Файзулла Хўжаев музейига яна ўз номи қайтарилди

Сақлаш
16:33 / 17.11.2022 1359 0

Йирик сиёсатчи ва давлат арбоби Файзулла Хўжаев истиқомат қилган уйга «Файзулла Хўжаев уй-музейи» номи қайтарилди. Бунгача у «Бой савдогар хонадони уй-музейи» деб аталарди.

 

Маданий мерос агентлигининг маълум қилишича, ҳукуматнинг шу йил 28 сентябрдаги тегишли қарорига мувофиқ, мажмуа «Файзулла Хўжаев уй-музейи» деб қайта номланган.

 

 

Ушбу ҳовли XIX аср охирида Файзулла Хўжаевнинг отаси Убайдуллахўжа томонидан шарқона усулда бунёд этилган. Уй соҳиби қатағонга учрагач, ҳовли қаровсиз ҳолга тушади. Турли ташкилотлар учун бошпана вазифасини ўтайди. Ён-атрофига турли иморатлар қурилади.

 

«Масканимизга Файзулла Хўжаев номи қайтарилгани айни муддао бўлди. Яна бир янгилик шундаки, 2023 йилда музей реставрация ва консервация қилинади. Шунингдек, реэкспозиция ишлари амалга оширилади. Айни пайтда бу ерда 521 та экспонат бор», — дейди уй-музей раҳбари Феруз Баҳромов.

 

Маълумот учун, Файзулла Хўжаев (1896—1938) Бухоро Халқ Шўролар Республикасини тўрт йил, Ўзбекистон Республикасини 12 йил бошқарган. «Халқ душмани» сифатида қамоққа олиниб, Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий каби кўплаб маърифатпарварлари қаторида қатл этилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//