Туркий давлатлар ташкилоти доирасида муфтийлар Кенгаши ташкил қилинади

Сақлаш
21:47 / 21.10.2022 1563 0

19-20 октябрь кунлари Озарбойжоннинг Боку ва Шуша шаҳарларида Туркий давлатлар ташкилоти Муфтийлар кенгашининг III-йиғилиши бўлиб ўтди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизматининг маълум қилишича, тадбирда Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Бағдод Амриев, Туркий давлатлар муфтийлари, исломшунос олимлар, эксперт ва диний соҳа ходимлари қатнашган. Ўзбекистон номидан муфтий Нуриддин Холиқназаров қатнашган ушбу халқаро тадбир доирасида «Туркий давлатлар ташкилоти мусулмон диний ташкилотларининг раҳбарлари кенгашини ташкил қилиш тўғрисида»ги Низом тасдиқланди.

 

Маросимда сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров ушбу Низом туркий халқлар тинчлиги ва фаровонлигини мустаҳкамлаш, муштарак қадриятларни кенг ёйиш, ўзаро тажриба алмашиш ва турли соҳалардаги алоқаларни янада равнақ топтиришга хизмат қилишини билдирди.

 

Фото: muslim.uz

 

Шунингдек, Туркий дунёнинг диний идоралари ўртасидаги алоқаларини мустаҳкамлаш, глобал муаммоларга биргаликда ечим топиш ва Ислом дини софлигини асраш борасидаги имкониятларни бирлаштириш бугунги кунда жуда ҳам муҳим эканлиги таъкидланди.

 

Муфтий Нуриддин Холиқназаров Имом Мотуридий таълимотини чуқур тадқиқ этиш ва кенг ёйишга бағишланган Туркий давлатлар уламолари Форумини 2023 йилда Ўзбекистоннинг қадим Самарқанд шаҳрида ўтказишни таклиф қилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//