“Wikistipendiya” марафонининг биринчи мавсум ғолиблари аниқланди

Сақлаш
18:56 / 27.12.2022 1093 0

26 декабрь куни бундан салкам 8 ой аввал Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ташкил қилинган “Wikistipendiya” марафонининг биринчи мавсум ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ёшлар ишлари агентлигининг раҳбари Алишер Саъдуллаев, иштирокчилар ва кенг жамоатчилик вакиллари, журналист ҳамда блогерлар, шунингдек, ўзбекча Википедияга ҳисса қўшиб келаётган ёш фойдаланувчилар иштирок этишди.

 

 

Маросимда “Wikistipendiya” марафонида эришилган ютуқлар, келажакдаги режалар ва қайд этилган ютуқлар таъкидланди. Мукофот жамғармаси 300 миллиондан ортиқ бўлган марафоннинг биринчи мавсум ғолиблари эълон қилинди. Жумладан 1-ўрин ғолибига 50 миллион ва қолган совриндорларга 30, 20, ҳамда 10 миллиондан пул мукофоти тақдим этилди.

 

 

 

 

 

Маълумот учун, 2020 йилнинг 20 майидан 20 декабрига қадар ўзбекча Википедиядаги мақолалари сони 76 731 тага ошиб, 217 005 тага етди (54,67% ўсиш). Жами таҳрирлар сони 948 178 тага ошиб, 3 504 571 тага етди (37,05% ўсиш). Рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар сони эса 15 542 тага ошиб, 87 706 тага етди (21,51% ўсиш). Шунингдек, фаол фойдаланувчилар, яъни охирги 30 кун ичида камида битта таҳрир қилган фойдаланувчилар сони 1 549 тага ошиб, 1 937 тага етди (399,23% ўсиш).

 

30 мингга яқин мақола “Fountain”га киритилди. Марафон давомида 29 284 та мақола “Fountain” баҳолаш тизимига киритилган бўлиб, бу мақолаларнинг ҳар бири камида 200 сўздан иборатдир.

 

2022 йилнинг 26 ноябрь куни ўзбекча Википедияда яратилган мақолалар сони 200 000 дан ошди.

 

Ўзбекча Википедия барча тиллардаги Википедиялар рўйхатида 60-ўриндан 49-ўринга кўтарилди. “Wikistipendiya” марафонига старт берилган кун Ўзбекча Википедия 140 348 та мақола билан барча тиллардаги Википедиялар орасида 60-ўринни эгаллаб турганди. Марафон 2022 йилнинг 20 декабрида ўз якунига етганида мақолалар сони 217 000 га етиб, ўзбекча Википедия 49-ўринга кўтарилганди.

 

Ўзбекча Википедия туркий тиллардаги Википедиялар орасида 5-ўринга кўтарилди. Марафон давомида ўзбекча Википедия мақолалар сони бўйича туркий тиллар орасида туркча, татарча, жанубий озарбойжонча ва қозоқча Википедиялардан кейин 5-ўринга кўтарилди. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, татарча, жанубий озарбойжонча ва қозоқча Википедиялардаги мақолалар сони бот ёрдамида яратилган мақолалар ҳисобига юқори бўлиб, 2022 йилнинг декабрь ойидаги ҳолатга кўра, бу уч лойиҳанинг теранлиги ўзбекча Википедия теранлигидан бир неча баробарга пастдир.

 

Марказий Осиёда илк маротаба маҳаллий Википедияга ташрифлар русча Википедияга ташрифлардан ошди. 2022 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон ҳудудда ўзбекча Википедия кўришлар сони бўйича русча Википедиядан ўзиб кетди. Ўзбекистонда 2022 йилнинг ноябрь ойида рус тилида 11,1 миллион саҳифа кўрилган бўлса, ўзбекчада 11,4 миллион саҳифа ўқилди. Марказий Осиёда маҳаллий тильда маълумот кўриш русча Википедияда ўқишдан ўзиб кетиши биринчи марта кузатилди.

 

Ўзбекча Википедиядаги умумий таҳрирлар сони бўйича рекорд ўрнатилди. 2022 йилнинг ноябрь ойи ўзбекча Википедиянинг 19 йиллик тарихида энг кўп таҳрир қайд этилган ой бўлди. Ноябрда ўзбекча Википедиядаги барча саҳифалар фойдаланувчилар томонидан умумий ҳисобда 244 465 минг мартадан ошиқ таҳрир қилинди. Бунга асосий сабаб “Wikistipendiya” марафони ва унинг доирасида Тошкент давлат шарқшунослик университетида йўлга қўйилган Википедия таълим дастури дейиш мумкин.

 

Икки марта 150 киши учун викиоромгоҳ уюштирилди. 2022 йилнинг 1 августидан 7 августига ҳамда 23 ноябридан 30 ноябрига қадар марафон доирасида икки марта бир ҳафталик викиоромгоҳ ташкил этилди. Ҳар икки мавсумда 150 га яқин одам қатнашди. Бу нафақат минтақада, балки глобал миқёсда рекорддир. Иштирокчилар томонидан биринчи мавсум давомида 7 509 та, иккинчи мавсум давомида эса 20 096 та мақола яратилди.

 

 

Википедия ва унга қардош лойиҳаларни таҳрирлаш кўрсатилган видеодарслар 25 минг мартадан кўп кўрилди. Марафон йўлга қўйилганидан кейин youtube.com/uzwiki каналига юкланган видеодарслар марафон якунига қадар тақрибан 27 минг марта кўрилди, каналга мингдан ошиқ одам обуна бўлди.

 

Ўзбекча Википедия матбуотда ҳам кенг ёритилиб борилди. Марафон йўлга қўйилганидан то ўз якунига етгунига қадар ўзбекча ва хорижий матбуот нашрларида рекорд 60 дан ортиқ мақола, пост ва видеолавҳа ҳозирланди. 2022 йилнинг декабрь ойи ҳолатига кўра, “Wikistipendiya” учун очилган Телеграм каналнинг 6 мингдан ошиқ обуначиси бўлган, ўзбекча Википедиянинг савол-жавоб гуруҳига эса 800 дан ошиқ одам аъзо бўлган. Шунингдек, 2022 йилнинг 14–16 октябрида Шимолий Македониянинг Оҳрид шаҳрида бўлиб ўтган Марказий ва Шарқий Европа анжуманида “Wikistipendiya” анжумани ютуқлари ҳақида халқаро викимедиачилар олдида тақдимот қилинди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//