Маданият
«Излам» туркумидаги 9 та китобнинг фақат биттаси наср йўналишида – «Азал ва абад йўли» номи остида нашр этилган. Ёзувчи Назар Эшонқул oyina.uzга тўпламдаги шу номли қисса ҳақидаги фикрларини билдирди.
«Она замин кун бўйи майда ва ҳеч замон битмайдиган ташвишлари билан уёқдан-буёққа зир югурган, йиғлаган, сиқтаган, кулган, ажабланган, нафратланган, ҳайратланган, кўкка сапчиган, ўйланган, умидсизланган, ғайрати жўшган, асли-насли Одам Ато ва Момо Ҳавога бориб тақаладиган қарийб саккиз миллиард банибашарни, устига-устак уларданда минг чандон оғир дарду ташвишларини кўтариб юравериб-юравериб силласи қуриди, томоғи танглайига ёпишди, оёқларида мадор қолмади...»
«Азал ва абад йўли» қиссаси ана шу жумлалар билан бошланади ва бизни ўзининг тасаввур ўйинига таклиф қилади. Мен бекорга «тасаввур ўйини» демадим. Азизбек бу қиссасида одатда биз кўниккан, кўриб, бошимиздан кечираётган ёхуд ёнимизда турган ҳаёт мароми ва кечмишини эмас, воқеликнинг нариги томонида, фақат идрок билан англаш мумкин бўлган ўзининг бадиий тасаввурларини баён қилиш орқали бизни ўзининг «тасаввур ўйинига таклиф қилади. Хулио Кортасар адабиётни «ўйин», яъниким, тафаккур ўйини деб атаганди. Тафаккур ўйини тасаввур кенгликларида бўлиб ўтади. Ёш адиб тайёр, осон йўлдан юрмай, биринчи йирик асариданоқ бизни ўзининг тасаввур ва хаёлот англамларига чорлайди.
Аслида, ҳар қандай асарнинг биринчи жумласи – бу асарнинг остонаси дегани. Остонадаёқ уйнинг ичкарисига боқиш, у ҳақда маълум бир хулосаларга келиш мумкин. Биринчи жумлада бутун асар мазмуни, мақсади акс этади. Агар шу хулоса билан қиссадаги биринчи ва ундан кейинги жумлаларни ўқий бошласак, қисса ердан оёғи узилган бирон космополитик мавзуга бағишланибди деган дастлабки таассурот пайдо бўлади. Бу тахминий кечинма туғилиши билан сизни инсоншуносликдан холи бўлган, навбатдаги ҳавойи бир сўзбозликка дуч келдим, деган маълум бир ҳафсаласизлик қамраб олиши табиий. Аммо бу кечинма айни қиссага нисбатан алдамчи илғам. Ҳориган Она Замин чизгиларидан сўнг сиз Заминнинг ҳориши, ҳолдан тойишига сабаб бўлган манзарага, сайёрамизни ўз аъмолларидан келиб чиқиб, бўлиб олишга, ғарот қилишга, уни ўзларининг нияти ва маслакларига мос «рангларга» «бўяшга» охир-оқибат парчалашга, бўлишга киришиб кетган башар зотига дуч келасиз. Бу хом сут эмганларга «шохи бор» «У» қалам тутқазяпти. Ана шу чизгилардан сўнг асар юқоридаги ҳавойиликдан пастга – Она Заминни «ҳоритган», «ташвишлантирган» башарнинг маънавий олами, ўзимизнинг ботиний дунёмиз, у ердаги муросасиз кураш, муҳораба ҳақида эканини англай бошлайсиз.
Аввал ўқимаган эканман: шу қиссасидан келиб чиқиб, айтишим мумкинки, Азизбек Норов деган ёш йигит аллақачон ёзувчи сифатида шаклланиб бўлган экан. Унинг метофарага, ташбеҳу қочиримларга бой ифода усули, хаёлий-бадиий мушоҳадаси бундан дарак бериб турибди. Кези келганда шуни айтишим керак: бугун танилиб қолган, ҳалитдан ўзларига адабиёт саҳнасида ҳайкал ясаб олган баъзи бир номдор ва шондор ёзғувчиларнинг эълон қилинган барча асарларини жамлаб, устурлоб билан изласак ҳам айни қиссадаги танбеҳли, метофарага тиғиз жумлаларнинг ярмини ҳам топа олмаймиз. Бу билан мен ёш адиб истеъдоди ҳақида муболағага берилмоқчи эмасман. Шунчаки, бадиий сўз санъати ана шундай кутилмаган ташбеҳлар ярата олиш, тасаввур қолипларини бузиб, янги тасвир чизгиларини, бадиий сўзнинг янги кенгликларини, янги имкониятларини ҳавола қила олиш санъати, бадииятнинг бирламчи талаби эканини эслатиб қўймоқчиман.
Юқорида айтганимдай, «Азал ва абад» бугунги аксар бадиий асарларимизни бағрига олиб, ютиб юбораётган кўз олдимиздаги турли сюжетларга, воқеабандликка, маиший ғурбатлар тарихи, умуман, биз кўриб, эшитиб, гувоҳ бўлиб юрган кундалик ҳаёт, кўрган-кечирганларимиз ҳақида эмас. Ёш адиб қиссаси билан бизнинг идрокимизни фавқулодда тасаввур кенглигига олиб чиқади, кўриб, кўникиб юрган кўз олдимиздаги воқеликнинг босимидан тепароқ кўтарилади, бизни инсоннинг тасаввур дунёсига олиб чиқади. Ана шу тасаввур оламида бизни инсоннинг азал-абадда тутган ўрни ҳақида фикрлашга, ўйлашга ундайди.
Назар ЭШОНҚУЛ
Маданият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Маданият
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ