1951 йил 10 февралда Қашқадарё вилояти Муборак туманида туғилган.
1970 йили Муборак саноат техникумини тамомлаган.
1972 йили Муборак газни қайта ишлаш заводида иш фаолиятини бошлаган. Кейинги 41 йил умри шу цеҳда ўтган.
1-чақириқ Ўзбекистон Олий Мажлиси депутатлигига сайланган.
2001 йили «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.
2018 йилда вафот этган.
Қобил Мўминов Муборак газни қайта ишлаш заводида ишлаб юрган вақтлари эди. Бир куни заводдаги қурилмаларнинг бирида мураккаб деталь ишдан чиқди. Афсуски, эҳтиёт қисм йўқ эди. Уни Россиядаги заводлардан олиб келишга эса кўп вақт талаб қилинарди. Қурилманинг шунча вақт тўхтаб туриши катта зарар, бутун бошли заводнинг иш маросимига салбий таъсир кўрсатади. Шунда 10-механика таъмирлаш цеҳи бошлиғи Наил Халиуллин ишга келганига ҳали кўп бўлмаган, бироқ нозик юмушларни ҳам бир зумда бажариб кетадиган темирчи йигит Қобилнинг олдига ишдан чиққан детални қўйиб, уни ясаш кераклигини айтди.
– Ясаса бўлади, – деди Қобил бироз ўйланиб, детални яна кўздан кечириб чиққач, – бироқ бунга кетадиган металл ҳозир устахонада йўқ-да, Наил Ҳамидович.
– Сен ясай олсанг бўлди, метални мен топаман, – деди. Керакли ашёлар билан таъминланган уста Қобил бир кунда ўша зарур детални ясаб берди. Мутахассисларнинг эътирофича, у ясаган детал аслидагидан ҳам сифатли чиққан ва узоқ муддат ишлаган экан.
Уста Қобил Мўминовнинг маҳорати йилдан-йилга ошиб, у ясаган эҳтиёт қисмлар, деталларнинг довруғи нафақат заводда, балки узоқ-узоқлардаги нефть ва газ саноати тизимларига ҳам етиб борганди. Ҳатто Астрахань, Оренбург ва Тюмендаги турдош корхоналар ҳам уста Қобил ясаган деталларга буюртмалар беришар, ўз мутахассисларини маҳоратли темирчи устадан иш ўрганиш учун Муборакка жўнатишарди.
Ўшандай кунларнинг бирида цеҳ бошлиғи Наил Халиуллин идорадан цеҳга оғзи қулоғида кириб келди:
– Қобил, сен ясаган деталлар Астраханда жуда яхши баҳо олибди. Иттифоқ газ саноати министрининг ўзи сени кўргани келаркан.
Уста Қобил ҳанг-манг бўлиб қолди. Тўғри-да, кимсан, министр уни йўқлаб келиши етти ухлаб тушига ҳам кирмаган бўлса...
– Э, ҳазиллашманг, Наил Ҳамидович.
– Мана, кўрасан-да.
– Ҳа, келса кўраверамиз, – деди уста Қобил ишониб ишонмай Орадан ҳеч қанча ўтмай министр келибди, деган хабар бутун завод бўйлаб тарқалди.
Уста Қобил ишлаётган цеҳга министр ҳудуд раҳбарлари, газ саноати мутасаддилари қуршовида кириб келди.
– Мана шу йигит сиз сўраган темирчи Қобил Мўминов. – Аруджевга таништиради завод директори Шевкин.
– О, французларни қойил қилган темирчи сенмисан? – дейди министр унинг улкан, серқадоқ ва ўзи ясаган деталлари каби қаттиқ панжаларини сиқар экан. – Астраханда Франциядан олиб келинган сепаратор ишдан чиқди, – дейди Аруджев атрофидагиларга қараб. – Ўзимизнинг заводларда ишлаб чиқарилган деталларни эса француз мутахассислари бракка чиқариб, Франциядаги заводдан эҳтиёт қисм етиб келмагунча сепараторни тўхтатиб қўйишни айтдилар. Ўша заводнинг бош механиги. Муборакдаги заводда бир темирчи бор, у бунақа нарсаларни кўзини юмиб ясайди, деб қолди. Мен уни шартта Муборакка жўнатдим. Икки кунда детални тайёрлатиб олиб борди. Французлар бу детални синаб кўриб қойил қолишди. Ҳатто аслидан ҳам зўр, дейишди.
Министрнинг бу эътирофидан кейин атрофдагилар беихтиёр чапак чалиб юборишди.
Ҳар кимнинг тақдири пешонасига битиб қўйилган, дейишади халқ орасида. Қобилнинг пешонасига темирчилик касби орқали элда обрў қозониш битилган экан.
Шундай қилиб, Қобил Мўминовнинг қирқ йилдан ортиқ умри шу цеҳда ўтди.
Ўзининг ҳалол меҳнати билан обрў ва эътибор топган Қобил Мўминов ўз вақтида қатор ордену мукофотлар билан тақдирланган бўлса, юртимиз ўз эркини қўлга киритганидан кейин устанинг меҳнати том маънода қадрини топди, десак янглишмаган бўламиз. У мустақилликнинг дастлабки йилларида «Шуҳрат» медали билан мукофотланди. Сайловчилар унга катта ишонч билдириб, Ўзбекистон Олий Мажлиси депутатлигига сайлашди.
Самимий, очиқкўнгил инсон, қўли гул темирчи уста Қобил Мўминов Муборак газни қайта ишлаш заводидаги узоқ йиллик фаолияти давомида темирчиликда ўзига хос мактаб яратди. Қўлига темирчилик болғасини тутқазиб, касб сирларини ўргатган шогирдлари бугун катта уста мақомида. Ҳусан Маматов, Самад Эшдавлатов, Қаҳҳор Аҳмедов, Султонмурод Темиров, Рўзимурот Орипов, Мансур Қўлдошев каби кўплаб темирчилар Уста Қобилнинг шогирдлари эканликларини ғурур ва ифтихор билан тилга оладилар.
Қобил Мўминов мамлакатимиз нефть-газ саноатини ривожлантириш борасида самарали меҳнат қилган тажрибали ва малакали уста темирчи, саноат ходими сифатида халқимиз хотирасида яшамоқда.
//
Изоҳ йўқ