Жамият
6 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судлов ҳайъати апелляция инстанциясида Ўзбекистон Миллий университети Ахборот-ресурс маркази раҳбари Ирина Кислицинага оид иш юзасидан апелляция шикояти кўриб чиқилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судларининг расмий Телеграм-каналида хабар берилди.
Суд судланувчи ЎзМУда китобларни ўзлаштирганлиги тасдиқланмаган деб топди, шунингдек, у ўз мансаб вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги тасдиқлангани сабабли туман судининг ҳукми ўзгартирилди. Унга кўра, судланувчининг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» бандидан 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) 1-қисмига қайта квалификация қилинди.
Судланувчига Жиноят кодексининг 227-моддасида назарда тутилган айбловлар (ҳужжатларни нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш) билан, 45-моддага асосан тайинланган жазолар аслича қолдирилди.
Якунда АРМ раҳбарига ўташ учун узил-кесил 6 ой 23 кун озодликни чеклаш ва 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Университет фойдасига 2,6 миллиард сўмдан ортиқ моддий зарарни ундириш қисми бекор қилинди.
Шунингдек, судланувчининг қамоқда сақлаш эҳтиёт чораси бекор қилиниб, суд залида қамоқдан озод қилинди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 10 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида Ўзбекистон Миллий университетининг Ахборот ресурс маркази «Шарқий» фондининг умумий баҳоси 2 656 600 000 сўм қийматга эга ноёб – 57 та тарихий қўлёзма асарлари, XIII-XIX асрларга оид 12 та тошбосма ва 9 та тарихий ҳужжатларини талон-торож қилиниб, жуда кўп миқдорда давлат манфаатларига зарар етказиш ҳамда ўта муҳим аҳамиятга эга, тарихий-маданий қимматликлар ҳақида маълумот берадиган 341 та инвентарь китобларини тақдим қилинмаслиги оқибатида 45 та ноёб қўлёзмалар, 104 та ноёб тошбосмаларни, яъни давлат ва жамоат тарихий-маданий бойликларининг йўқолиб кетишига сабаб бўлгани юзасидан Ўзбекистон Миллий университетининг Ахборот ресурслар маркази раҳбари И. К.га оид жиноят иши кўриб чиқилиб, ҳукм ўқилган эди.
Суд ҳукми билан Ахборот ресурслар маркази раҳбари И. К. Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбли деб топилиб, 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан ва 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Маданият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ