Жамият
Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов энерготаъминотдаги узилишлар юзасидан изоҳ берди. Унга кўра, ҳозирги об-ҳаво шароити яна-да жиддийроқ талафотларнинг олдини олиш мақсадида режали чекловлар ўрнатишни тақозо этмоқда.
«Бизнинг вазифамиз – одамларимизни хонадонида газ билан таъминлаш, шунингдек, табиий газ ёрдамида иссиқлик электр станцияларида электр энергия ишлаб чиқариб, электр энергия етказиб беришдир.
Тўғри, эътирозлар бор. Ҳаммага ҳам етиб бормаяпти, жуда кўп ўчишлар бўляпти. Биз буни тан оламиз, ҳеч ким инкор этмаяпти. Шу об-ҳаво шароитида режали чекловлар киритган ҳолда вазиятдан чиқиб кетмасак, эртага бунданда жиддийроқ талафот бўлиши мумкин. Шунинг учун бундай кескин чоралар кўришга мажбурмиз», – дейди вазир.
Жўрабек Мирзамаҳмудов Фарғонанинг Ўзбекистон туманидаги «Шўрсув цемент» номли цемент заводи ишчиларининг интернетда тарқалган жамоавий мурожаатига ҳам муносабат билдирди. Мурожаатда ходимлар завод газдан узилгани сабабли ишсиз ва даромадсиз қолишганини айтишганди.
«Фарғонадаги ҳолатга келадиган бўлсак, яна бир бор таъкидлаб ўтамиз, бошқа альтернатив ёқилғида ишлаши мумкин бўлган барча объектлар ҳаво кескин шунақа пайтда тармоқдан узилади. Бу ерда бироз бўрттириб гапирилган, 10 минг ишчи ишсиз қоляпти деб. Бу цемент ишлаб чиқариш корхонасининг 10 минг эмас, юздан сал ошиқроқ ишчилари бўлган.
Ҳамма биладики, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори бор, ғишт заводлари, янгидан қурилаётган цемент заводлар барчаси кўмир, яъни альтернатив ёқилғида ишлаши керак. Ҳозир бу заводни табиий газга ким улаган, ким рухсат берган, буни алоҳида ўрганиб чиқамиз. Лекин корхона раҳбарлари шартнома шартларига кўра вақтида огоҳлантирилган. Ишчилар билан тегишли тарғибот ишларини олиб бориши керак эди», – деди Мирзамаҳмудов.
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Маданият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ