Тулепберген Қаипбергенов


20:10 / 12.10.2021 1578 0

 

1929 йил 7 майда Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли тумани Шўртанбой шаҳарчасида туғилган.

1947 йили Хўжайли педагогика билим юртини,

1955 йили Қорақалпоқ давлат педагогика институти тамомлаган.

“Амударё” адабий журнали бош муҳаррири,

Қорақалпоқ радио қўмитаси директор ўринбосари,

Қорақалпоқ Матбуот қўмитаси директор ўринбосари лавозимларида ишлаган.

1980 йилдан Қорақалпоғистон Республикаси Ёзувчилар уюшмасига бошчилик қилган.

Бердақ номидаги Қорақалпоғистон давлат мукофоти (1967), Ўзбекистон давлат мукофоти (1971) лауреати.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси ўринбосари (1987-91).

2003 йили “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонига муяссар бўлган.

2010 йили вафот этган.

 

Тулепберген Қаипбергеновнинг ҳаёти ва фаолиятини халқу Ватан номи, шарафини юксалтириш, ўз тарихи, маданий-маънавий меросларига эҳтиром, аждодлар­нинг орзу-интилишлари, ибратли ишларини давом эттириш ва авлодларга муқаддас мерос сифатида қолдиришнинг ибратли мактаби дейиш мумкин. Унинг бадиий маҳорат намуналари да­ражасига кўтарилган асарлари номлари билан саҳифалар тўли­ши мумкин. Адиб ХХ аср ўрталаридан умумбашарият экологик муаммосига айланган Орол фожиаси ва минтақадаги экологик масалалар билан шуғулланган, туркий тилли халкларнинг ўза­ро қардошлиги борасида амалий таклифлар киритган, Марка­зий Осиё халқлари маданияти жамғармасини бошқарган ижти­моий фаол шахс эди.

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Тулепберген Қаипбергенов ўзининг кўркам ижод на­муналари билан Ўрта Осиёдагина эмас, бутун дунё халқлари адабиётсеварларига танилган ёзувчи. Адиб ўзининг ҳикоялари, қиссалари, романлари ва драмалари, публицистика жанридаги мақолалари билан XX аср қорақалпоқ адабиётининг ривожига улкан ҳисса қўшди.

XX асрнинг 50-йилларидан бошлаб қорақалпоқ насрида Тулепберген Қаипбергенов номи пайдо бўлди. Ёш, иқтидорли қаламкаш шу даврдан бошлаб ўқувчиларга бири бирига ўхша­майдиган, мавзу ва бадиий-ғоявий жиҳатдан долзарб, қизиқар­ли бўлган асарларини тақдим этилган.

1951 йили ёшлар газетасида “Тилагим” номли биринчи достони чоп этилади. 1955 йили “Почтальон келганде” номли аса­ри, 1956 йили эса “Котиб” номли биринчи қиссаси ўқувчиларга тақдим этилади.

Тулепберген Қаипбергеновнинг биринчи китоби 1958 йил дунё юзи­ни кўрган. Сўнгра “Котиба”, “Муаллимга раҳмат”, “Совуқ том­чи”, “Уйқусиз тунлар” қиссалари, “Сўнгги ҳужум”, “Корақалпоқ қизи”, “Қорақалпоқ достони”, “Кўзнинг қорачиғи” романлари, “Қорақалпоқнома” роман-эсселари, “Саҳро булбули” каби асар­лари чоп этилиб, рус, ўзбек ва бошқа тилларга таржима қилин­ган.

Унинг “Қорақалпоқ қизи” китоби асосида “Ўзбекфильм” сту­дияси томонидан бадиий фильм тасвирга олинган. Адабиёт ва кинематографиямизнинг олтин фондидан жой олган бу асарда ХХ аср бошларидаги қорақалпоқ халқи ҳаёт тарзи ва оилавий турмушининг ўзига хос жиҳатлари акс этган.

Тулепберген Қаипбергенов ўз халқининг шонли тарихи, урф-одатлари, қадриятларини авлодларга етказиш йўлида заҳмат ва изланиш билан ижод қилган адибдир. Унинг “Қорақалпоқно­ма” (1986) (“Маманбий”, “Бахтсизлар”, “Сар­гардонлар”) трилогиясини қорақалпоқ халқи ҳаётининг ўзига хос бадиий-тарихий талқи­ни дейиш мумкин.

“Қорақалпоқман-таваккалчиман” асари, “Фамилия” пьесаси, “Бердақ” (“Саҳро булбу­ли”), “Ойдўст бобо” драматик асарлари ўз­бек, қозоқ, рус тилларига таржима қилиниб, театрларда саҳналаштирилган.

Ёзувчи Тулепберген Қаипбергенов қо­рақалпоқ ва ўзбек адабиётининг ривожига қўшган беқиёс ҳиссалари учун Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси (1975), Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1993), Бердақ номидаги (1967), Ҳамза номидаги (1971), Маҳмуд Қошғарий номидаги (1995), Михаил Шоло­хов номидаги (2004) давлат ва халқаро мукофотларнинг соҳиби бўлган.

Ёзувчининг меҳнат ва ижодий фаолияти давлатимиз томонидан муносиб тақдирла­ниб, “Шуҳрат” медали, “Дўстлик” ва “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан тақдирланган.

Тўлепберген Қаипбергенов яратган асар­лар ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ма­данияти, адабиёти тарихида, янги авлод­ларни ота-боболарнинг қутлуғ хотираси, орзу-интилишларига садоқатли ватанпар­вар инсонлар қилиб тарбиялашда ўзига хос мактаб бўлиб қолаверади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//