-моддаси бешинчи хатбошисига кўра, тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситалари, шунингдек, улар кузатиб келаётган транспорт воситалари томонидан йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ имтиёздан фойдаланган ҳолда содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар махсус фото ва видео қайд этишнинг автоматлаштирилган техник воситалари орқали қайд этилган тақдирда ҳамда кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажарганликни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилганда ҳайдовчиларнинг маъмурий қоидабузарлиги охирги зарурат ҳолатларида содир этилган деб топилади. Сўнг мазкур маъмурий иш ушбу кодекснинг 271-моддасига мувофиқ тугатилади.

 

Мазкур ҳужжатнинг 271-моддаси биринчи хатбошисининг тўртинчи кичик бандига кўра, шахс ҳаракатни охирги зарурат ҳолатида қилган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмас. Бошланган иш эса тугатилиши лозимлиги белгиланган.

 

Маълумот учун: тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситалари, шунингдек, улар кузатиб келаётган транспорт воситаларининг ҳайдовчилари кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажараётиб, ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш шарти билан йўл ҳаракати қоидаларининг (7-боб, 9-16, 19-20 ва 22-боблари, 1 ва 2-иловалари) талабларидан четга чиқишлари мумкин.

 

Йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларига нисбатан имтиёзга эга бўлиши учун махсус хизматларнинг транспорт воситаларида кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялт-ялт этувчи маёқчалар ва махсус товушли ишора ёқилган бўлиши шарт. Улар ўзларига йўл берилаётганлигига ишонч ҳосил қилганларидан сўнггина имтиёздан фойдаланишлари мумкин.

 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 128 прим 5-моддаси биринчи қисмига кўра, махсус хизматларнинг кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялтироқ маёқчани ёққан ҳолда ҳамда махсус товушли сигнал билан яқинлашиб келаётган транспорт воситалари тўсиқсиз ўтиб кетиши учун транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан халақит бериш — БҲМнинг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

2022 йилнинг 1 ноябрь куни ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги, Республика Тез тиббий ёрдам хизмати маркази ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги автотранспорт бўлими масъул раҳбарлари иштирокида тез тиббий ёрдам автомобилларининг махсус фото-видео фиксация мосламалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатлари бўйича келиб чиқаётган муаммолар тўлиқ бартараф этилиб, ишлаш механизми йўлга қўйилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//