Бекободдаги Маданият уйи дўкон учун ижарага берилди

Сақлаш
17:16 / 21.11.2022 1075 0

Жамоатчилик фаоли Лола Сайфи фейсбукдаги саҳифасида Бекободдаги Маданият уйи супермаркет учун ижарага берилганини маълум қилиб, буни тасдиқловчи суратлар билан бўлишди.

 

«Бекобод шаҳридаги Маданият уйи «Ҳавас» супермаркетига ижарага берилди. Уларнинг нима қилишганини кўринг! Ўзбекистонга шундоқ ҳам маданият етишмайди, лекин уни бунчалик даражада оёқ ости қилиш, бу энди ҳаддан ошишдир.

 

Нима бўлганда ҳам маданий меросни ҳимоя қилиш ва уни сақлашга қаратилган қонунларга риоя қилиш керак. Наҳотки, «Ҳавас» учун бошқа бино топилмаган бўлса? Наҳотки, Бекободга Маданият уйи керак эмас?», деб ёзади Лола Сайфи.

 

Ҳолат юзасидан Маданий мерос агентлиги расмий баёнот берди. Қуйида ушбу баёнот тўлиқлигича тақдим этилади:

 

«Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти «Бекобод цемент АЖ»га қарашли бўлган «Бекобод цемент маданият уйи» биносининг ташқи кўриниши ўзгартирилгани муҳокама қилинмоқда.

 

Маданий мерос агентлиги ушбу бино маданий мерос объекти сифатида қайд этилмаганини маълум қилади. Тошкент вилояти «Бекобод цемент АЖ»га қарашли бўлган «Бекобод цемент маданият уйи» Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 04.10.2019 йилдаги 846-сонли қарори билан архитектура ёдгорлиги сифатида рўйхатга олинмаган.

 

Шу ўринда таъкидлаш лозим Маданий мерос агентлиги ўз тизимидаги моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, музейлар соҳасида давлат назоратини амалга ошириш, археология тадқиқотларини қўллаб-қувватлаш, мувофиқлаштириш, назорат қилиш, вилоятимиздаги маданий бойликларни аниқлаш, муҳофаза қилиш ва тўлиқ маълумотлар базасини яратиш каби вазифаларни амалга оширади».

 

Бекобод шаҳри ҳокимлигининг oyina.uz’га маълум қилишича, мазкур бино кинотеатр вазифасини бажарган ва узоқ вақтдан бери қаровсиз аҳволда бўлган. “Bekobod sement AJ” бинони фойдаланиш учун дўконлар тармоғига ижарага берган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//