Президент Администрацияси ўқитувчиларни ортиқча вазифалардан озод қилиш бўйича кўрсатма берди

Сақлаш
20:01 / 10.11.2022 1193 0

Умумий ўрта таълим мактабларининг ўқитувчиларига таълим беришдан ташқари ортиқча вазифалар, жумладан, маҳаллаларда уйма-уй юриб, хатлов қилишга мажбурланаётгани хабар қилинган эди. Энди бу каби топшириқлар тақиқланади.

 

Халқ таълими вазирлиги ҳамда тегишли мутассаддиларга ўқитувчилар зиммасига юклатилган барча ортиқча вазифаларни инвентаризация қилиш ҳамда уларни тақиқлаш юзасидан администрация томонидан тегишли кўрсатма берилди. Бу ҳақда Президент Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжонов телеграм-каналида хабар берди.

 

Бундан олдинроқ Саида Мирзиёева ўқитувчиларни вазифасидан ташқаридаги юмушларга ноқонуний мажбурлаш борасида ҳам ўз муносабатини билдириб ўтганди:

 

«Ўқитувчиларни худди йигирма йил олдинги каби яна хонадонларни айланиб чиқишга ва ўқувчилар рўйхатини тузишга мажбур қилишаётгани ҳақида эшитиб, жуда хафа бўлдим.

 

Мен ўқитувчиларга бўлган муносабатни қайта кўриб чиқиш ўта зарур деб ҳисоблайман ва мутасаддилардан уларнинг зиммасига кераксиз ва ноқонуний вазифалар юклашни бас қилишларини сўраб қоламан.

 

Ўқитувчиларнинг асосий вазифаси — фарзандларимизга билим бериш орқали мамлакатимиз келажагини таъминлашдир.

 

Бунинг ўзи жуда мураккаб вазифа. Таълим йўналишида шундоқ ҳам муаммолар ғиж-ғиж бўлиб турганида, устига-устак ўқитувчилар гарданига яна қандайдир қўшимча вазифалар юклаш — бу энди ортиқча.

 

Ўқитувчиларни ортиқча ишларга мажбур қилиш нафақат мактабга, балки Ўзбекистон келажагига ҳам зарар етказади».

 

Мирзиёева барча масъул шахслардан ушбу муаммони имкон қадар тезроқ ҳал қилиш ва ўқитувчилардан дарс беришдан бошқа барча вазифаларни озод қилишини сўраган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//