Жамият
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров Ҳаж навбатлар электрон тартибга ўтказилишини маълум қилди. Бу ҳақда у ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиевга берган интервьюсида айтиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда умра учун навбатлар деярли қолмаган ёки жуда тез навбат келмоқда. Лекин ҳажга навбатлар сақланиб қолган.
«Аллақачон тизимни шаффоф қилишимиз керак эди. Ҳозир ҳаж комиссияси ҳажга навбатни электрон тартибга айлантириш ишларининг ҳаракатида. Мусулмонлар идораси тизимида ҳам Ҳаж ва умра ишларини ташкиллаштириш марказини очдик. Энди улар шаффоф, электрон навбатни ташкил қилиш ҳаракатида», – дейди муфтий.
Нуриддин Холиқназаров, шунингдек, ҳажга навбатсиз бориш учун пора беришнинг гуноҳлигини таъкидлаган.
«Шу ўринда муфтий сифатида айтиб ўтишим керак. Агар кимдир бировнинг навбатини пора бериб олса ва шу асосида ҳажга борса – унинг ҳажи ҳаж бўлмайди. Мусулмон одам таниш-билиш қилиб, бировнинг ўрнини олиб ҳажга бормаслиги керак. Шу ишни қилаётган одам ҳам, воситачилик қилган ҳам ва пора олган ҳам гуноҳкор бўлади. Чунки бу иш билан битта мусулмоннинг фарз ибодатига тўсқинлик қилган бўлади. Айтайлик, [масъул] бир кишининг навбати келиб, ибодат унга фарз бўлиб турган бўлса, ўрнига кимнидир қўядиган бўлса – бу жуда катта гуноҳ», – деган муфтий.
Нуриддин Холиқназаров тизимни шаффофлаштириш борасида ҳаракатларни имкон қадар тезлаштиришга ҳаракат қилишини айтди.
«Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқлар ҳам жуда фаол, ҳамма жойда назорат қилиб, хатолар айтиб бориляпти. Одамларда ҳам Аллоҳга тақво қилиш кўпаймоқда, коррупцияга қарши кураш ҳам кучаймоқда. Лекин шунда ҳам навбатни пора билан олмоқчи бўлганлардан бу ишини тўхтатишларини сўраймиз. Чунки Аллоҳ насиб қилиб, бу инсонга навбат келмагунича бу амал ундан соқит бўлади», – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси.
Жамият
Жамият
Маданият
Жаҳон
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
1 Изоҳ
фотима
12:01 / 01.01.1970
Муфтий ҳазратлари жуда яхши маъруза қилибтилар. Фақат ҳудудларнинг диний эътиқодига қараб ариза бериш ва навбат ошиши ҳолатлари ҳам бор. Сабаби Сурхондарёдан бир нечта туманда Умра зиёратига бориш учун катта навбатлар ҳосил бўлган, ушбу туманларга берилган жойларга одамлар сентябр ойида тўлов қилган, бироқ бугунги кунга қадар рейслар кам берганлиги сабабли ушбу сафарга боролмасдан қолишмоқда. Ҳатто кейинги 2023 йил январ ойига ҳам қолиши мумкин. Бу ўз навбатида эътирозларга сабаб бўлмоқда. Имкон бўлса кўпроқ рейс бериш чораларини кўриш керак.