Азим Латипов


15:07 / 08.07.2024 285 0

1951 йил 5 июнда Бухоро вилояти Шофиркон туманида таваллуд топган.

1971 йилда меҳнат фаолиятини жамоа хўжалигида чорвачилик механиги сифатида бошлаган.

1996-2007 йилларда «Бухоро» жамоа хўжалиги бошқаруви раиси бўлган.

2007 йилдан ҳозирга қадар «Азим-Шофиркон юлдузи» фермер хўжалиги бошлиғи сифатида меҳнат қилиб келмоқда.

1996 йилда «Шуҳрат» медали,

2002 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.

 

Азим Латипов қишлоқ хўжалиги соҳасида катта тажриба тўплаган. Бухоро вилоятида пахтачилик ва ғаллачилик, шунингдек, чорвачилик соҳалари ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган кўп тармоқли фермерлардан биридир. Тажрибали деҳқон агротехника қоидаларига риоя қилган ҳолда ҳар йили 3-4 маротаба ерларнинг шўрини ювишни амалга оширади. Сув танқислигининг олдини олиш мақсадида фермер хўжаликлари экин майдонларини суғориш жадвали ишлаб чиқилган. Ҳудуддаги 30 км узунликдаги ички суғориш тармоқларининг кафолатли ишлашини таъминлаш учун сув олиш шохобчаларидан 47 тасини янгидан қурган. 32 таси қайта жиҳозланиши натижасида белгиланган сув ҳажмининг 25 фоизи иқтисод қилиниши таъминланган.

 

Тажрибали деҳқон мавжуд зовур сувларидан ҳам насослар ёрдамида самарали фойдаланишни йўлга қўйганлиги натижасида 319 гектар экин майдонларининг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, сув тежалишига эришилган. Натижада, 2018-2020 йилларда пахта етиштириш режаси 110-115 фоизга, ғалла 122-135 фоизга бажарилган.

 

Фермер хўжалигида чорвачилик, йилқичилик ва балиқчиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилиш билан бирга, боғдорчилик ва полизчиликни ривожлантириш борасида ҳам фаол тадбирлар олиб борилмоқда. Айниқса, Бухоронинг қадимий қовун турларини тиклаш мақсадида ҳам самарали ишлар амалга оширилмоқда.

 

Азим Латипов Тошкент давлат ирригация ва мелиорация институтининг Бухоро филиали олимлари билан ҳамкорликда ғалла уруғларини янгилаш, уни маҳаллий иқлим, мураккаб тупроқ шароитига мослаштиришни йўлга қўйиб, ғаллачиликда нафақат вилоятда, балки республикамизда ўзига хос мактаб яратган донгдор деҳқон. Унинг ташаббуси билан Шофиркон қишлоқ хўжалиги коллежи ўқувчиларининг хўжаликда амалиёт ўташи ташкиллаштирилди, ҳар йили 10-15 нафар ёш фермерларга деҳқончилик сирларини ўргатиб келмоқда. 2020 йилда 12 нафар камбағал оилага 1 гектардан ғалладан бўшаган майдондан ер ажратилиб, қўшимча 14 та иш ўрни яратилди. Фермер хўжалиги даромади ҳисобидан ҳар йили ҳомийлик ва саховат мақсадлари учун 50 млн сўм ажратиб келинади.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига 3 маротаба сайланган Азим Латиповнинг ташаббуси ва ташкилотчилиги билан 2004-2019 йиллар давомида вилоят ҳамда туманда қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг мелиоратив холатини яхшилаш, ер унумдорлигини ошириш, ўрланишнинг олдини олиш борасида бир қатор самарали ишлар амалга оширилди. Биргина Шофиркон туманининг ўзида 4 та насос станцияси ишга туширилди. Бу сув танқислиги доимий сезиладиган ҳудудда кишлоқ хўжалигини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

 

Азим Латипов Шофиркон туманидаги Хожа Ориф Ревгарий – Моҳитобон зиёратгоҳининг ободонлаштирилиши учун сўнгги йилларда 75 млн сўмдан ортиқ ҳомийлик ёрдамини кўрсатди. Жамоат ишларида ташаббускор ва фаол шахс сифатида маҳалла, таълим муассасалари, меҳнат жамоаларида ўтказиладиган маънавий-маърифий тадбирларда иштирок этади.

 

Азим Латипов 2004 йилдан ҳозирга қадар Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати, 2004-2019 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув масалалари ва экология қўмитаси аъзоси.

 

– Мен қаерда ишламай, энг аввало, ўзимнинг елкадошларимга эътиборни қаратганман. Ҳалол, меҳнаткаш одамлар билан мақсадга тез эришасан киши. Хўжалигимиз ишчилари 40 нафар. Уларнинг турмуш тарзи бир-бириникидан кам эмас, меҳрибон, иноқликда ака-укадаймиз. Бир бурда нонни тенг бўлиб ейишга одатланганмиз, – дейди Азимжон ака, – Аллоҳга шукр, 4 қиз, бир ўғлим бор. Ўғлим ҳам шу фермер хўжалигида ишлайди. Бугун мамлакатимизда барча жабҳалар, жумладан, қишлоқ хўжалигини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳар қандай ислоҳот самараси амалий ишларда намоён бўлади. Биз, фермерлар ҳам буни фаолиятимизда кўриб, ҳис этиб турибмиз. Масалан, пахта ва доннинг харид нархи бозор талабларига мос оширилди. Экинларни суғоришда электр насосларидан фойдаланадиган фермер хўжаликлари сарфлайдиган электр энергияси харажатлари давлат томонидан қопланмоқда. Бу эса юқори ҳосилдорликка эришишга рағбат этаётир. Хўжалигимиз ҳар йили дон ва пахтадан баракали хирмон кўтармоқда. Шунга яраша даромадимизга ҳам барака кирмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//