Жамият
Бир неча кундaн буён Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларини қоплаган чанг бўронлари сабаб аҳоли доимгидан кўра кўпроқ ёмғир ёғишини кутмоқда. Хўш ёмғир ёғиши учун нималар қилиш мумкин? Ёмғирни чақириб бўладими?
Маълумки, қадимдан қурғоқчилик паллаларида инсоният томонидан турли йўллар билан ёмғир «чақириб» келинган. Бироқ бу каби амалларнинг қай даражада самарали экани бизга қоронғу.
Мисол учун, халқимиз асрлар давомида сақланиб келган «Суст хотин» маросимини ўтказиш ёмғир чақиришига ишонган. «Суст хотин» маросими кўпроқ Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Наманган вилоятларида ўтказилиб, аёллар махсус ясалган қўғирчоққа кекса аёлнинг кийимини кийдиришган. Уни бир аёл кўтариб олган ва қолганлар унинг орқасидан эргашиб, қишлоқдаги уйларга бирма бир кириб чиқишган. Улар ҳар қайси хонадонга кирганда «Суст хотин» қўшиғини:
Суст хотин, султон хотин,
Кўланкаси майдон хотин
Суст хотинга не керак,
Шаррос-шаррос ёмғир керак.
...деб айтишиб, қўғирчоқни устидан сув сепишган.
Ушбу маросим табиат ҳодисалари билан боғлиқ руҳий олам тўғрисидаги тасаввурлар натижаси бўлиб, ҳозирга қадар аслиятдан бирмунча ўзгарган шаклда сақланиб қолган.
Шунингдек, туркий халқлар ичида ёмғир чақирувчи қадимий тош – Яда тоши ҳақида ҳам қатор маълумотлар учрайди. Уларга кўра, Яда ёки Жада тошининг пайдо бўлиши Нуҳ пайғамбар билан боғланади. Ушбу тошда катта сеҳр бор деб ишонилган. Ёзилишича, яда тошига махсус дуо ўқилиб, сувга ташланса ёмғир ва қор ёғиши юз берган. Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома» асарида ёзилишича, машҳур «Лой жанги»да Амир Темурнинг рақиби Илёсхўжа енгилиши мумкинлигини билиб, шундай тош ёрдамида «ядачи» (ёмғир ёғиш) маросимини ўтказган. Ва эртаси куни Амир Темур мағлубиятига сабаб бўлган ёмғир ёғган.
Бундай маросимларни одатда шомонлар амалга ошириб, оддий одамлар қила олишмаган. Бугунги кунга келиб бу маросим деярли унутилган.
Ислом дунёсида ҳам ёмғир ёғишини сўраб қилинувчи дуолар ҳамда махсус ўқиладиган намоз ҳам бор. Бундай ибодат «Истисқо» намози деб аталиб, одатда, кутиб турилган сувнинг келиши кечикса ўқилади.
«Истисқо» намози уч хил бўлади.
Биринчиси, ёлғиз ёки жамоат бўлиб дуо қилиш.
Иккинчиси, намоздан кейин дуо қилиш.
Учинчиси, икки ракат намоз ўқиб, Жума хутбасига ўхшаш икки хутба айтиб серобчилик сўраш. Ёмғир бўлгунча қайта-қайта истисқо қилинаверади.
Шу билан бирга бугунги кунда замонавий технологиялар ривожланиши натижасида сунъий тарзда ёмғир ёғдиришга эришилмоқда. Бундай технологиялар, аслида ўтган асрда иккинчи жаҳон урушидан сўнг қўлланила бошланган. 1946 йилда таниқли кимёгар Бернард Воннегут кумуш ёдиднинг сувнинг кристалланишига таъсирини аниқлайди. Кейинчалик кумуш ёдидни булутларга сепиши натижасида ёғингарчилик келтириб чиқара бошлайди. Аммо бу усул анчайин зарарли ҳам.
Бугунги кунда ҳам ушбу технология мукаммаллаштирилиб, дунёнинг турли бурчакларида қурғоқчилик вақтларида ёмғир ёғдириш, ёнғинларни ўчиришда самарали фойдаланилади. Айниқса, бу борада Россия ва Хитой етакчи бўлиб келмоқда.
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ