Бухородаги қулаган бино қурилишида хавфсизлик талабларига риоя қилинмагани маълум қилинди

Сақлаш
20:57 / 01.11.2022 1192 0

31 октябр куни Бухоро шаҳар “Дўстлик” МФЙ Т.Фароғий кўчасида жойлашган қурилиши тугалланмаган 3 қаватли бино қулаб тушгани ва бунинг оқибатида бир нафар қурувчи жароҳатлангани бўйича хабар эълон қилинганди.

 

Қурилиш вазирлигининг расмий муносабатига кўра, Бухородаги қурилиши тугалланмаган бинода етарлича мустаҳкамликка эга бўлмаган тўсин (ригелга)га ҳаддан ортиқ қурилиш материаллари юклангани сабаб рама конструкциясининг ригел қисмида авария юзага келган. Қурилиш жараёнида ишлаб чиқариш технологиясига, хавфсизлик талабларига риоя қилинмаган.

 

Шунингдек, маълум қилинишича, бино қурилиши кетаётган жой 2021 йил 25 сентябрда Бухоро шаҳар Қурилиш бўлими томонидан “Когон қурувчи монтажчи” МЧЖга биринчи қаватида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш, умумий овқатланиш ҳамда юқори қаватларида меҳмонхона қуриш мақсадида ажратилган ва бунинг учун рухсатнома ҳам берилган.

 

Бинонинг лойиҳа-смета ҳужжатларини “Бухара Перфеcт Прожект” МЧЖ ишлаб чиққан бўлиб, бино бош режаси, фасад кўринишлари Қурилиш бош бошқармаси томонидан тасдиқланган.

 

“Шундан сўнг ушбу объектнинг шаҳарсозлик меъёрий ҳужжатлари учун йиғма экспертиза хулосаси “Бахтиёр Эксперт Строй Плюс” МЧЖ томонидан тайёрлаб берилган.

 

Шу йил 17 февралда “Когон қурувчи монтажчи” МЧЖнинг мурожаатига асосан объект Бухоро вилояти Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан рўйхатдан ўтган”, – дейилади расмий хабарда.

 

Қўшимча қилинишича, бино қурилиш жараёнлари ҳудудий инспекция томонидан доимий назорат қилиниб, “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими орқали буюртмачи, лойиҳачи ташкилотларига инспекциянинг электрон кўрсатмалари тақдим этилган.

 

Эслатиб ўтамиз, бино қулаши оқибатида жароҳатланган қурувчи ўша вақтнинг ўзида Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига ётқизилган. Ҳозирча унинг аҳволи бўйича расмий маълумотлар берилганича йўқ.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//