Ўзбекистонда 25 октябрь куни қуёш тутилади. Бироқ республика аҳолиси буни кузата олмаслиги мумкин

Сақлаш
14:11 / 24.10.2022 1028 0

Ер юзи аҳолиси 25 октябрь, сешанба куни астрономик ҳодисалардан бири — Қуёш тутилишини кузатиши мумкин.

 

Ўзбекистон Фанлар академияси матбуот хизматининг маълум қилишича, ушбу тутилиш қисман Қуёш тутилиши ҳисобланиб, тутилишнинг тўлиқ фазасида Қуёш юзасининг деярли 82 фоизини тўсади. Қуёш тутилишининг умумий давомийлиги 4 соатдан ортиқроқ бўлиб, Ўзбекистонда унинг 2 соатдан зиёдроқ қисми кузатилади.

 

Ушбу астрономик ҳодисани Исландия ва Гренландия ороли, Африканинг шимоли-шарқий қисми, Европа, Яқин Шарқ, Ғарбий Сибир ва Ўрта Осиё мамлакатлари аҳолиси кузатиши мумкин.

 

Ўзбекистоннинг ҳамма ҳудудида қисман Қуёш тутилиши деярли бир хил катта фазада кузатилади. Максимум фазада Қуёш юзасининг 68% гача бўлган қисми Ой томонидан тўсилади. Қуёш тутилиши Тошкент вақти билан 15:23 да бошланиб, максимал фазаси 16:34 га тўғри келади, соат 17:38 да Қуёш тутилиши якунланади.

 

«Ўзгидромет» мутахассиси Эркин Абдулаҳатовнинг ёзишича, мазкур ҳодисани 23—26 октябрь кунлари республикага кириб келиши кутилаётган нам ҳаво оқимлари сўнгги босқичларидан бири сабаб республика аҳолиси кузата олмаслиги мумкин.

 

Боиси 25 октябрь тушдан сўнг 14:00 дан 16:00 оралиғида республика осмонини булут қоплайди. Фақат Қизилқум чўллари ғарбий ва Тошкент вилояти баъзи қисмлари бундан мустасно.

 

Маълумот ўрнида, қисман Қуёш тутилиши деб Қуёш юзасининг маълум бир қисми Ой томонидан тўсилиши ҳолатига айтилади. Қуёш тутилишининг қисман бўлиши Ой ва Қуёш марказларининг устма-уст тушмасдан тўсилиши билан изоҳланади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//