Туркий давлатлар ташкилоти саммити тадбирлари доирасида 6 та кўргазма ташкил этилди

Сақлаш
15:45 / 10.11.2022 1414 0

Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Маданий мерос агентлиги томонидан Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммити доирасида Самарқандда 6 та кўргазма ташкил этилди. Бу ҳақда саммитда бўлиб турган  “Оyina.uz”  мухбири хабар бермоқда.

 

«Самарқанд – дўстлик ва диний бағрикенглик шаҳри» номли кўргазмада Самарқанд ҳудудида қадим замонлардан буён амал қилиб келинаётган турли динларга оид буюмлар намойиш этилмоқда. Шунингдек, экспозицияда Шоаҳмад Шомаҳмудовлар оиласи мисолида Иккинчи жаҳон уруши йилларида ўзбек халқининг инсонпарварлигига оид экспонатлар ўрин олган. Самарқанднинг турли даврлардаги почта табрикномалари намойишга қўйилган бўлим ҳам кишида қизиқиш уйғотади. Кўргазмада кўп миллатли Ўзбекистон, хусусан, Самарқанд ҳаётига оид кўплаб қизиқарли экспонатларни учратишингиз мумкин.

 

341 та экспонатдан иборат «Буюк ипак йўли» номли экспозиция халқимизнинг бой ўтмиши, маданияти ва жаҳон мамлакатлари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг тарихига бағишланган. Экспозициянинг марказида ипак, ип ва матоларнинг табиий манбаи бўлган ҳаёт дарахти – тут кўринишидаги композиция ўрин олган. Бу орқали ипак қуртидан мато олиш, унинг ўзига хосликлари акс эттирилган. Экспозиция залларида асосий эътибор Ўзбекистон цивилизациясининг антик даврида эришган асосий ютуқлари ва илк ўрта асрларда Буюк ипак йўли орқали савдо маданий алоқаларнинг ривожланиш босқичи билан маданий алоқаларнинг уйғунлиги акс эттирилган.

 

Ўзбекистон ранглари кўргазмасидан И.В.Савитский номидаги Давлат санъат музейи коллекцияси расмлари ўрин олган. 14 нафар рассомнинг Ўзбекистонга бағишланган 90 дан ортиқ ижодий асарларини кўриш мумкин.

 

Вақт сароблари кўргазмаси инсоният цивилизациясининг тараққиёт босқичларини ўзида акс эттирган. Милоддан аввалги II асрда ишланган қўл меҳнати ашёларидан бошлаб милодий XX асргача ясалган 200 га яқин ҳунармандчилик намуналари намойиш этилмоқда.

 

 

Туркий халқлар миллий либослари кўргазмасида эса Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Венгрия, Қирғизистон, Озарбойжон, Туркманистон мамлакатларининг миллий кийимларининг ўзига хослигини акс эттирувчи картиналар намойиш этилмоқда. Бу расмлар ўзбекистонлик ёш рассомлар томонидан чизилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//