Тўлқин Ибрагимов


16:07 / 05.07.2024 349 0

1952 йил 4 июлда Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида туғилган.

1972 йили ҳарбий хизматни тугатиб, меҳнат фаолиятини Ўрта Осиё темир йўли «Тошкент» тепловоз заводида чилангарликдан бошлади.

40 йил давомида шу жойда меҳнат қилиб, тепловоз депосининг 1-тоифали машинисти даражасигача кўтарилди.

2004 йили «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонига сазовор бўлди.

 

Чирчиқ шаҳри республикамизнинг энг гўзал гўшаларидан бири. Қиш ойлари сирли эртаклар шаҳрига айланадиган бу гўзал маскан қолган уч фаслда дам олувчиларни ўзига оҳанрабодек тортиб туради. Улкан шаҳарлар шовқинидан чарчаган аҳоли ҳамиша Чирчиққа қараб интилади. Чирчиқ дарёсининг сўлим соҳилида қад ростлаган бу гўшани «Спортчилар шаҳри» деб ҳам аташади.

 

Тоза ҳаволи, кўплаб спорт мажмуаларини ўз ичига олган бу жойнинг аҳолиси соғлом турмуш тарзида ҳаёт кечирадилар. Шундай соғлом, бақувват оилалардан бири Ўзбекистон Қаҳрамони Тўлқин ака Ибрагимовнинг оиласидир.

 

Тўлқин ака ёшлигидан шаҳар четидан ўтадиган поездларга ҳайрат билан қарар эди. Ўрта мактабни битиргач, йигитлик бурчини ўташ учун ҳарбий хизматга бориб келди. Хизматдан қайтиб, шаҳардаги «Тепловоз машинисти ёрдамчиси вазифасига тайёрлов» ўқув курсини тугатиб, Ўрта Осиё темир йўллари «Тошкент» депоси чилангари бўлиб иш бошлади. 1975 йилда эса касб маҳоратини ошириш учун Темирйўл техника мактабининг 8 ойлик «Тепловоз машинисти вазифасига тайёрлов» ўқув курсини тугатди ва Ўрта Осиё темирйўллари «Ўзбекистон» локомотив депоси тепловоз машинисти ёрдамчиси, кейинчалик эса машинист бўлиб ишлади.

 

Тўлқин ака ота-онаси Юлчибой ота ва Меҳринисо аяларнинг дуосини олган фарзанд. У оилада тўнғич ўғил. Отаси унга дастлабки иш бошлаган кунидан: «Ўғлим, машинистлик оғир ва шарафли иш. Йўл ҳалолликни ёқтиради. Ичкиликка берилган. маишатбоз одам бу касбда ишлай олмайди. Тепловоз машинистининг дорда лангар тутиб кетаётган дорбоздан фарқи йўқ. Сал оғишсанг, ўзинг ҳам, орқадаги тонна-тонна халқ бойлиги ҳам фалокатга юз тутади. Бу вагонларда қанча-қанча одамларнинг меҳнати, билими, умри, ризқ-рўзи бор. Бу шундай мураккаб касб. Бу ерда фақат қўли тоза, ҳушёр одамлар ишлайди, холос», деган эдилар.

 

Йиллар Тўлқин аканинг тажрибасини ошира борди. У уйланди. Оилали бўлди, икки ўғил, бир қизнинг отасига айланди. «От изини той босар», деганларидек, ўғиллари ҳам унинг изидан кетишди. Аммо улар мустақил юрт фарзандлари сифатида маррани анча баланд олишди. Олий ўқув юртларини тамомлаб, малакали замонавий ходимлар бўлиб етишишди. Хозирда набиралар ҳам оила қувончини оширмоқда, уларнинг қулоғига ҳам тепловоз овози қадрдон бўлса, ажаб эмас. Уларнинг севикли бобоси эса шажараси бардавом бўлишини, қайсидир авлоди пўлат изларда тепловозларни шамолдек елдириб юришини жуда-жуда хоҳлайди.

 

Меҳнати муносиб эътироф этилди – Тўлқин Ибрагимов «Фахрий темирйўлчи» унвонига эга бўлди. У энди ёш мутахассислар, амалиёт ўтовчиларга ўзининг маслаҳатлари билан кўмакдош, ёшлар билан эринмасдан давра суҳбатлари ўтказади, кўрган-кечирганлари асосида сабоқлар беради.

 

Жамиятимиз бойликлари, барча қадриятлар ҳазрати инсон қўли билан яратилади. Ана шу хазина республикамиз иқтисодининг асосини ташкил қилади. Бир умр ҳалол меҳнат нонини еган Тўлқин аканинг эл ичида обрўйи баланд. У «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланди. Бундай юксак мартаба унга кутилмаган қувонч бўлди. Неча минг чақирим йўлларнинг танобини тортиб, масъулиятли жойда тунларни бедор ўтказиб, ҳалол ризқ топиб, эл-юртга хизмат қилишни ўйлаган эди. Меҳнат қилган одам хор бўлмаслигини юракдан сезарди. Аммо ҳеч нарсадан тама қилмаган, давраларнинг тўрида ўтирмаган бўлса ҳам оғринмаганди. Ҳаётда ҳақиқат устувор экан, олий фармонни эшитиб, қулоқларига ишонмади. Аслида, бу ҳақиқат эди, узоқ йиллик фидокорона меҳнат ўз қадрини топган, юқори даражада эътироф этилганди. Шундай бўлиши ҳам табиий эди-да, ахир у келажаги порлоқ озод ва обод юртда меҳнат қилаяпти.

 

Тўлқин Ибрагимов ҳозир нафақада бўлса ҳам шарафли юмушларни адо этмоқда. Республика, вилоят ва шаҳар миқёсидаги тадбирларда фаол қатнашиб, ёш авлод тарбиясига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

 

Ўзбекистонда яшаётган инсофли, диёнатли, сабр-бардошли ва қаноатли инсонлар юртнинг чинорлари ҳисобланади. Улар худди Тўлқин ака каби бор меҳр-муҳаббатини шу юртга бахшида этадилар. Бундай одамларга ҳавас қилса арзийди. Уларни эъзозлаш, уларга ҳавас қилиб яшаш керак.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//