«Сиз нима қилиб бердингиз туманга?» Учтепа ҳокимлиги журналистнинг газ муаммоси ҳақидаги постига изоҳ қолдирди (фото)

Сақлаш
14:49 / 15.11.2022 1226 0

Журналист Азиза Қурбонова ўзининг Facebook саҳифасига Учтепа туманида газ босими жуда пасайиб кетгани ҳақида пост жойлаштирди. Туман ҳокимлиги эса постга изоҳ ёзиб, журналистга унинг ўзи туманга қандай фойда келтиргани ҳақида савол берди.

 

Журналист жойлаштирган расмига «Салом, менинг номим — газ. Лекин бунга шубҳам бор. Кучим фақат милтиллашга етади. 20 минутдан бери чой ҳам қайнатолмайман. Эгаларим ўтмишим — ўчоққа қайтишган. Ҳа, шунақа. Манзилим — Учтепа тумани Чўпонота маҳалласи», — дея изоҳ қолдирган эди.

 

Учтепа тумани ҳокимлиги саҳифаси эса ушбу постга қуйидагича муносабат билдирди.

 

«Бўлди-да, Азизахон, нима қиласиз оловга ёғ сепиб? Ҳамма нарса назоратга олинган. Қани, бир кун келиб Учтепада ишланг-чи, кўраман. Бас қилинг халқ ғазабини қўзғатишни. Сиз нима қилиб бердингиз Учтепага? Тепада ўтириб, ақллилик қилиш нечоғлик осон-а? Мен ҳам сиз ўтирган жойда анчагина ўтирганман, лекин бунақанги катталик қилиб, бировнинг ғазабини келтирмаганман, Аллоҳга шукур».

 

Азиза Қурбонова ҳокимлик саҳифасини юритаётган шахснинг исми билан қизиққанда, шундай жавоб бўлди:

 

«Менинг исмим — Учтепа тумани ҳокимлиги ва мен халқимнинг оғир ва енгил кунларида ҳам бирга бўлиб, улар нафас олаётган ҳаводан нафас оламан, улар юрган йўллардан юраман, уларнинг дарди билан яшайман. Мана мен кимман, Азизабону. Ва сизга ҳам шуни тавсия қиламан. Ўзингиздан катталарга ҳурмат билан ёндашишни тавсия қиламан».

 

 

 

 

Шундан сўнг Азиза Қурбонова телеграм каналида ҳокимлик ахборот хизматининг савиясини танқидга олди.

 

«Тепадаги постимга Учтепа тумани ҳокимлигининг Фейсбукдаги аккаунти шундай жавоб берибди. Кўп эҳтимол билан бу матбуот хизмати бошлиғининг гаплари. «Тўрабек Тўраев?» деган саволимга жавоб ҳам бермади ва инкор ҳам этмади. Классик жавоб берилган-а, нима дедингиз? Яшасин, «нолийверма, сен ўзинг давлатга нима қилиб қўйдинг» клишеси.

 

Яшасин, ахборот хизматининг савияси.

 

Яшасин, халқининг оғир ва енгил кунларида бирга шу ҳаводан нафас олган ва олаётган, қачондир тепада (қайси тепалигига аниқлик киритилмаган) ишлаганида бировни ғазаблантирмаган ва «ақ(и)ллилик» қилмаган Учтепа тумани ҳокимлиги аккаунти.

 

Яшасин, оловга (қани ўша олов? 2 соатдан бери тефтел шўрвам қайнамайди) ёғ сепадиган ва ўзи туманга ҳеч нарса қилиб бермаган, катталарни ҳурмат қилмайдиган, Учтепа тумани ҳокимлиги аккаунти аввал ўтириб кўрган тепада ўтирадиган (қайси тепа экан, борардим ўшатга) ғаламис Азизабону. Мана ўзбекча crisis communication ва public relations’дан маҳорат дарси. Ўрганинглар. Эсиз, — деб ёзади журналист.

 

Аввалроқ Энергетика вазирлиги электр ва газ таъминотидаги муаммоларни тўғри тушунишга чақирган эди. Унда, хусусан, кунлар кескин совий бошлагандан сўнг истеъмолчиларнинг электр энергияси ва газга бўлган талаби ҳам ортиб бораётгани, шунингдек, совуқ кунларда магистраль газ қувурлари ва тармоқларида табиий газ босимининг ҳам кескин пасайиши кузатилаётгани маълум қилинганди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//