1932 йили 20 февралда Тошкент шаҳрида туғилган.
1947–1952 йилларда Ўрта Осиё давлат университетининг шарқ факультетида таълим олди.
20 дан ортиқ китоб ва рисолалар, юзлаб илмий мақолалар муаллифи.
1992 йилда “Беруний” номидаги давлат мукофоти,
1999 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени,
2008 йилда “Буюк хизматлари учун” ордени,
2015 йилда “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган.
2018 йилда вафот этган.
Суйима Ғаниева мумтоз адабиётимизни ўрганиш ва тарғиб этишга оид илмий тадқиқотлари орқали, шунингдек, кўплаб шогирдлар етиштирган етук олима, меҳрибон устоз сифатида нафақат ватанимизда, чет давлатларда ҳам машҳур.
Олиманинг мумтоз шеъриятнинг зукко билимдони бўлиб шаклланишида у камол топган оиланинг таъсири катта бўлди. Отаси Ғанижон Турсунов адабиёт ва санъат шайдоси, онаси ҳазрат Навоий, Машраб ижодини мукаммал билган маърифатли Сорахон ая Суйима Ғаниеванинг интилишларига катта эътибор билан қарадилар. Тиришқоқ ва зукко Суйима 1946 йили ўрта мактабни битиргач, Ўрта Осиё давлат университети шарқ факультетида эрон-афғон филологияси ихтисослиги бўйича таълим олди. 1953-1956 йилларда Ленинград давлат университети шарқ факультети аспирантурасида ўқиб, 1956 йили “Мажолис ун-нафоис”нинг III ва IV мажлислари илмий-танқидий матни ва адабий таҳлили” мавзуида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.
Ҳазрат Навоийнинг ижоди ва ҳаёт йўли О. Шарофиддинов, Е. Бертельс ва С. Айнийларнинг бундан анча илгари босилган монографияларида маълум даражада атрофлича ўрганиб ёритилган эди. Олиманинг дастлабки “Алишер Навоий” китоби булардан фарқли ўлароқ, Навоийнинг сермашаққат ҳаёт йўли, изланишлари, адабий-илмий ҳамда давлат ва жамоат арбоби сифатидаги фаолиятининг оммабоп услубда баён этилиши, янги манбалардан фойдаланилганлиги билан ажралиб туради.
Суйима Ғаниева 1956–1959 йилларда Ўз ФА Тил ва адабиёт институтида кичик илмий ходим, илмий котиб, катта илмий ходим лавозимларида ишлади. Шу йилларда у “Ўзбек адабиёти тарихи” (15 жилдли), “История узбекской литературы” (2 жилдли), Навоийнинг насрий асарлари (13 асар) ва назмда ёзилган 3 асарининг нашр этилишида фаол иштирок этди.
Унинг Алишер Навоий ҳазратларининг дастхатини Теҳроннинг “Ҳоки Гулистон” номли музей фондидан Ватанимизга келтиргани миллатимиз, адабиётимиз равнақи йўлида қилинган эзгу ишлардан, муҳим ютуқларимиздан бири бўлди. Россия, Чехословакия, Эрон, Туркия, Хитой давлатларида бўлган халқаро анжуманларда қилган маърузалари дунё илм аҳли томонидан катта қизиқиш ва эътибор билан эътироф этилган.
С. Ғаниева адабиётшунос, шарқшунос, таржимон, манбашунос ва матншунос олима сифатида 20 дан ортиқ китоб ва рисолалардан ташқари, турли тўплам, журналларда 120 дан ортиқ мақолалар ҳамда сўзбошилар, вақтли матбуотда 300 га яқин мақола ва тақризлар эълон қилди. Навоийнинг насрий асарлари, жумладан, “Мажолис ун-нафоис”ни тадқиқ этишга киришган олима изланишларини асосан қўлёзма манбаларга асосланиб олиб борди.
1970 йилдан Ўзбекистон давлат консерваториясида, 1990 йилдан Тошкент давлат шарқшунослик институтида фаолият юритди.
1991–1996 йилларда Ўзбекистон Миллий университети ўзбек филологияси факультетида ҳазрат Навоий ижодидан махсус маърузалар ўқиди. Олиманинг ҳар бир дарсини инсон маънавияти, маданиятини юксалтирадиган, ўзликни англатадиган алоҳида китоб дейиш мумкин эди.
Суйима Ғаниева чет элларда ҳам ўзбек мумтоз адабиёти, жумладан, улуғ Алишер Навоий асарларининг умумбашарий ғоялари, ўзига хосликларини тарғиб қилган. Асарлари Россия, Япония, Эрон, Ҳиндистон, Индонезия каби мамлакатларда нашр этилган.
Суйима Ғаниеванинг ҳазрат Алишер Навоий меросини тадқиқ этишга бағишланган асарлари дунё мамлакатларида нашр қилинган ва илмий жамоатчилик томонидан эътироф этилган. Буюк шоирнинг жаҳон адабиёти маънавиятининг дурдоналаридан бўлган асарлари асрлар оша авлодларга хизмат қилади, демак, тадқиқотчи олиманинг изланишлари ҳам шу баробарида Навоий маҳзанидан баҳра олмоқчи бўлган муҳлисларга камарбаста бўлаверади.
Олиманинг ҳаёти ва ижоди ҳақида адабиётшунослар, шогирдлари томонидан китоблар, мақолалар ёзилган. Филология фанлари номзоди, профессор Суйима Ғаниеванинг илмга, қадриятларга садоқати, миллий адабиётнинг нуфузи, мавқеини юксалтириш баробарида халқимизнинг бой маданиятини дунёга тараннум этиш борасидаги фидойилиги авлодларга ибрат бўлиб қолади.
//
Изоҳ йўқ