Жабрланган «Тез ёрдам» ходими «Соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди

Сақлаш
15:58 / 18.10.2022 979 0

Тошкент шаҳрининг Миробод туманида «Тез ёрдам» ходимлари калтаклангани ҳақида хабар берилганди. Айни пайтда ушбу ҳодиса оқибатида жиддий тан жароҳати олган «103» ҳайдовчиси И.Ҳ. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида тегишли муолажаларни олмоқда.

 

Дастлабки текширувлар натижасида унга «Бош мия ёпиқ шикастланиши, бош мия чайқалиши, чап тизза соҳаси юмшоқ тўқималарининг лат ейиши» ташхиси қўйилган.

 

Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг нейрохирургия бўлимида даволанаётган бемор ҳолидан хабар олди.

 

«Афсуски, кейинги пайтларда ўз хизмат вазифасини ўтаётган шифокор ва ҳамширалар, айниқса, «Тез ёрдам» ходимларига нисбатан куч ишлатиш ҳолатлари тез-тез учрамоқда. Аҳолининг соғлиғини ҳимоя қилишда ўзини аямай жон куйдираётган тизим ходимларига тажовуз қилган кимсаларга нисбатан қонунчиликда қатъий жавобгарлик белгиланиши устида ишланмоқда. Ўйлайманки, қонунчиликка киритилаётган бу ўзгаришлар соҳа вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим асос бўлади», — деди Беҳзод Мусаев.

 

Вазир бемор билан мулоқот давомида унга тезроқ соғайишини тилаб, муштумзўр фуқарога нисбатан қонунда белгиланган тартибда жазо белгиланиши учун барча зарур чоралар кўрилишини маълум қилди.

 

Мулоқот сўнгида ўз хизмат вазифасига масъулият билан ёндашиб, муҳим дақиқаларда тезкорлик ва профессионаллик сифатларини намоён этган тез тиббий ёрдам бригадаси ходимига «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони берилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//