Марғилонда «Атлас байрами» доирасида миллий тўқимачилик бўйича тренинглар бўлиб ўтди

Сақлаш
22:04 / 21.10.2022 1727 0

Марғилон шаҳрида ўтказилган бешинчи анъанавий халқаро «Атлас байрами» тўқимачилик фестивали доирасида миллий тўқимачилик  бўйича тренингларда Ўзбекистон ҳамда Қирғизистондан вакиллар қатнашди. Қирғизистонлик ҳунармандларнинг бу тренингларда иштироки БМТнинг«Ўзаро ҳамкорлик орқали Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг чегараолди ҳудудларини ривожлантириш» қўшма лойиҳаси доираси ташкиллаштирилган. Бу ҳақда ташкилотнинг аҳолишунослик бўйича жамғармасининг жамоатчилик билан ишлаш бўйича мутахассиси Назокат Файзуллаева хабар берди.

 

Қайд этилишича, ушбу қўшма лойиҳа БМТнинг Тинчлик ўрнатиш жамғармаси томонидан молиялаштирилаётган бўлиб, ташкилотнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) ва БМТнинг Аҳолишунослик ташкилоти (UNFPA) томонидан Ўзбекистон ва Қирғизистонда амалга оширилмоқда.

 

Қўшма лойиҳа Ўзбекистоннинг Наманган ва Фарғона вилоятларида ва Қирғизистоннинг Жалолобод ва Ўш вилоятларидаги чегараолди қишлоқларида ўтказилаётган бўлиб, чегараорти экологик ва ижтимоий-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган. Бунда тинчлик ўрнатишнинг муҳим агентлари сифатида аёллар ва ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш асосий йўналишлардан бири сифатида белгилаб қўйилган.

 

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги

 

Маълум қилинишича, 16-19 октябрь кунлари бўлиб ўтган фестиваль доирасида ташкил қилинган тренингларда қўшма лойиҳанинг Қирғизистонда танланган ҳудудларидан 8 киши ва Ўзбекистондан эса 19 киши қатнашди.

 

«Фестиваль қирғиз ва ўзбек халқлари ўртасида маданий алмашув учун ҳам етарли шароитлар яратиб берди. Бу каби фестивалларда қўшни республикалардан вакилларнинг қатнашиши яхши қўшничилик алоқаларининг мустаҳкамланиши, ўзаро ишонч ва дўстликнинг ошишига хизмат қилади», дейилади хабарда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//