Қўчқор Норқобилнинг «Табассум қил, севгилим!» китоби Россияда қайта чоп этилди

Сақлаш
18:13 / 20.11.2022 1613 0

Таниқли ўзбек ёзувчиси Қўчқор Норқобилнинг китоблари бугунги кунда дунёнинг кўплаб давлатлари нашриётлари томонидан чоп қилинмоқда.

 

Яқинда адибнинг «Табассум қил, севгилим!» («Улыбнис, любимая!») китоби Россияда беш минг нусхада иккинчи бор қайта босмадан чиқди. Мазкур китоб олтинчи Халқаро адабий фестиваль доирасида бўлиб ўтадиган тақдимот рўйхатидан жой олган.

 

«Қўчқор Норқобил ўзбек халқи характерини маҳорат билан талқин этади ва унинг ўзига хос эзгу-ниятларини умуминсоний ғоялар риштаси билан туташтира олади. У таниқли адиб ва адабиётшунослар, ноширларимиз томонидан «Характерлар мусаввири, инсон қалбини теран кузата оладиган адиб», «Кутилмаган ечимлар устаси», «Ўзбек Шукшини», дея бежизга эътироф қилинмаяпти. Муҳими, ёзувчи асарлари рус китобхонларида қизиқиш уйғотмоқда», – дейди ёзувчи ва публицист Галина Березина.

 

Россия Байналмилал Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Юнона Румянцеванинг таъкидлашича, Қўчқор Норқобилнинг ушбу китоби «Москванинг олтин қалами» мукофотига тавсия этилган.

 

«Муаллиф инсон қалби қувонч ва қайғуларини содда ва равон, бироқ юксак бадиий чизгилар билан тасвирлайди. Унинг қаҳрамонлари юрагимиздан жой олади. Инсоний меҳр ва муҳаббат туйғулари чегара билмас мавзу эканлигини ҳис қиласиз. Шу боис ҳам ўзбек ёзувчисининг бу китоби «Золотое перо Москвы», («Москванинг олтин қалами») мукофотига тавсия этилди», – деб ёзади Россия Байналмилал Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, нашриёт ходими адиба Юнона Румянцева.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//