Тошкентда ўқиётган андижонлик талабаларга уйига қайтиш учун бепул автотранспортлар йўлга қўйилади

Сақлаш
19:34 / 22.12.2022 959 0

Янги йил байрами ва қишки таътилни ўтказиш учун уйларига келадиган Тошкентда ўқиётган андижонлик талабаларни олиб келиш мақсадида бепул автотранспорт воситалари ажратилади. Бу ҳақда Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

 

«Янги йил байрами олдидан Тошкент–Андижон поездига билет топиш анча қийин бўлади, автомашинада қайтиш учун эса байрам арафасида йўлкира бирмунча қиммат бўлиб кетади. Бу айниқса, талабаларни қийин аҳволга солиб қўяди. Ана шундан келиб чиқиб, талабларга қулайлик яратиш, уларга кўмаклашиш мақсадида ушбу хайрли ишга қўл урдик», – дейди Андижон вилояти Транспорт бошқармаси бошлиғи Ўткирбек Машрапов.

 

Бошқарма бошлиғининг таъкидлашича, пойтахтда таҳсил олаётган талабаларни олиб келиш мақсадида 25 та автотранспорт воситаси ажратилади.

 

Автомашиналар 27 декабрь сешанба куни Тошкентдаги «Ўзбекистон» меҳмонхонаси олдидан соат 12:00 да Андижонга жўнайди. Тошкент шаҳрида таҳсил олаётган андижонлик талабалар ушбу имкониятдан фойдаланишлари мумкин.

 

Бундан ташқари, имкон қадар кўпроқ талабаларни олиб келиш учун йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи автомобиль эгаларини ушбу хайрли ишга қўшиш таклифи билдирилди.

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//