"Facebook"нинг мета олами: ҳайратомуз келажак ёхуд қўрқинчли дунё

Сақлаш
20:52 / 30.10.2021 1239 0

"Мета"нинг келажакдаги режалари ҳақида кеча (собиқ) "Facebook" тақдим этган бир соатлик презентацияни кўриб чиқдим.

Компания раҳбари Марк Цукерберг келаси 10 йилда амалга оширишни режалаётган ишлари, интернет ва виртуал/реал воқеликда юз бериши кутилаётган ўзгаришлар ҳақида гапирди ва кўрсатиб берди. Экранда кўрганларим одамнинг оғзини ланг очадиган даражада ҳайратланарли ва завқли. Бошқа томондан эса қўрқинчли. Нимаси завқли ва нимаси қўрқинчли экани ҳақида қуйида тўхталаман.

Виртуал дунёнинг чексиз имкониятлари

Келажакда реал ва виртуал дунё ўртасидаги фарқ қисқариб боради. VR (Virtual Reality) ва  AR (Augmented Reality)  мосламалари орқали виртуал дунёда яратилган шаҳарларда, фантастик оламда яшашингиз мумкин. Ўзингизнинг ҳашаматли уйингиз ҳам бўлади. Сиз бу оламда кўрадиган ва ҳис қиладиган борлиқ реал дунёдан деярли фарқ қилмайди.

Телепортация реалликка айланмоқда. Америкадан туриб Ўзбекистондаги ота ҳовлимга бориб, ота-онамнинг олдида, супачада чой ичиб, суҳбатлашиб ўтиришим мумкин.

Билим олиш осонлашади ва бу жараён зерикарли эмас, завқли ишга айланади. Тарихга, узоқ ўтмишга саёҳат қилиб, қадимги Римда юз берган воқеаларни ўша воқеалар ичида иштирок этган ҳолда ўрганишингиз мумкин. Император Юлий Цезар мажлисларида иштирок этишингиз, Иккинчи Жаҳон урушининг қақшатқич жангларида сиз ҳам оддий аскар каби қурол кўтариб югуриб юришингиз мумкин. Астрономия фанида юлдузларга, олис галактикаларга саёҳат қиласиз. Биология фанида океан тубига тушиб, микроскопик митти денгиз жонзотларини ёнидан туриб томоша қиласиз.

Янгиликлар, концертлар, шоулар ҳам энди уч ўлчамли бўлади. Қаердадир нимадир юз берса, концерт бўлса, конференциялар ўтказилса, бир сонияда ўша ерга бориб, ҳозиру-нозир бўлишингиз мумкин.

Офисларга бориб ишлаш энди ўтмишга айланади. Чунки виртуал офисга кириб, ҳамма ҳамкасбларингиз билан ёнма-ён ўтирган ҳолда бемалол ишлашингиз мумкин.

Телевизор, монитор, экран каби жиҳозлар бутунлай йўқолиб кетади. Чунки VR мосламаси орқали ҳар қандай жойда исталган ҳажмдаги сунъий экранни ярата оласиз ва у орқали хоҳлаган ишингизни бажаришингиз, хоҳлаган филмингизни томоша қилишингиз мумкин.

Ўйинларни, чексиз даражада имкониятлар ва фантазияларни тақдим этувчи кўнгилочар дастурларни гапирмаса ҳам бўлади. VR ўйинлар аллақачон оммалашиб, миллиардлаб доллар пул айланадиган бизнесга айланиб улгурган.

Хавотир нимада?

Энди қўрқинчли томонига тўхталаман. "Facebook", "Instagram" каби дастурлар шундоқ ҳам аллақачон вақтимизни энг кўп ўғирлайдиган матоҳларга айланган. Энди улар қаторига виртуал воқелик хизматлари қўшилса, ҳолимиз нима бўлади? VR мосламалари смартфонлардек оммалашган, Цукербергнинг "metaverse" дунёси реалликка айланган кун қандай бўлишини тасаввур қила оласизми?

Виртуал воқелик реал воқелик билан деярли фарқлаб бўлмас даражага етса, одам нафсига ёқадиган ҳамма фантазиялар билан тўла бу сунъий дунёдан чиқиб, ўзимизнинг совуқ, лекин ҳақиқий оламимизга қайта оламизми? Қайси дунёда кўпроқ вақт ўтказамиз?

Бу нарса жамиятларга, оилаларга, анъанавий ҳаёт тарзига қанчалик таъсир қилади? Инсонларнинг бир-бири билан ҳақиқий, жисмоний ва руҳий муносабатлари қанчалик ўзгаради?

Хуллас, булар жиддий хавотир уйғотадиган, лекин ҳали жавоби аниқ бўлмаган саволлар.

Келажак қизиқ ва айни пайтда етарли даражада хавотирли. Сиз бу ҳақда нима деб ўйлайсиз?

 

Беҳзод Мамадиев

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//