1936 йил 8 февралда Кегейли тумани Қазаяқли овулида туғилган.
1958 – 1962 йилларда Нукус давлат педагогика институтининг чет тиллар факультетида ўқиган.
1992 йилда “Ўзбекистон халқ ўқитувчиси” унвони,
1995 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени,
2001 йилда “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонига сазовор бўлган.
2006 йилда вафот этган.
Овулларда яшаш шароити оғир бўлгани учун 1949 йили она-бола тоғасининг ёнига – ҳозирги Нукус тумани Узункўл овулига кўчиб келишади. Алланияз Нукус шаҳридаги мактабда ўқиб, бўш вақтларида мева, полиз маҳсулотлари етиштирар, онаси уларни бозорга олиб бориб сотиб келарди.
Нукус давлат педагогика институтини томомлаб, ўрта мактабда ўқитувчилик фаолиятини бошлайди. Талабалик даврида ҳам, ўқитувчилик кезларида ҳам урушда боқувчисини йўқотганларга, бева-бечораларга, урушдан ногирон бўлиб қайтганларга қўлидан келганича ёрдам берарди. Айни шу фаоллиги, элпарварлиги билан юртдошларининг назарига тушди.
У 40 йил давомида моҳир устоз сифатида ёш авлодга чет тилини ўргатиш билан бирга, шогирдлари қалбига ватанпарварлик, меҳр-мурувватлилик, инсонпарварлик фазилатларини сингдиришга алоҳида эътибор қаратди. Унинг фикрича, устоз ўқувчилари онги-шуурига мана шу ҳислатларни жо эта олсагина, ёш авлоднинг ақл-идроки, билим ва тажрибалари эзгуликка хизмат қилади, қийинчилик ва муаммоларни енгиши осон кечади, жамиятимизнинг мустақил фикрли аъзосига айланади. А.Утениязов бундай тарбияни амалга оширишда педагоглар ислом динимиз, ота-боболаримиз тажрибасида синалган халқ педагогикаси таълимотларига таяниши зарур, деб ҳисобларди.
А.Утениязовнинг таълим самарадорлигини ошириб боришдаги зарур кўрсатмаларидан бири бу – замонавий технологиялар воситасида дарс ўтиш, электрон дарсликлардан фойдаланиш, интернет тармоқлари маълумотлари билан дарсларни бойитиш, лингафон, компъютер хоналаридан самарали фойдаланиш.
Сўз билан иш бирлиги – Алланияз Утениязовнинг фаолиятида, жамоат орасида топган обрў, эришган муваффақиятларининг асосий омилларидан бири бўлса, ажабмас. Фидойи устоз 42 йиллик меҳнат фаолияти давомида 36 оилага турар жой, 2 та мактаб, 2 та болалар боғчаси, 2 та тиббиёт пункти... фарзанди Ажинияз билан эҳтиёжмандларга яна 42 та турар жой қуриб бериб, дунёдаги энг меҳр-саховатли инсонларнинг бирига айланди.
1999 йили Нукус туманида “Саховат” фермер хўжалигини ташкил этиб, олма, ўрик, шафтолизорлар барпо этди. Хўжалик ҳудудидаги ишсиз аҳолини иш билан таъминлади. Айтишларича, сув танқис бўлган 2001 йили Алланияз Утениязов Қизкеткан каналидан аравада сув ташиб дарахтларни суғорган. Ўша боғлар ҳозир ҳам мўл ҳосил бериб турибди. Унинг меваларидан, аввало, Хўжайли туманидаги “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари баҳраманд бўлишган.
Инглиз тили муаллимининг меҳр-саховатли ишлари ҳақида хабар топган нафақат юртдошларимиз, хорижий газеталарда ўқиган миллионер, маданият ва фан арбоблари, дунёга танилган чемпион, эстрада юлдузлари, таниқли инсонлар унга эҳтиром, миннатдорчилик хатлари йўллаганлар.
Жумладан, Куба давлати раҳбари Фидель Кастро шундай ёзган: «Сиз ўзингизнинг саховатингиз билан кўплаб инсонлардан юксакда турасиз. Сизнинг бу фазилатингиз ёш авлодни тарбиялашда ҳали кўп намуна бўлажак».
Бокс бўйича жаҳон чемпиони В. Кличко эса ўз туйғуларини қуйидагича ифодалайди: “Сизнинг 30–35 йиллик меҳр-мурувватга тўла ҳимматингизни ҳар сафар рингдаги жанг олдидан 30–35 сония хаёлимда жонлантираман, сизни кўз олдимга келтириб, ибратингиздан мадад оламан. Шу вақт ўзимда қўшимча, енгилмас куч-қувват тўплангандай сезаман ва, албатта, ғалабага эришаман”.
Оддий муаллимнинг саховатларидан ҳайратга тушган аргентиналик миллионер Х. Сапун бўлса, шундай ёзган экан: «Менинг қўл остимда тўрт минг одам ишлайди, бойлигим кўп. Бироқ менинг бойлигим сенинг бойлигинг олдида чирик. Сенинг инсонийлик, маънавий бойлигинг ҳеч ўлмайди. Сенинг бу хизматларинг мен учун улкан янгилик. Ўқиб ҳайрон қолдим. Сенинг мурувватинг менга катта сабоқ бўлиб, ўзим-да меҳр-шафқатли бўлишга бел боғладим”.
Меҳнат фахрийси Алланияз Утениязов “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонига сазовор бўлди. Ҳаёт йўли ҳақида гап кетса, Алланиёз оға: “Ўзбекистон Қаҳрамони” атоғини олганим мен учун улкан мақтаниш”, – дерди фахр билан. Унинг ҳаёт ва фаолияти олтин узукка ёқут кўз каби қаҳрамонлик шарафини безаб турибди.
//
Изоҳ йўқ