Анор Маҳмудова


14:07 / 03.07.2024 317 0

1942 йил 2 майда Хоразм вилояти Гурлан туманида туғилган.

1959–1964 йилларда Хоразм давлат педагогика институти физика-математика факультетида ўқиган.

1986 йилдан ҳозирги кунгача Гурлан шаҳридаги 5-мактаб директори вазифасида ишламоқда.

1994 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени,

2004 йили «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан мукофотланган.

 

Гурлан туманидаги 1-мактабни «Олтин медаль» билан битирган Анор Маҳмудова институтни ҳам имтиёзли диплом билан тугатади. Ва ўзи ўқиган мактабда, меҳрибон устозлари бағрида педагогик фаолиятини бошлади. Ёш муаллиманинг билими, интилишлари, болаларга таълим-тарбия беришдаги меҳру маҳорати тез кўзга ташланди. 1966–1972 йилларда у мактаб директорининг тарбиявий ҳамда ўқув ишлари бўйича ўринбосари бўлди: 1982 йили туманда техника билим юрти ташкил қилиниб, унга директорлик вазифаси топширилди. 1984 йилда Гурлан туман халқ таълими бўлимига мудира қилиб тайинланди.

 

Анор Маҳмудова қалбида бевосита болалар билан ишлаш, уларнинг иқтидорини аниқлаб ривожлантириш, ёш авлодни ҳаётда мустаҳкам ўрнини топиб яшайдиган инсонлар қилиб тарбиялаш ва уларга турмушда ҳар дақиқа керак бўладиган математика фанини ўргатишнинг завқи, оҳанрабоси бошқача эди. 1986 йилда унинг илтимосларини инобатга олиб, туманда янги ташкил қилинган 6 (ҳозирги 5)-умумий ўрта таълим мактабига директор вазифасига ўтказдилар. Қаҳрамон ҳозирги кунгача шу ерда фаолият кўрсатиб келмоқда.

 

Директор мактабда ижтимоий-маънавий муҳитдан келиб чиққан ҳолда, дастлаб тарбиявий ишларни кучайтирди. Таълим-тарбияни ота-оналар билан ҳамкорликда олиб бориш жараёнида ҳар бир ўқувчининг оилавий шароити яхши ўрганилди Мактабда спорт ишлари, мусиқа ўқитилиши, китобхонлик маданиятини юксалтириш бўйича машғулотлар кенг йўлга қўйилди. Ота-оналар, ўқитувчи ва ўқувчилар билан ўзаро муносабатда маданиятли, меҳрибон, дўстона муҳит шаклланишига ёрдам берадиган тадбирлар ўтказиш анъанага айланди. Фан тўгараклари соатлари ўқувчиларнинг билимга қизиқишини орттирадиган, билганларини мустаҳкамлаб, кенгайтирадиган машғулотларга айланди. Бу эзгу ҳаракат-изланишларнинг самараси сифатида мактаб ўқувчилари орасидан фан олимпиадалари ғолиблари, спорт турлари, мусиқа, тасвирий санъат бўйича вилоят ҳамда республика совриндорлари кетма-кет етишиб чиқди.

 

Анор Маҳмудова доим замон билан ҳамнафас яшайди. Юртимиз мустақилликка эришиб, Ўзбекистон жаҳон мамлакатлари сафида ўз қадри, қаддини тиклай бошлаган кунлардан директор ўқувчиларининг чет тили бўйича билимларини оширишга мустаҳкам бел боғлади. 1996–2004 йилларда Ўзбекистондаги «Тинчлик корпуси» билан ҳамкорликда мактабда 4 нафар америкалик кўнгиллилар ўзбек ўқувчиларига инглиз тилидан сабоқ бердилар.

 

Айни кунда мактабда фаолият кўрсатаётган олий ва 1-тоифали инглиз тили ўқитувчилари Шаҳло Матниёзова, Дилфуза Сотимова, Нилуфар Аллаберганова ўша даврда америкалик кўнгиллилардан сабоқ олиб бу тилга ихлос қўйган педагоглардир.

 

Анор Маҳмудованинг 2001 йилда ёзган «Миллий истиқлол Роясини онгимизга сингдириб, қалбимизга пайванд қиламиз» номли рисоласи вилоят ижодкор ўқитувчилари танловида 1-ўринни олган.

 

2002 йилдан бошлаб мактабнинг 8–9-синфларида информатика фани ўқитилаётган бўлса-да, Анор Маҳмудова бошланғич синфларнинг иқтидорли ўқувчиларига айни фандан тўгарак машғулотлари ўта бошлади. Натижада математика-информатика фани ўқитувчиси Муҳаббат Ҳабибуллаева раҳбарлигида ўқувчилар тўрт йил давомида «Компьютер саводхонлиги» буйича республикада 1-ўрин соҳиблари бўлдилар. Анор Маҳмудова ўқувчилари билан 2004–2008 йилларда яратган «Оддий касрларни ўрганамиз» номли электрон дарслик юқори баҳоланди ва 2008 йил 8 октябридан Халқ таълими вазирлигининг Ахборот таълим порталига жойлаштирилди.

 

Тажрибали педагог фаолияти даврида кўплаб ҳалол, ишчан, касбига масъулиятли ва садоқатли шогирдлар тарбиялади. Улар орасида элу юрт ишончини оқлаб, донг таратиб меҳнат қилаётган оилапарвар, ватанпарвар турли касб эгалари, фан номзодлари, фан докторлари кўп.

 

Анор Маҳмудова жуда ҳалол, жонкуяр, меҳри дарё, қалби мунаввар устоз. Ҳозирда ҳам мактаб жамоасининг севимли ва меҳрибон, айни пайтда талабчан раҳбари: ўқитувчилару ўқувчилар уни ҳам раҳбар сифатида, ҳам онасидек ҳурмат қиладилар, ардоқлайдилар.

 

Анор Маҳмудова ўз синфдоши Азамат Ҳабибуллаев билан ҳаёт йўлини боғлаганига 56 йил бўлди. Уларнинг 4 фарзанди, 16 нафар невара-чевараси бор. 2 ўғли техника фанлари номзоди, 2 қизи математика фани ўқитувчилари, 6 нафар невара магистратурани аъло баҳоларга, 1 нафари Президент стипендияси совриндори бўлиб тугатган. Қолган неваралари ҳам турли олий ўқув юртлари талабалари.

 

Анор Маҳмудова 2004 йили «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан мукофотланган. «Ватан, халққа сидқидилдан хизмат қилиш бурчимиз», – дейди қатъият билан Анор опа.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//