1929 йили 5 майда Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманида таваллуд топган.
1949 йили Қорақалпоқ давлат педагогика институтини битирган.
1961–1988 йилларда “Амударё” журналининг бош муҳаррири, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси, “Эркин Қорақалпоғистон” газетаси бош муҳаррири бўлган.
1992 йилда Ўзбекистон халқ шоири.
1994–2000 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Маънавият ва маърифат марказига раислик қилди. “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони, Бердақ номидаги давлат мукофоти соҳиби.
“Эл-юрт ҳурмати”, “Дўстлик” орденлари билан тақдирланган.
Қорақалпоғистон Республикаси мадҳияси матни муаллифи.
2004 йили “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонига сазовор бўлган.
2008 йилда вафот этган.
Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов ижоди XX асрнинг иккинчи ярми XXI аср бошларидаги қорақалпоқ адабиётининг ёрқин саҳифаларини ташкил этади.
Шарқ ва мумтоз адабиётимиз, рус ва жаҳон адабиёти дурдоналари билан яқиндан танишиб, улардан бадиият сирларини ўрганган Ибройим Юсуповнинг илк ижодий намунаси – “Ватаним” шеъри эълон қилинган пайтдан умри охиригача чоп этилган “Бахт лирикаси”, “Кунчиқар йўловчисига”, “Ўйлар”, “Етти наво”, “Дала орзулари”, “Кўнгил кўнгилдан сув ичар”, “Тўмарис”, “Илҳом”, “Ташвишларга бой дунё”, “Тузли шамоллар”, “Умр, сенга ошиқман”, “Ҳар кимнинг ўз замони бор”, “Булоқлар қайнайди”, “Олтин қирғоқ”, “Саҳро орувлари”, “Чўл тўрғайи”, “Раҳмат сенга, замоним!”, “Қора тов” шеърий тўпламлари қорақалпоқ ва ўзбек адабиётининг гўзал намуналари бўлиб қолди. Улардан шоирнинг достонлари ҳам жой олган. У бир қатор пьеса ва публицистик мақолаларнинг ҳам муаллифи.
Ибройим Юсупов Алишер Навоий, Ҳофиз ғазаллари, Умар Ҳайём рубоийлари, А.С.Пушкин, М.Ю.Лермонтов, Т.Шевченко, Байрон, Гёте асарларини қоракалпоқ тилига юксак маҳорат билан таржима қилиб, миллий адабиётни бадиий-ғоявий, шаклий жиҳатдан бойитди. Асарлари ўзбек, рус, қирғиз, туркман, қозоқ, украин, белорус, грузин, латиш, болгар ва бошқа халқлар тилларига таржима қилинган.
Шоирликни маънавий ҳаёт, машаққатли меҳнат, ғурур деб билган ижодкор мустақиллик замонига етишиб, унга хизмат қилиш насиб этганидан қувониб ижод этди. “Замондошлар кўнглига ёқиш, юрагига йўл топиш – шоир учун энг азобли ва ардоқли иш”, дер эди шоир.
Бугун Тошкент шаҳрининг қоқ маркази – Адиблар хиёбонида улуғ шоирнинг ҳам ҳайкали қад кўтариши бетакрор истеъдод соҳиби Ибройим Юсупов ҳамда қорақалпоқ элига кўрсатилган чуқур эҳтиром рамзидир.
Ибройим Юсупов – қорақалпоқ шеъриятида муҳташам мактаб яратган бетакрор сиймо. Шоир тил орқали адабиётни, адабиёт орқали тилни бойитди, халқ дунёқарашини кенгайтириб, қалбларга гўзаллик, меҳру муҳаббат уруғларини қадади. Шоир бадиий поэтикаси, ўзига хос образ яратиш усули, китобхонни кенг мушоҳадага чорлаши билан қорақалпоқ адабиётида поэзия жанрини янги чўққиларга олиб чиқди.
Ватан, туғилган масканга муҳаббат ижодкорнинг энг севимли мавзуларидан эди. Шоир “Кегейли”, “Қора тол”, “Толли жағисдаги эсга олишлар”, “Туғилган ер”, “Овул, овул!”, “Тол бўлибди толлари” каби шеърларида Яратганнинг инъоми – қўним топган жойига садоқати, ифтихорини, муҳаббатини ифодалайди.
Ибройим Юсупов умуминсоний ва миллий қадриятларни уйғун ҳолда образли қилиб ифодалайди. Шоирнинг лирик қаҳрамони учун Ватан тушунчаси жуда муқаддас. У Ватан деганда бутун Ўзбекистонни тушунди. “Ўзбекистон”, “Навоийга”, “Мен Тошкентни соғинаман кўрмасам”, “Қизинг гўзал бўлсин, шоира бўлсин”, “Мустақиллик майдонидан ўтганда” ва бошқа кўплаб шеърларида Ўзбекистон диёрини самимий, қайноқ муҳаббати билан тараннум этди.
Шоирнинг кўпгина асарларини миллий хулқ-атвор, менталитет, урф-одат, анъаналарнинг шеърий тимсоли сифатида ҳам кўрсата оламиз. Қоратол, чўгирма, қўбиз, саксовул сингари қадриятларни улуғлаган шоирнинг номи ҳам абадийлик касб этди.
“Шеър, айниқса, сулув соз билан хуш овоз тил топишиб, қалбдан нидо берса, инсонни ҳам илҳомлантиради, ҳам йиғлатади, ҳам юпатади, ҳаётга ошуғ этади, яшашга ундайди. Замондошлар кўнглига ёқиш, юрагига йўл топиш – шоир учун энг азобли ва ардоқли иш. Шоирлик – менинг маънавий ҳаётим, машаққатли меҳнатим, ғурурим. Бу кунда эса эл қатори янги замонга – мустақиллик айёмларига етишиб, унга хизмат қилиш насиб этганидан қувонаман”, дер эди ардоқли шоир Иброҳим оға.
У халқимизнинг ёрқин келажагига ўзини ҳам, ўқувчиларини ҳам ишонтира олди. Шоирнинг мустақиллик йилларида ёзган шеърлари сатрларига жо бўлган фахр-ифтихор туйғулари ўқувчилар қалбида Ватанга, она-халққа муҳаббат туйғуларини улғайтиради.
Халқимиз шоир номини доим юксак эҳтиром билан тилга олади, эътироф этади. У яратган асарлар авлодлар учун тарбия ва ибрат мактаби бўлиб хизмат қилаверади.
//
Изоҳ йўқ