Жамият
7 ноябрь куни пойтахтга ташриф буюрган Санкт-Петербург шаҳри губернатори Александр Беглов ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Ғалаба боғида қурилиши режалаштирилган Ленинград монументи ҳайкалига тамал тошини қўйишди.
Ушбу ҳайкал қамалдаги Ленинграддан эвакуация қилинганларни қабул қилган ўзбек халқига миннатдорлик белгиси сифатида ўрнатилади, дейилади хабарда.
«Ленинградлик-петербургликлар қалбида қамалда қолган, Ленинградни ҳимоя қилган ўзбек аскарларига чуқур миннатдорлик ҳисси бор. Бизни минглаб эвакуация қилинган ленинградликларни ўз ерларига қабул қилган республика аҳолиси хотираси бирлаштиради», — деди Александр Беглов.
Фото: Санкт-Петербург админстрацияси матбуот хизмати
Шунингдек , у Санкт-Петербург номидан Иккинчи жаҳон уруши йилларида 5 мингдан ортиқ Ленинград блокадасидан омон қолганларга бошпана берган Ўзбекистонга чуқур миннатдорлик билдирди.
Пойтахт ҳокимлигида Санкт-Петербург шаҳрининг губернатори Александр Беглов бошчилигида Шимолий пойтахтнинг ижро ҳокимияти, савдо-иқтисодий, маданий ва ишбилармон доиралари вакилларидан иборат делегациясининг ташрифи бўлиб ўтди, дея хабар берди Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.
Александр Беглов Санкт-Петербургни Тошкент ва Россиянинг шимоли-ғарбий минтақаси билан ҳамкорлиги учун алоқа марказига айланишга тайёрлигини таъкидлади, бу «шубҳасиз, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳажмини оширишга хизмат қилишини» қайд этди.
Санкт-Петербург раҳбари, шунингдек, шаҳар мева-сабзавот, тўқимачилик маҳсулотлари етказиб беришни кенгайтириш, тиббиёт туризмини ривожлантириш, таълим, экология, иқтисодиёт, ижтимоий ва ёшлар сиёсати, меҳнат миграцияси, қурилиш соҳаларида ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканини айтди.
Тошкент ҳокими Санкт-Петербургда Ўзбекистон тўқимачилик ярмаркасини ташкил этишни таклиф қилди ва Россиянинг шимолий пойтахти инвесторлари иштирокида Тошкентда мебел ишлаб чиқаришни кенгайтиришдан манфаатдор эканини маълум қилди.
Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати
«Петербургликлар Ўзбекистондан келаётган юқори сифатли мева-сабзавот маҳсулотларини яхши билишади ва қадрлашади. Шаҳримиз таъминотни кенгайтиришдан манфаатдор. Биз Санкт-Петербургда Ўзбекистондан маҳсулотларни тарқатиш ва сотишга йўналтирилган улгуржи тарқатиш марказлари тармоғини яратиш лойиҳасини амалга ошириш имкониятини кўриб чиқяпмиз», – деди Александр Беглов. Учрашув иштирокчилари меҳнат миграцияси соҳасида ҳам алоқаларни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади.
Губернатор Отриқхўжаевга 2023 йилда Санкт-Петербургда Тошкент кунларини ўтказиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилди. Учрашув иштирокчилари туризмни, жумладан, тиббий туризмни ривожлантириш истиқболларини ҳам муҳокама қилди.
Тошкент шаҳар ҳокими Санкт-Петербургнинг соғлиқни сақлаш, таълим, иқтисодиёт, савдо, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, меҳнат муносабатлари ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.
Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати
Учрашув якунида томонлар — Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Санкт-Петербург ҳукумати ўртасида 2022−2026 йилларга мўлжалланган савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий соҳалардаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасини имзолади.
Режа савдо-иқтисодий ва гуманитар алоқаларни ривожлантириш бўйича бандларни ўз ичига олган бўлиб, шу қаторда меҳнат ва ижтимоий сиёсат, фан ва таълим, уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш, маданият ва спорт, экология, ёшлар соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштиришни назарда тутади.
Жамият
Жамият
Маданият
Жаҳон
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ