Давлат хизматчилари томонидан олиниши мумкин бўлган совға қийматининг миқдори белгиланади

Сақлаш
21:54 / 08.11.2022 1174 0

Коррупцияга қарши кураш агентлиги давлат хизматчиларига берилиши мумкин бўлган совғалар тўғрисидаги ҳужжат лойиҳасини эълон қилди.

 

Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан олиниши мумкин бўлган совға қиймати бўйича қуйидаги миқдор белгиланади:

 

– Давлат фуқаролик хизматининг барча сиёсий гуруҳи, даража ва лавозимдаги давлат фуқаролик хизматчилари учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 (беш) бараваридан (барча солиқлар ва йиғимларни ҳисобга олган ҳолда) кўп бўлмаган миқдорда.

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳисобидан кетаётган делегация ёки алоҳида шахслар бундан мустасно.

 

Давлат фуқаролик хизматчиларига тақдим этилган совға меҳмон (мезбон) томоннинг рамзлари ва (ёки) логотипи туширилган эсдалик совғалар қиймати учун миқдор белгиланмайди ва бундай совғалар баҳоланмайди. Бундай совғаларни давлат фуқаролик хизматчиси ўз хоҳишига кўра тасарруф этади.

 

Тақдим этилган совғанинг миқдори белгиланган миқдордан ошган тақдирда, белгиланган миқдордан ошган қисми давлат фуқаролик хизматчиси томонидан давлат ташкилотига тўлаш орқали совғани тасарруф этиши мумкин.

 

Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан қабул қилинадиган совға:

 

– Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатлари ва давлат органининг ички идоравий ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлиши;

 

– ихтиёрий, аниқ бир сабаб, воқеа (ҳодиса) муносабати билан қабул қилиниши ва (ёки) тақдим этилиши ҳамда мазкур Низомнинг 5-бандида белгиланган миқдордан ошмаслиги ва дабдаба (ҳашамат) предмети бўлмаслиги;

 

– совғани қабул қилиш ёки тақдим этиш натижасида бирор бир тарафнинг шахсий манфаатдорлигини, шунингдек манфаатлар тўқнашуви ёки коррупциявий хавф-хатарларнинг келиб чиқишига олиб келмаслиги, хусусан, давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятида холис қарор қабул қилишига таъсир кўрсатадиган мажбуриятни юзага келтирмаслиги;

 

– совға хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирларда очиқ ва ошкора қабул қилиниши ва (ёки) тақдим этилиши, давлат органининг обрў-эътибори (нуфузи)га путур етишига олиб келмаслиги;

 

– давлат фуқаролик хизматчиси томонидан тақдим этиладиган совға унинг шахсий ҳисобидан амалга оширилмаслиги;

 

– совға бериш табрик нутқи билан бирга бўлиши, унда совға беришга сабаб бўлган воқеа (ҳодиса) ўзининг аниқ ифодасини топган бўлиши, шунингдек дипломатик протокол талабларига мувофиқ бўлиши лозим.

 

Давлат фуқаролик хизматчиси томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирларда совға тақдим этилишини талаб қилиш, сўраш ёки совға беришга мажбурлашга йўл қўйилмайди.

 

Хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан давлат фуқаролик хизматчиси совғани қабул қилиши натижасида манфаатлар тўқнашуви ёки коррупциявий хавф-хатарларнинг келиб чиқишига олиб келмаслиги, хусусан, давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятида холис қарор қабул қилишига таъсир кўрсатадиган мажбуриятни юзага келтирмаслиги лозим.

 

Хизмат фаолияти юзасидан совғаларни тақдим этишда давлат органининг белгилари ёки логотипи туширилган сувенир маҳсулоти (шунингдек брендли маҳсулоти) намуналари ҳамда Ўзбекистон Республикаси миллий рамзлари, халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати буюмлари бўлган хизмат фаолияти юзасидан совғаларга устуворлик берилади.

 

Давлат фуқаролик хизматчисига нақд ёки нақдсиз пул, қимматли қоғозлар, крипто валюта, барча турдаги ўқотар ва совуқ қуроллар, ўқ-дорилар, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар, кучли таъсир этувчи препаратлар, порнографик ва диний экстремистик хусусиятга эга бўлган нашр ҳамда материалларни совға сифатида қабул қилиш ёки тақдим этиш тақиқланади.

 

Давлат фуқаролик хизматчисига тақдим этилган гуллар, озиқ-овқатлар (кондитер маҳсулотлари ва б.), ташкилотларнинг канселярия тўпламлари (календарлар, буклетлар, ручка, блокнотлар) совға деб қабул қилинмайди ва расмийлаштирилмайди.

 

Хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан халқаро делегация раҳбарига тақдим этилган совға қийматидан қатъи назар давлат органи тасарруфига ўтказилади.

 

Бунда тақдим этилган совғалар баҳоланмайди ва давлат фуқаролик хизматчиси тасарруфига ўтказилмайди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//