Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий


15:10 / 13.10.2021 838 0

 

Ўрта асрларда яшаган кўпгина олимлар илм-фаннинг турли соҳаларига оид дунёвий фанлар билан бирга диний илмлар ривожига ҳам катга эътибор берганлар. Зотан диний илмлар жамият тараққиётида, инсонларнинг камол топиши ва уларнинг дунёқарашининг шаклланишида алоҳида роль ўйнаган.

Жаҳоншумул аҳамиятга эга асарлар яратган буюк алломалардан бири – машҳур муҳаддис (ҳадис илми олими) Абу Исо Муҳаммад ат-Термизийдир. Унинг тўлиқ исми Абу Исо Муҳаммад ибн Савра ибн Мусо ибн ад-Даҳҳок ас-Сулламий (умрининг охирларида кўзи ожиз бўлиб қолганлигидан ад-Дарийр тахаллуси билан ҳам аталган) ат-Термизий бўлиб, у ҳижрий ҳисобда 209 (милодий 824) йилда Термизда, унча бадавлат бўлмаган оилада таваллуд топди. Марказий осиёлик машҳур олим ва тарихчи Абу Саад Абдулкарим ас-Самъоний (113/1167) “Ал-Ансоб” номли асарида ёзишича, ат-Термизий Буғ (ҳозирги Шеробод тумани) қишлоғида вафот этганлиги учун унинг номига ал-Буғий тахаллуси ҳам қўшилган. Унинг ёшлик йиллари Термиз шаҳрида ўтиб, дастлабки маълумотни ҳам шу шаҳарда олган. Чунончи, ёзма манбалар ва тарихий осори-атиқалардан маълумки, ўрта асрларда Термиз ҳам Марказий Осиёнинг Урганч, Бухоро, Самарқанд сингари илм-фан ва маданияти ривожланган шаҳарлардан бири бўлган. Мана шундай маданий муҳитда ўсган ат-Термизий ёшлигидан турли илмларни эгаллашга зўр қизиқиш билан интилган. Болалигидан ўта зийраклиги, ёдлаш қобилиятининг кучлилиги ва ноёб қобилияти билан ўз тенгқурларидан ажралиб турган ат-Термизий диний ва дунёвий фанларни, айниқса, ҳадис илмини алоҳида қизиқиш билан эгаллаган ва бу борадаги ўз билимларини муттасил ошириш учун кўпгина Шарқ мамлакатларини зиёрат қилган. Жумладан, у узоқ йиллар Ироқда, Исфаҳон, Хуросон, Макка ва Мадинада яшаган. Кўп йиллар давом этган сафарлари чоғида ат-Термизий илм-фаннинг турли соҳаларидан илм ал-қироат, илм ал-баён, фиқҳ, тарих, айниқса, ўзи ёшлигидан қизиққан ҳадис илмидан ўз даврининг йирик олимлари машҳур муҳаддисларидан таълим олади. Унинг устозларидан имом ал-Бухорий, имом Муслим, имом Абу Давуд, Қутайба ибн Саъийд, Исҳоқ ибн Мусо, Маҳмуд ибн Ғайлон ва бошқа машҳур муҳаддисларни кўрсатиш мумкин. Манбаларда ёзилишича, ҳадисларни тўплашда ва ўрганишда ат-Термизий ҳар бир қулай фурсатдан унумли фойдаланган. У йўлда, сафарда бўлганда ҳам ёки бир жойда муқим турганда ҳам ўз устозларидан, учратган ровийларидан эшитган ҳадисларни дарҳол ёзиб олиб, уларни тартибли равишда алоҳида-алоҳида қайд қилиб борган.

Ўз даврининг етук муҳаддис олими сифатида танилган ат-Термизий кўпдан-кўп шогирдларга устозлик қилган. Ҳадис илмидаги унинг шогирддаридан Макҳул ибн ал-Фадл, Муҳаммад ибн Маҳмуд, Анбар, Ҳамад ибн Шокир, Абд ибн Муҳаммад ан-Насафюн, ал-Ҳайсам ибн Кулайб аш-Шоший, Аҳмад ибн Юсуф ан-Насафий ва Абул-Аббос Муҳаммад ибн Маҳбуб ал-Маҳбубийларни санаб ўтиш мумкин. Мусофирчиликдан қайтган ат-Термизий ўз юртида йирик муҳаддис олим сифатида шуҳрат қозонди ва ижодий иш, шогирдлар тайёрлаш билан машғул бўлди. У 279 ҳижрий (милодий 892) йилда Термиздан узоқ бўлмаган Буғ қишлоғида вафот этади ва шу ерда дафн қилинади.

Ўз ижодий ва илмий фаолияти даврида ат-Термизий бир қанча асарлар яратдики, уларнинг аксарият қисми бевосита ҳадисларга бағишланган. Гап шундаки, VII асрнинг биринчи ярмида давр жиҳатдан қисқа муддатда юзага келган Қуръони карим ислом таълимотида катта маданий ва тарихий аҳамиятга эга асосий манба бўлсада, мусулмон дунёсининг ижтимоий, ҳуқуқий ва ахлоқий томонларига оид жамики масалаларни ҳар томонлама тўла-тўкис қамраб ололмаган, албатга. Шу боисдан ҳам Ислом дини чегараларининг кенгайиши, унинг қонун- қоидалариш асосланган жамият ривожланган сари турли-туман янги ғоявий фикр-мулоҳазалар ва кўрсатмаларга эҳтиёж тобора кучая борган. Шу сабабдан ҳам барча жиҳатлардан намунали зот ҳисобланши пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзлари айтган ибратомуз панд-насиҳатлар, диний, ахлоқий масалаларга доир қарашлари, кўрсатмалари ҳамда пайғамбар алайҳиссалом ҳаёти, фаолияти хусусида қариндош-уруғлари, саҳобалари, яқин сафдошлари айтган ҳикоят ва ривоятлари ҳадисларни тўплаш кенг кўламда авж олган. Шунга кўра, ислом таълимотида ҳадислар Қуръондан кейин турадиган муҳим манбалар ҳисобланади. Ислом уламолари ўртасида илк даврдан бошлаб ҳадисларнинг тўғрилиги, уларни ишончли манбаларга асосланишига катта эътибор берилган. Чунончи, ўша даврнинг ўзидан бошлабоқ ноаниқ, чала-чулпа, ҳатго сохта ҳадислар ҳам эл орасида тарқай бошлаган. Шундай пайтларда улар қайта-қайта текширилиб, муҳаддисларнинг бетиним меҳнати натижасида асл ҳолига қайтарилиб, ёзма равишда қайд қилинган. Натижада исломшунос йирик уламолар орасида ишончли манбалар асосида тўпланган ва тартибга келтирилган олгита ҳадислар тўплами (Ас-сиҳоҳ ас-ситга) муаллифлари энг нуфузли ва мўътабар муҳаддислар деб тан олинган. Мана шу эътироф этилган машҳур муҳаддислардан бири Имом ат-Термизийдир.

Ат-Термизий қаламига мансуб асарларнинг аксарияти бизгача етиб келган. “Ал-жомиъ” (“Жаъмловчи”). “Аш-шамоил ан-насавийа” (“Пайғамбарнинг алоҳида фазилатлари”), “Ал-илал фи-л-ҳадийс” (“Ҳадислардаги оғишишлар”), “Рисола фи-л-хилоф ва-л-жадал” (“Ҳадислардаги ихтилоф ва баҳслар ҳақида рисола”), “Ат-тарих” (“Тарих”), “Китоб аз-зуҳд” (“Тақво ҳақида китоб”), “Китоб ул-асмо ва-л-куна” (“Исмлар ва лақаблар ҳақида китоб”) каби асарлар шулар жумласига киради.

Ат-Термизиининг асарлари ичида энг машҳури, шубҳасиз, “Ал- жомиъ” бўлиб, аввал эслатиб ўтганимиздек, пайғамбар алайҳиссаломга доир олтита ишончли ҳадислар тўпламларидан биридир. Ушбу асар илмий адабиёт ва манбаларда “Ал-жомиъ ал-кабир” (“Катта тўплам”), “Ал-жомиъ ус-саҳийҳ” (“Ишончли тўплам”), “Жомиъ ат-Термизий” (“Термизий тўплами”), “Сунан ат-Термизий” (“Термизий суннатлари”) номи билан ҳам аталиб, пайғамбар алайҳиссалом ҳаёти ва фаолиятига доир муҳим манбалардан ҳисобланади.

Ат-Термизийнинг машҳур таълифларидан яна бири “Аш-шамоил ан-набавийа” (“Пайғамбарнинг алоҳида фазилатлари”) бўлиб, баъзи манбаларда “Аш-шамоил фи шамоил ан-набий саллолоҳу алайҳи васаллам” номи билан ҳам келтирилган. Номидан ҳам кўриниб турибдики, бу асар пайғамбар алайҳиссаломнинг шахсий ҳаётлари, у кишининг суврат ва сийратлари, ажойиб фазилатлари, одатларига оид 408 ҳадиси шарифни ўз ичига қамраган манбадир. Бу ўринда шуни таъкидлаш керакки, пайғамбар алайҳиссаломнинг фазилатлари, одатлари ҳақидаги ҳадисларни тўплаш билан жуда кўп муҳаддислар шуғулланганлар ва бу хилдаги ҳадислар турли-туман китоблардан ўрин олган. Лекин ат-Термизий асарининг афзаллиги шундаки, у ҳадисларни мунтазам равишда тўплаб, муайян тартибга солган ва яхлит бир китоб ҳолига келтирган. Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаётига доир муҳим манба сифатида “Аш-шамоил ан-набавийа” азалдан исломшунос олимлар, тадқиқотчиларнинг диққатини ўзига тортиб келди. Араб тилида ёзилган ушбу асарга бир қанча шарҳлар ҳам ёзилган. Шу билан бир қаторда ушбу асарнинг тили равон, услуби ғоятда оддийлигини ҳам қайд қилиб утиш ўринлидир. Асарнинг форс ва турк тилларига таржима қилиниши ҳам унга булган қизқишнинг катталигидан далолат беради.

“Аш-шамоил ан-набавийа”нинг биринчи қисмида келтирилган ҳадиси шарифлар пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суврат (ташқи қиёфа)ларига, иккинчи қисмида келтирилган ҳадиси шарифлар эса ички дунёларию ахлоқий фазилатларини баён қилишга бағишланган.

“Аш-шамоил ан-набавийа”нинг XVI асрга оид бир қулёзмаси Тошкентда, Мовароуннаҳр мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланмоқца. 1980 йилда Тошкентдаги Диний бошқарма буюртмаси билан “Аш-шамоил ан-набавийа”нинг ушбу қулёзмаси офсет услубида нашр этилган бўлиб, унга қисқача сўзбоши Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний бошқармаси ҳайъатининг собиқ раиси, марҳум муфтий Зиёвудцинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратлари томонидан ёзилган.

“Аш-шамоил ан-набавийа” сўнгги йилларда ҳам Тошкентда бир неча бор нашр этилди. Бундан ташқари алломанинг 1200 йиллик юбилейи (1990) муносабати билан газета ва журналларда у ҳақида кўплаб мақолалар чоп этилди.

Хулоса қилиб айтганда, буюк ватандошимиз Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий бизга бой ва катта илмий мерос қолдирган. Афсуски, ҳозирча бу қимматбаҳо мерос жумҳуриятимизда етарлича ўрганилгани йўқ. Кенг жамоачилик оммаси ҳам унинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ғоятда оз маълумотга эга.

 

“Маънавият юлдузлари” (Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1999) китобидан олинди.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//