Спорт
Шавкат Мирзиёев 3 ноябрь куни жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, тақдимотда спорт таълимини ривожлантириш, соҳага илмий ёндашувларни татбиқ этиш борасида тайёрланган режа-таклифлар кўриб чиқилган. Улар учта йўналишни қамраб олган:
– Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда унинг Нукус ва Фарғона филиалларида таълим сифатини ошириш;
– спорт таълими муассасаларида бошқарув тизимини такомиллаштириш;
– соҳада илмий тадқиқотлар тизимини яхшилаш.
2023–2024-ўқув йилидан бошлаб таълим дастурлари етакчи хорижий университетларнинг дастурига кўра шакллантирилади. Барча бакалавриат ва магистратура йўналишларига оид малака талаблари қайта кўриб чиқилади, ўқитувчилар ва битирувчиларнинг билими, маҳорати ва педагогик кўникмаларини баҳоловчи компетенсиявий сертификатлаш йўлга қўйилади.
Бугунги кунда долзарб бўлмаган 5 та бакалавриат йўналиши тугатилиб, 2 та магистратура мутахассислиги ташкил этилади. Ўқув ва машғулотлар жараёнига федерацияларнинг тажрибали мутахассислари ҳамда хорижий экспертлар жалб қилинади.
Спорт соҳасида фахрий унвон ва тоифа даражасига эга бўлган, нуфузли халқаро мусобақаларда ғолиб бўлган абитуриентлар касбий имтиҳонларни топширишдан озод қилинади. Талабаларни рағбатлантириш учун Паҳлавон Маҳмуд номидаги давлат стипендияси жорий этилади. Иқтидорли битирувчиларга спорт бўйича ҳакам ҳамда иккинчи тоифали тренер мақоми берилади.
Таълим ва илм боғлиқлигини мустаҳкамлаш учун ягона кузатув кенгаши тузиш режалаштирилган. Бу кенгаш спорт муассасаларининг бошқарув, ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва маънавий-маърифий фаолиятини самарали ташкил қилишга бош-қош бўлади.
Шунингдек, Жисмоний тарбия ва спорт университетининг илмий салоҳиятини 45 фоизгача чиқариш, профессор-ўқитувчиларнинг фаолияти натижадорлигини ошириш, янги ишланма ва технологияларни жорий этиб, халқаро рейтингларга кириш мақсадлари белгиланмоқда.
Фото: Президент матбуот хизмати
Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлари институтига спорт биомеханикаси, физиологияси, фармакологияси ва генетикаси бўйича тадқиқотлар олиб бориш, илмий-инновацион фаолият натижаларини трансфер қилиш ва тижоратлаштириш, стартап лойиҳаларни амалга ошириш каби янги вазифалар юклатилмоқда.
Илмий изланишларни қўллаб-қувватлаш ва натижадорлигини ошириш, ёш кадрларни хорижий ўқув юртларига фалсафа доктори (PhD) даражасини ҳимоя қилиш учун юбориш ҳам назарда тутилган.
Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида Олимпия шаҳарчаси қурилмоқда. Осиё ўйинлари ўтганидан сўнг, бу мажмуага Спортни ривожлантириш вазирлиги, спорт федерациялари ҳамда 2025 йилда фаолият бошлайдиган Ўзбекистон давлат спорт академияси жойлаштирилиши мўлжалланган.
Давлат раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, қўшимча кўрсатмалар берган.
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ