Бугун Ойнинг тўлиқ тутилиши кутилмоқда

Сақлаш
16:25 / 08.11.2022 1489 0

Бугун Ер юзи аҳолиси Ой тутилишини кузатиши мумкин. Ушбу ҳодисанинг умумий давомийлиги 4 соатдан ортиқроқ бўлиб, тутилишнинг тўлиқ фазасида Ой юзаси 100 фоиз Ер соясида бўлади.

 

 

8 ноябр куни Ер юзи аҳолиси қизиқарли астрономик ҳодисалардан бири – тўлиқ Ой тутилишини кузатишлари мумкин. Ушбу тутилишнинг тўлиқ фазасида ой юзаси 100 фоиз Ер соясида бўлади. Ой тутилишининг умумий давомийлиги 4 соатдан ортиқроқ бўлиб, тутилишнинг тўлиқ фазаси 1 соат 25 дақиқа давом этади. Ушбу Ой тутилиши Ўзбекистонда қисман кузатилади – ўрта ҳисобда 1 соатдан кўпроқ тутилиш кузатилиши мумкин.

 

Ой тутилиши Ой чиқишидан аввал бошланади, шунинг учун Ўзбекистоннинг ҳамма ҳудудида тутилишнинг максимал фазази Ой уфқдан кўтарилганидан кейин бир неча дақиқа ўтиб кузатилади.  

 

Ушбу астрономик ҳодиса Сибир ва Узоқ шарқ, Янги Зеландия, ҳамда Шимолий Американинг шимоли-ғарбий қисмларида тўлиқ кузатилади. Марказий ва Жануби-Шарқий Осиё, Австралия, ҳамда Жанубий Америка мамлакатлари ҳудудларида уни қисман кузатиш имкони мавжуд (1-расм).

 

Тутилишни кузатиш мумкин бўлган ҳудудлар дунё харитасида

 

Тошкент вақти билан Ой тутилиши соат 14:08 да бошланади ва соат 15:16 да тўлиқ тўсилиш бошланиб, соат 15:59 да максимал фазага эришади. Соат 16:41 да тўлиқ тўсилиш тугайди, бироқ қисман тутилиш давом этади. Ой тутилиши соат 17:49 да якунига етади.

 

Тутилиш фазаларининг Тошкент вақти бўйича бошланиш вақти

 

Тошкентда соат 17:06 да Ой уфқдан кўтарилади ва бу вақтда Ой юзасининг 60 фоиздан кўпроқ қисми Ер соясида бўлади. Соат 17:09 да қисман Ой тутилишининг максимал фазаси кузатилади. Бунда Ой юзасининг 62 фоизи Ер соясида бўлади. Бу вақтда Ойнинг горизонтдан баландлиги 1 даражага яқин бурчакни ташкил қилади. Тошкент шаҳрида Ой тутилишининг умумий давомийлиги 43 дақиқани ташкил этади.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг ғарбий ҳудудлари, яъни Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида қисман Ой тутилиши жуда кичик фазада кузатилади. Навоий, Бухоро Самарқанд, Қарши, Жиззах ва Термиз ҳудудлари аҳолиши эса 25-35 фоиз тўсилиш гувоҳи бўлиши мумкин. Тошкент, Гулистон, Фарғона, Наманган ва Андижон ҳудудларида эса тутилиш фазаси максимуми 50 фоиздан 78 фоизгача бўлади (2-жадвал). Ой тутилиши Ой горизонтдан кўтарилишидан аввал бошланган бўлади. Шунинг учун Ўзбекистоннинг аксарят ҳудудларида тутилишнинг максимал фазази Ой уфқдан кўтарилганидан кейин бир неча дақиқа ўтиб кузатилади. Ушбу тутилишни энг узоқ вақт ва энг катта фазасига Андижон вилояти аҳолиси гувоҳ бўлиши мумкин. Андижонда тутилиш фазаси максимуми 78 фоиз бўлиб, давомийлиги 54 дақиқани ташкил этади.

 

Тўлиқ Ой тутилиши ҳақида қисқача маълумот

 

Тўлиқ Ой тутилиши деб, Қуёш-Ер-Ой бир чизиққа жойлашиб, Ой юзасининг тўлиқ Ер соясига киришига айтилади. Тўлиқ Ой тутилиши Қуёш тутилишидан фарқли ҳолда, узоқ вақт давом этади.

 

 

Шу ўринда айрим кўрсатмалар ва тавсиялар:

 

Ой тутилишини қуролланмаган кўз билан кузатиш мумкин. Ой тутилиши қуролланмаган кўз билан кўриш хавфсиз. Ой тутилишини кузатиш Қуёш тутилишидан фарқли ўлароқ, Ойнинг тўлиқ тутилишини кузатиш учун ҳеч қандай махсус жиҳозларни талаб қилмайди.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//