АҚШ билан маданий бойликка доир муҳим битим имзоланади

Сақлаш
19:45 / 28.10.2022 1600 0

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида  археологик ва этнологик материаллар бўйича маданий бойлик тўғрисида битим имзоланиши кутилмоқда. АҚШ Давлат департаменти Таълим ва маданият масалалари бюроси қошидаги Маданий мерос маркази директори Эрик Катальфамо ва таҳлилчи Энн Комптоннинг Ўзбекистонга 9 кунлик ташрифи давомида ана шу масала муҳокама этилди.

 

АҚШ элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, меҳмонлар Ўзбекистон туризм ва маданий мерос вазирлиги, божхона қўмитаси, бош прокуратура ва бошқа манфаатдор ташкилот вакиллари билан маданий мулк бўйича келишувга эришиш учун йўл харитаси яратиш ҳақида гаплашди.

 

«Биз Ўзбекистонга ташриф буюриб, унинг бой маданий меросини ўз кўзимиз билан кўришдан жуда хурсандмиз ва ҳукуматнинг уни асраб-авайлаш, муҳофаза қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини олқишлаймиз», – деди Маданий мерос маркази директори Э.Катальфамо.

 

Бу борада битим имзоланиши маданий бойликларнинг маълум бир турларини Қўшма Штатларга импорт қилиниши борасида чекловларни юзага келтириб, ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга замин ҳозирлайди. Импорт чекловлари эса талон-торож қилинган объектларнинг АҚШга киришига тўсқинлик қилади ва уларни мамлакатга қайтаришни осонлаштиради.

 

Маданий мулк бу – инсоният тарихи ва маданиятлар хилма-хиллигини ўрганиш учун муҳим бўлган ноёб ва қайта тикланмайдиган манбадир. Маданий бойликларнинг умумий турларига археологик ашёлар, нодир қўлёзмалар ва маросимларда фойдаланиладиган буюмлар киради. Давлат департаменти тизимидаги Маданий мерос маркази маданий бойликларни ноқонуний савдодан ҳимоя қилиш ҳамда халқаро кўргазмалар ва тадқиқот учун маданий бойликларнинг қонуний алмашинувини рағбатлантириш бўйича Вашингтон сиёсатини ишлаб чиқишда асосий роль ўйнайди.

 

Ҳозирга қадар 25 та давлат АҚШ билан маданий мулк тўғрисида битим тузган. Битим тузиш ҳақида қарор қилишдан аввал Маданий мерос маркази одатда талабгор мамлакат маданий мероси бўйича чуқур тадқиқотлар олиб боради.

 

Қўшма Штатлар Ўзбекистон маданий меросини муҳофаза этишга асосан АҚШ элчиларининг маданий меросни асраш жамғармаси (AFCP) орқали кўмак кўрсатиб келмоқда. Жамғарма 2001 йилдан буён Ўзбекистонда 14 та лойиҳа, жумладан, Хивадаги XIX асрга оид Тошҳовли саройини сақлаб қолиш, Бухоро, Самарқанд ва Тошкентдаги бир қанча коллекция ва тарихий биноларни асараб-авайлаш учун қарийб 900 минг доллар маблағ ажратди. Бухородаги Арк давлат музей-қўриқхонасидаги тош асри ва ўрта асрларга оид 700 дан зиёд археологик артефакт ҳамда Афросиёб музейида (Самарқанд) сақланаётган «Элчилар» деб номланган ноёб сурат ҳам ушбу жамғарма кўмагида таъмирланган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//