Муҳаббат Шарапова


15:11 / 16.11.2021 1422 0

 

1949 йил 24 январда Шаҳрисабз шаҳрида туғилган.

1971 йили Самарқанд давлат университетини тугатиб, ўзи таҳсил олган 5-мактабда ўқитувчилик фаолиятини бошлаган.

1991 йили “Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси”,

1996 йили “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.

2000 йилдан бошлаб Қарши 2-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаб-интернатида педагогик фаолиятини давом эттирган.

2007 йили “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими”,

2016 йили “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан мукофотланган.

 

Ҳаёт – ишқнинг қуёш нурлари янглиғ тарқаб кетган толалари. Кимнинг ишқи нимага тушади, қаерга тушади – бу умр йўлларига қарасагина кўринади. Ҳадемай етмиш икки довонини босиб ўтаётган Муҳаббат опа Шароповага қараб, бу довонлардан осон ошиб ўтилмаганлиги­ни англаса бўлади.

– Отам ички ишлар тизимида турли лавозимларда ишла­ганлари учун биз ҳам кўчиб юрганмиз. Мен Шаҳрисабзда, укам Чироқчи туманида туғилганмиз. Саккиз нафар эдик. Отам кўпинча ишда бўлганлиги туфайли тарбиямиз онам раҳмат­лининг чекига тушганди. Хонадонимизда нон узилиб қолиши, кийим-кечакдан қийналишимиз мумкин эди. Аммо зинҳор дафтар-китобимиз узилмасди. Жуда қатъий тартибда дарс тай­ёрлардик.

Муҳаббат опанинг кўзлари ёшланди. Стол устида ҳамиша глобус туриши, уй деворида харита осиғлик бўлиши бу саккиз нафар фарзандни вояга етказаётган Ҳаловат аянинг илмга бўлган ишқи эди. Саккизинчи синфгача ўқиб, рўзғор ташви­шига андармон бўлган, олий маълумот олиб, ўқитувчи бўлиш­ни орзулаб ўтган Ҳаловат аянинг ўз армонлари ифодаси эди. Болалар моддий зориқишса ҳам маънавий қувватдан бебаҳра эмасди. Ниҳоят, она полапонларини илм сари учирма қилди. Оилада агроном, инженер, ўқитувчи борлиги учун Муҳаббат опа шифокор бўлишни ният қилганди. Аммо онаси математика фани ўқитувчиси бўлишини хоҳлагани учун сўзини икки қила олмади.

Ўқишни тугатиб, Қарши шаҳридаги 5-мактабда иш бошла­ди. Тезда математик сифатида тилга тушди. Ўзи танламаган бўлса ҳам ўқитувчилик касбига юракдан меҳр қўйди. Йигирма тўққиз йил бир мактабда ишлади.

Муҳаббат Шаропова дарс берган мактаб математика бўйи­ча олди сафга ўтди, машҳур бўлди. Вилоятнинг турли туманла­ридан шу фанга қизиқувчи болалар келиб опадан сабоқ олиш­га интиларди. Математика фанига қизиққан ёшларга сабоқ беришнинг турли йўналишлари хусусида бош қотира бошлади. Вилоятда биринчи бўлиб болалар учун математикадан қўллан­малар ёзди. 1995-1996 ўқув йилида давлат тест маркази эълон қилган “Математика бўйича тест саволларининг ечимлари”, “5-синф учун математика дарсига илова”, “7-синф учун геометрия фанидан ўтказиладиган ноанъанавий дарс”, ”Математика чуқур ўргатиладиган синфларда 9-ва 11-синф битирувчилари учун математикадан қўшимча топшириқ материаллари” каби ўнлаб қўлланма ва рисолалари дунё юзини кўрди. Унинг ўқув­чилари 22 марта республика олимпиадасида, 9 марта халқаро танловларда ғолиб бўлишди.

Ҳаётининг энг ёрқин лаҳзалари ҳақи­да сўз кетганда опа шундай дейди: “Ўзбе­кистон Қаҳрамони бўлдим. Кўз ўнгимда бизни ўқитиш учун фаррош бўлиб ишлаган онам, меҳрибон отам, касбимнинг заҳма­тига мардларча кўнган ва қўллаган тур­муш ўртоғим, мактабдан қайтишимни қош қорайгунча кутган қизалоғим гавдаланди. Ҳамкасбларим, шогирдларим қутловлари қалбимга шукуҳ берди. Мен, оддий математика ўқитувчиси учун бу ҳаяжонли эди...

Муаллима етмиш ёшдан ошиб ҳам эл хизматида, Халқ депутатлари вилоят Кен­гаши депутати сифатида жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган опанинг ёшларга са­боқ бўлса арзирли ғайрати, шижоати бор.

Ўзбекистон Қаҳрамонининг ҳар сўзида ҳикмат, ҳар одимида ибрат бор. Бу унвон ҳузуридан, ҳаловатидан кечиб, ҳаётини таълим тизимига бағишлаган ўзбек аёлига нақадар муносиб. Қаҳрамон қиз тарбияла­ган Ҳаловат аянинг руҳлари шод бўлсин. Бу­гун республикамизнинг турли жабҳаларида ишлаётганлар орасида опанинг минглаб шогирдлари бор.

Ўзини унутиб, ҳаловатсиз умр йўлини танлаган Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаббат Шаропованинг қалбидаги ўт бу – ишқ эди. Ватан ишқи эди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//