1946 йил 15 октябрда Наманган вилояти Уйчи туманида таваллуд топган.
1967 йилда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтини тамомлаган.
Ўз фаолиятини 1967 йилда ўқитувчиликдан бошлаган.
1968 йилдан Намангандаги тўқима матолар ишлаб чиқарадиган корхоналарда ишлаган.
1996 йилдан республика Меҳр-шафқат ва саломатлик жамғармаси вилоят бўлими раиси.
2002 йилда “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган.
2016 йилда вафот этган.
Акрамова Дилбар Абдулҳамидовна 1962 йилда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтига ўқишга қабул қилиниб, муҳандис-технолог мутахассислиги бўйича диплом олди.
Отасининг изидан борган Дилбархон ўз фаолиятини Наманган вилояти тўқимачилик техникумида ўқитувчиликдан бошлади. Кейинчалик у фаолиятини ўз мутахассислиги бўйича ишлаб чиқаришда давом эттириб, 1968–1970 йилларда Наманган нотўқима матолар ишлаб чиқариш фабрикаси лаборатория бошлиғи лавозимида ишлади. Ўз касбига нисбатан ниҳоятда қизиқиши, фидойилиги, меҳнатсеварлиги натижасида Дилбар Акрамова нотўқима матоларни ишлаб чиқариш сир-асрорларини пухта ўрганди, шунингдек, фабрикадаги кўплаб ёшларга билим ва кўникмаларини сингдириб борди. Ўзига нисбатан ўта талабчан Дилбар Акрамова ҳар соҳада тенгдошлари ва ҳамкасбларига ўрнак бўлгани боис, 1970 йилда шойи ишлаб чиқариш комбинатида ёшлар етакчиси бўлиб иш фаолиятини давом эттирди. Иш жараёнида соҳани янада ривожлантириш борасидаги талаб ва таклифларни изчил ўрганиб, уни амалиётга татбиқ этди ҳамда ижобий натижаларга эриша олди.
1975 йилда Дилбархон аврли шойи ишлаб чиқариш комбинати пиллакашлик корхонасига раҳбар ўринбосари лавозимига ўтказилди. Ипак маҳсулотларига бўлган талаб жаҳон бозорида ошиб бораётганлигини ҳисобга олган Д.Акрамова ўз навбатида комбинатда маҳсулот ҳажмини босқичма-босқич ошириш борасида ўз мулоҳазаларини ва изланишларини амалга ошириб борди. Мана шундай жараёнларда у ўзининг ташаббускорлиги билан корхонада ҳурматга сазовор бўлди.
Қайси корхона ёки ташкилотда ишламасин, ўз мақсадлари йўлидан оғишмайдиган қаҳрамонимиз 1986 йилда Наманган бадиий буюмлар фабрикасида директор лавозимида ўз фаолиятини давом эттирди. Ушбу фабрикада ўн йил давомида самарали меҳнат қилган Дилбархон Акрамова ўз жамоаси билан бир оиладек бўлиб ишлади ҳамда фабриканинг ривожланишига муносиб ҳиссасини қўшди.
1996 йилдан бошлаб Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик жамғармаси Наманган вилояти бўлими раиси лавозимида ишлаб, юзлаб қалбларга меҳр улашиш билан бирга юртдошларининг саломатлигини тиклашда ҳам қўлидан келган ёрдамини аямади. Бу орада Намангандаги нуфузли хотин-қизлардан бирига айланиб улгурган Дилбар Акрамова ўзи каби жўшқин ҳаётга интилувчан, касбини севувчи талай ёшларга устозлик қилди.
Сир эмас: ўзбек миллий матолари бугунги кунда дунё модалар оламида юқори баҳоланади. Кўҳна Наманганда тўқиладиган ранг-баранг ва бетакрор матолар – жилоси кўзни қамаштирувчи атласлар, санъат асари каби кўплаб мамлакатларда ўз шинавандалари қалбини забт этган адрасу шойилар саноатининг янада такомиллашувида ўз касбининг моҳир устаси Дилбар Акрамованинг салмоқли ҳиссаси бор, десак муболаға бўлмайди.
Маҳалладошлари, ҳамюртлари тақдирига бефарқ қарай олмаслик Дилбар Акромовага ота-онасидан мерос. У ўзи истиқомат қилган маҳалласида тузилган “Кексалар маслаҳати” гуруҳининг жамоатчи аъзоси сифатида маҳалладаги ёш оилалардан, турмушида қийинчиликларга учраган кишилардан маслаҳат ва ёрдамларини аямасди. Турли корхона ва ташкилотларда масъулиятли лавозимларда ишлаб юрган кезларида ҳам маҳалладошлари учун вақт ажратишни ўз бурчи деб ҳисоблади. Маҳаллада бўладиган тадбирлар, оммавий ҳашарлар ва тўй-маракаларга бош-қош бўлиб, миллий анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаш, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибатли бўлиш, ортиқча шуҳратпарастлик ва исрофгарчиликка йўл қўймаслик бўйича ёшларга ибрат бўла олди, шунингдек, доимий равишда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор, халқона қилиб айтганда, ўзгалар парвариши ва меҳрига муҳтож оилаларга ғамхўрлик қилди. Дилбар Акромова байрамларни кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олишдан бошлар, қўлдан келганча уларга кўмаклашар эди.
Элда “Олтин олма, дуо ол”, деб бежиз айтилмаган. Кўплаб юртдошлари дуосини олган Дилбар Акрамова “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланди.
Дилбар Акрамова оилада оқила рафиқа, меҳрибон она эди. Турмуш ўртоғи Жўраев Абдуллажон билан бирга уч нафар фарзандни ҳар томонлама элга манзур қилиб тарбиялади. Катта фарзанди муҳандис, қолган икки нафари ўқитувчик касбини эгаллади.
Ҳаёти ва фаолиятидаги фидойилиги юксак мартаба ва улкан муваффақиятлар олиб келди. Дилбар Акрамова ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтди.
//
Изоҳ йўқ