Ўзбекистонда 2022 йилда жами қанча пахта етиштирилгани маълум қилинди

Сақлаш
16:28 / 06.12.2022 924 0

Ўзбекистонда 2022 йилда 136 та туманда 134 та пахта-тўқимачилик кластерлари ва уларга бириктирилган 29 мингта фермер хўжаликларида 1 млн 32 минг гектар майдонда ғўза парваришланди, деб хабар бермоқда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.

 

Жорий йилда ўртача ҳосилдорлик гектарига 34 центнерни ташкил этди ва жами 3 млн 510 минг тонна пахта етиштирилган.

 

«Териб олинган пахтанинг 90 фоиздан ортиғи юқори сорт ва классларга сотилди. Бу эса пахта етиштирувчи фермер хўжаликларининг иқтисодий ҳолатини яхшиланишига олиб келади. Юқори ҳосилдорлик қайта ишлаш қувватига эга кластерларнинг хомашё манбаининг кўпайишига хизмат қилади. Жойларда 22,1 мингта терим отрядлари ташкил этилиб, 1,8 млн нафар теримчи жалб қилинди.

 

Теримда 1 089 та пахта териш машиналари, 15 320 та транспорт тракторлари ва 24 900 та тиркамалар қатнашиши таъминланди», — дейилади хабарда.

 

Вазирлик ахборотида Ўзбекистонда ҳар гектар пахта майдонидан ўртача ҳосилдорлик 34 центнерни ташкил қилгани ва 24 та туманда 30 центнергача, 41 та туманда 30-35 центнер ва 71 та туманда 35-40 центнер ҳосил олингани айтилган.

 

Ҳудудлар кесимида Қашқадарё вилоятида 437 минг тонна, Бухоро вилоятида 360 минг тонна, Жиззах вилоятида 269 минг тонна, Самарқанд вилоятида 258 минг тонна ва Навоий вилоятида 115 минг тонна пахта терилиб, ўтган 2021 йилга нисбатан ўртача ҳосилдорлик 2,6-3,4 ц/га га юқори бўлди.

 

Пахтани механизация ёрдамида йиғиштириб олиш ишларига алоҳида эътибор қаратилиб, 1 089 та пахта териш машиналари билан 632 минг тонна ёки 18 фоиз пахта ҳосили териб олиш йўлга қўйилди.

 

«Ҳар беш кунда теримчиларга ҳар килограмм терган пахтаси учун ўртача 1 600-2200 сўмдан, машинада терилган 1 тонна пахта учун 1,4 млн сўмдан хизмат ҳақи тўлаб борилди ва мавсумда 4 трлн 669 млрд сўмдан ортиқ терим пуллари тарқатилди», — дейилади хабарда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//