1957 йил 9 апрелда Хоразм вилояти Хонқа туманида таваллуд топган.
1979 йили Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтини, 2000 йили Тошкент давлат иқтисодиёт университети магистратурасини тугаллаган.
1998-1999 йилларда қишлоқ ва сув хўжалиги вазири лавозимида ишлаган.
1999 йили «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган.
1999-2008 йилларда Хоразм вилояти ҳокими бўлган.
2002 йили «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони берилган.
Ислом ёшлигидан тўқимачилик саноатига қизиқди. Чунки унинг отаси Алимбой Бобожонов кўп йиллар Хоразм тўқимачилик фабрикасида масъул вазифаларни бажариб келарди. Шунданми, Ислом Бобожонов мактабни битириб, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтига ўқишга кирди. Кейинчалик эса Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг магистратурасини тугаллади.
Дастлабки меҳнат фаолиятини 1979-1984 йилларда Хоразм вилояти пахта тайёрлаш заводида смена бошлиғи, техника хавфсизлиги муҳандиси лавозимларида бошлади. Интилувчан ғайратли, қатъиятли йигит 1984-1985 йилларда Хоразм вилояти пахта тайёрлаш ва уни қайта ишлаш бирлашмаси катта муҳандиси даражасига кўтарилди. 1985-1986 йиллари Хонқа пахта тозалаш заводи бош муҳандиси, 1986-1996 йилларда туман пахта тозалаш ҳиссадорлик жамияти раиси вазифасини бажарди.
Ислом Бобожонов ташкилотчилиги, ташаббускорлиги вақтдан имкон қадар самарали фойдаланишга интилиши билан ҳам эътибор қозонди, у 1996-1997 йилларда Хонқа тумани ҳокими бўлди. 1997-1998 йилларда эса Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари, 1998-1999 йилларда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири сифатида республикада қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга самарали ҳисса қўшди. Бу меҳнатлари учун Ислом Бобожонов «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди.
1999-2008 йилларда Ислом Бобожонов ниҳоятда масъулиятли лавозим Хоразм вилояти ҳокими вазифасида фаолият олиб борди.
Ислом Бобожоновнинг Хоразм вилоятига ҳокимлик даври мамлакатимиз ва умуман минтақамиздаги ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг оғир ва мураккаб бир даврига тўғри келди. Бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнидаги қатор муаммоларга ечим топиш ҳар қандай раҳбар, жумладан, Ислом Бобожонов учун ҳам жиддий синов эди. Муҳими, у ўзига билдирилган ишончни билимдонлик, мулоҳазакорлик, илғор тажрибалардан ибрат олиш, одамлар қалбига йўл топиб уларни англаш, замон билан ҳамқадам, ҳамнафас бўлиш билан оқлади. Айниқса, унинг ўзи ва ўзгаларнинг вақтини қадрлаши, белгиланган иш ва тадбирларнинг муддатида бошланиши, бажарилиши учун барчага бирдек талабчанлиги ҳаммага ибрат эди. Ислом Бобожоновнинг раҳбарлик йилларида вилоят ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожланди, кенг кўламдаги қурилиш ишлари амалга оширилди: вилоят ва туманлар марказлари кўкаламзорлаштирилди, ободончилик ишларига алоҳида эътибор қаратилди.
Маъмун академиясининг 1000 йиллиги муносабати билан Хива шаҳрида Маъмун академияси қайта ташкил этилиб, унинг хиёбони барпо этилишида. Амударё устидан Хоразм вилояти билан Қорақалпоғистон Республикасини боғловчи темир йўл ҳамда автомобиль кўприги қурилиб ишга туширилишида Ислом Бобожоновнинг ҳам хизматлари бор. Ўша даврда Урганч халқаро аэропорти ва темир йўл вокзаллари замонавий талаблар асосида таъмирланди; обод ва кенг йўллар кўпайди бу янгиланишларда вилоятнинг меҳнаткаш аҳли, бунёдкор қурувчилар ўзгача ғайрат-шижоат билан иштирок этдилар.
Бу даврда вилоят қишлоқ хўжалигида агротехник тадбирлар вақтида ва сифатли амалга оширилгани, мавжуд қишлоқ хўжалиги техникаларини мавсумга тайёрлаш, соз ҳолатга келтириш ва улардан унумли фойдаланиш натижасида вилоятда пахта ва ғалла ҳосилдорлиги юксалди.
– Ислом Бобожонов ҳамиша одамларга юксак маданият, одоб, эътиборлилик билан, барчага бирдек ҳурмат кўрсатиб муомала қилади, – дейди Республикада хизмат кўрсатган маданият ходими Гавҳар Ибодуллаева. – Ўша даврда қуриб бораётган Орол денгизи атрофидаги минтақада жойлашган бизнинг Хоразм вилоятида ҳам экологик вазият яхши эмасди, бу ҳолат аҳолининг саломатлигига жиддий салбий таъсир кўрсатарди. Оналар ва болалар ўлими кўрсаткичи анча юқори эди. Шу сабабли Ислом Бобожонов вилоят марказий ва болалар шифохоналари, туманлар марказий шифохоналарини таъмирлашга, уларни зарурий жиҳозлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратди. Скрининг марказлари очилди. Ислом Бобожонов айни шу меҳнатлари шарофатидан мамлакатимизнинг Энг олий мукофоти – «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонига сазовор бўлди.
Ислом Бобожонов 2012 йилдан 2016 йилга қадар Республика пахтачилик илмий маркази директори ўринбосари, 2016-2018 йилларда Жиззах вилояти Зарбдор тумани ҳокими лавозимларида ишлади.
У Ватан, халқ зиммасига ишонч билан топширган вазифаларни бажаришга билими, куч-қуввати, меҳр-муҳаббатини сидқидилдан сарфлаган инсонлар қаторида эъзоз, ҳурмат қозонди.
//
Изоҳ йўқ