Қанқа ёдгорлигида VII-VIII асрларга оид иншоот қолдиқлари топилди

Сақлаш
22:57 / 28.10.2022 1651 0

Ўзбекистон Фанлар академиясининг Миллий археология маркази Қанқа комплекс экспедициясининг 2022 йилда Тошкент воҳасининг Қанқа ёдгорлигида олиб борган археологик изланишлари давомида воҳанинг ўрта асрлар тарихига оид янги маълумотлари қўлга киритилди. Бу ҳақда Академия Матбуот хизмати хабар берди. 

 

Қайд этилишича, экспедиция давомида  XI-XII асрлар билан даврлаштирилган узунлиги 12 метр, кенглиги 6,30 м бўлган катта зал очилган. Залнинг кириш қисми поли пишиқ ғиштлар билан терилган бўлиб, ён деворлари қалинлиги 1,30 м кенгликда эканлиги унинг маҳобатли иншоот эканидан далолат берган.

 

Шунингдек, залнинг жанубий-ғарбий бурчагидаги ён деворларида ҳам пишиқ ғишт билан қопланган махсус жой қилинган бўлиб, кучли олов оқибатида куйганлиги бу ерда ёғочдан ишланган пештоқ ҳам мавжуд бўлганидан далолат беради. Мазкур жойда ёнғин натижасида пештоқдан қулаб тушган йирик ёғоч қолдиқлари олиниб, уларнинг сақланганлари синчиклаб ўрганилган.  Натижада, юза қисмлари ўйма нақшлар билан безатилгани аниқланган.

 

Бундан ташқари, қазув ишлари давомида Ўрта аср қатламлари остида илк ўрта асрларга оид бўлган яна бир йирик иншоот қолдиқлари очилган. Ушбу иншоот Қанқа ёдгорлигининг Илк ўрта асрларга тегишли ибодатхонаси шарқий тарафида жойлашган. Шу сабабли ушбу йирик қурилиш қолдиқлари ибодатхона билан бевосита боғлиқ дея хулоса қилиш мумкин.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//