Озод Шарафиддинов


15:09 / 27.09.2021 1337 0

 

1929 йил 1 мартда Қўқон яқинидаги Охунқайнар қишлоғида туғилган.

1951 йили Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) филология факультетини тугатган.

1997 йилдан умрининг охиригача “Жаҳон адабиёти” журналининг бош муҳаррири бўлиб ишлаган.

1970 йили Беруний номидаги давлат мукофоти,

1990 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби”,

1997 йили “Меҳнат шуҳрати” ордени,

1999 йили “Буюк хизматлари учун” ордени,

2002 йили “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилган.

2005 йилда вафот этган.

 

Замонавий миллий зиёлиларнинг жасур ва фаол, ҳозиржавоб вакилларидан бири ҳисобланган Озод Шарафиддинов атоқли олим, мураббий, публицист ва таржимон сифатида машҳурдир. У илмий фаолиятида ўз­бек филологиясининг долзарб мавзуларида қалам тебратди. Жумладан, поэзия муаммолари билан шуғулланди, ўзбек шеърияти ҳақида адабий-танқидий мақолалар ёзди. Ўша даврдаги илмий-ижодий, адабий-танқидий изланишлари “Замон. Қалб. Поэзия” (1962) асарида ўз аксини топган. ХХ асрнинг 60-80-йилларида Чўлпон ҳаёти ва ижодини тарғиб қилишга интилди.

Озод Шарафиддинов ўзбек адабиётининг Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Мақсуд Шайхзода, Миртемир, Зул­фия сингари намояндалари ҳақида адабий портретлар яратди. Олим ижодида ўзга адабиётлар намояндалари ижоди ҳақида яратилган “Яловбардорлар” (1974) адабий-танқидий очерклар китоби муҳим ўрин эгаллайди. ХХ асрнинг 60-йилларидан ХХI асргача бўлган ўзбек адабий жараёнидаги ҳолатларни “Талант – халқ мулки” (1979), “Адабиёт – ҳаёт дарслиги” (1981), “Гўзал­лик излаб” (1985), “Ҳақиқатга садоқат” (1988), “Сардафтар саҳи­фалари” (1999), “Президент” (2003) сингари асарларида акс эттирди.

Мустақиллик йилларида Озод Шарафиддинов ҳам адабий танқидчи, ҳам таржимон, ҳам жамоат арбоби сифатида улкан ишларни амалга оширди. “Чўлпон” (1991), “Чўлпонни англаш” (1994) китоблари, “Эътиқодимни нега ўзгартирдим” (1997) асарларида мунаққиднинг эстетик принциплари акс этган. Ўз­бек адиблари, маданият-санъат арбоблари, олимлар ҳақида ўн­лаб мақолалар ёзди.

У жаҳон адабиётининг кўплаб намояндалари асарларини ўзбек тилига таржима қилди. “Кўлмак сувда қуёш парчаси” (Франсуаза Саган), “Қадимги хитой насри намуналари”, “Мону­ментал тарғибот” (Вл. Войнич), “Алкимёгар” (Пауло Коэло) син­гари асарлар шулар жумласидан.

Атоқли олим ўтган асрнинг 60-йилларидан адабиётшу­нос сифатида танилган. “Замон. Қалб. Поэзия” (1962) китобида адабий асарларни бадиийлик қонуниятлари нуқтаи назаридан тадқиқ этган. Унинг тадқиқотлари адабиётни миллий ғоялар ва адабий қонуниятлар асосида таҳлил қилишга бағишланган. “Адабий этюдлар” (1968) китобида ижодкор шахси ва унинг бадиий асардаги ўрни масалалари талқин қилинган. “Ялов­бардорлар” (1974), “Истеъдод жилолари” (1976) тўпламларига киритилган илмий мақолалари адабий ижоддаги анъаналар, мумтоз адабиётни ўрганиш воситалари ва жаҳон адабиёти тажрибаларини тадқиқ ва таҳлил қилишга бағишланган. Олим ижодининг чўққиси – “Ижодни англаш бахти” (2004) китобида ўзбек адабиётининг жаҳон адабий жараёни­да тутган ўрни ва илмий-маънавий ўзанла­ри тадқиқ этиб берилган.

Озод Шарафиддинов “ХХ аср ўзбек адабиёти тарихи” ўқув дастури (1997), “ХХ аср ўзбек адабиёти” (1999) дарслиги муал­лифларидан.

Мустақил юртимизда биринчи марта 1997 йилда “Жаҳон адабиёти” журнали таш­кил этилди. Дунё бадииятининг энг яхши намуналарини ўзбек китобхонларига етка­зиш мўлжалланган ва миллий адабиёти­миз тажрибаларини жаҳон миқёсида омма­лаштиришни кўзда тутган мазкур нашрнинг биринчи бош муҳаррири сифатида адабий жамоатчилик орасида катта мавқега эга бўлган олим Озод Шарафиддинов танланди. Эзгу ниятлар билан ташкил қилинган жур­нал илк сонлариданоқ ўз муштарийларини топди. Ҳозиргача чоп этилган сонларида дунё адабиётининг турли жанрларига хос кўплаб намуналар она тилимизда китоб­хонларга тақдим этилди. Айни кунларда ҳам нашр жамоаси биринчи бош муҳаррир, устоз Озод Шарафиддинов анъаналарини давом эттириб, “Жаҳон адабиёти” саҳифала­рида етти иқлимнинг энг нодир сўз мўъжи­заларини эълон қилиб келмоқда.

Етук адабиётшунос олим ва таржимон Озод Шарафиддинов умрининг охирларида оғир хасталикни бошдан кечирди. Тақдир­нинг бу синовига ҳам мардона дош бериб, барча қийинчиликларни енгиб ўтди. Қанча оғир бўлмасин, долзарб мавзуларда мақо­лалар ёзиб, адабий жараёнда пешқадам ижодкорлардан бўлди. Айниқса, устознинг таржимонлик борасидаги ишлари алоҳи­да таҳсинга лойиқ. Бир зум ҳам қаламини қўлдан қўймай, турли жанрлардаги кўплаб асарларни ўзбекчалаштирди. Оғир бемор­ликдаги бундай сермаҳсул, юксак савиядаги фаолиятни замондошлари юксак матонат сифатида тан олишди. Олимнинг ҳозиржа­воблик, шавқ ва илҳом билан ёзилган асарлари адабиётшуносликнинг ўзига хос наму­налари бўлиб қолади.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//