1938 йил 13 ноябрда Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот туманида туғилган.
1961 йилда Нукус педагогика институтини битирган.
1985 йилдан умрининг охирига қадар Хивадаги 20-“Меҳрибонлик уйи”га раҳбарлик қилган.
1992 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими”.
2001 йили “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган.
2005 – 2009 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси бўлган.
2018 йилда вафот этган.
Вера Борисовна Пак институтни битирган йили турмуш ўртоғи Владимир Яковлевич Пак билан Хива шаҳридаги 3-мактабда кимё ва биология фанларидан дарс бера бошлади. Директорнинг синфдан ташқари ишлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаганида, жамоатчилик тадбирларида ҳам фаоллиги яққол кўрингач, унга Хива шаҳар халқ маорифи бўлими меҳнат таълими йўриқчиси вазифаси ҳам топширилди. Билимини чуқурлаштириб, устозлардан ўрганиб тажриба оширган Вера Борисовна таълим-тарбиявий ва жамоат ишларини уйғун олиб борарди.
Вера Борисовна Пак 1985 йилда Хивадаги 20-“Меҳрибонлик уйи”га раҳбар этиб тайинлангач, ишни жамоага фидойи, болаларни ҳақиқатан яхши кўрадиган педагогларни йиғишдан бошлади.
Ота-она бағри, меҳрига ташна, кўзларида болалик қувончи бўлмаган болалар билан ишлаш жуда қийин. Шундай муҳит пайдо қилиш керак эдики, бу катта оилада болалар кулгиси эшитилсин. Вера Борисовна ўйлаб-ўйлаб: “Бу даргоҳдаги болаларнинг кийимидан тортиб ўқиши, ҳаётигача барча тенгдошларидан имкон қадар фарқ қилмаслиги керак”, деган фикрга келди. Муассасадаги ўғил-қизлар билан она бўлиб диллашди, уларнинг ҳаммасига бир қолипдан чиққан эмас, балки ҳар бирининг дидига қараб пойабзал, кийим-кечак сотиб олинадиган бўлди. Директор иш вақти тугаганда ҳам уйига шошилмас, алламаҳалгача болалар билан суҳбатлашарди, ёнларида бўларди. Оқибатда, тарбияланувчилар хоҳлаган вақтида Вера онанинг олдига кириб, дилдаги гапларини айтадиган бўлишди. Ўз-ўзини бошқариш органи, сардорлар кенгаши, тарбияланувчилар кенгаши – бундай жамоатчилик гуруҳлари ишига жалб этилган болаларда бир-бирларига ёрдам бериш, мустақил фикр юритиш, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хоҳиш-малакалари шаклланди.
Вера Борисовна миллий урф-одатларни “Меҳрибонлик уйи” ҳаётига татбиқ этиш билан болаларда қадриятларга меҳр уйғотди, катта оила аъзоларининг ҳамжиҳатлигини кучайтирди. Наврўз айёми арафасида тўкин дастурхон ёзиб ўтказилган суннат тўйларига воҳанинг меҳридарё, саховатли инсонлари меҳмон бўлиб, болаларга совғалар улашдилар.
Ҳар йилнинг 13 ноябрь куни Вера Борисовнанинг хонаси гулларга тўларди. Вояга етиб, бу даргоҳдан кетган ўғил-қизларларнинг муаммоларини ҳам кўпинча онахоннинг ўзи ечарди. Уларнинг уй-жой билан таъминланиши, касб танлаши, ўрта ва олий ўқув даргоҳларини битиргандан сўнг иш билан таъминланиши, янги жойга мослашиши, умуман, уларнинг ижтимоий интеграцияси масалалари бўйича Вера Борисовна раҳбарлигидаги мутахассислар тажрибалари халқаро форумларда ҳам оммалаштирилган.
Ўз қадриятлари ва анъаналарига эга бу жамоа ва унинг вакиллари “Энг яхши Меҳрибонлик уйи”, “Энг яхши Меҳрибонлик уйи тарбиячиси” кўрик-танловлари ва уларнинг “Энг меҳмондўст Меҳрибонлик уйи”, “Энг яхши таълим-тарбия дастурини ишлаб чиққан Меҳрибонлик уйи” каби йўналишларида республика босқичи ғолиби, совриндорлари бўлишган. Албатта, бу ютуқлар Ўзбекистон Қаҳрамони Вера Пак, унинг ҳамкасблари фидойи меҳнатлари самарасидир.
Ўзбек халқи ва унинг урф-одатлари, қадриятларига ҳурмати, меҳри чексиз бу ажойиб инсонни яқиндан билганлар: “Вера Борисовна – тиниб тинчимаган, қалби, юраги, бутун вужуди меҳр билан йўғрилган, елкалари масъулият, бурч, машаққат юкларини дадил кўтарган ва шу туфайли кўп ютуқларга эришган раҳбар Она. Қанчадан-қанча эзгу, савоб ишларга бош бўлди”, – дейдилар.
Вера Борисовна тарбияланувчиларининг “Она!” деб чақиришларидан бахтиёр эди. 57 йиллик педагогик фаолияти давомида қанчадан-қанча болажонларга устоз бўлди, оқ ювиб, оқ тараб мустақил ҳаётга тайёрлади, ҳаётда йиқилган, қоқилган фарзандларга тўғри йўл кўрсатди, қанчасини қўллаб-қувватлаб олийгоҳларда ўқитди, уй-жой, иш билан таъминлашга ёрдам берди, билим ва тажрибаларини ҳамкасбларига, ёшларга ўргатди.
Владимир Яковлевич ва Вера Борисовна оилада ҳам, меҳнат жабҳасида ҳам ёнма-ён, ҳамдард, ҳамфикр эдилар. Фарзандлари Инесса, Валерия, Вадим ота-оналаридек уқувли, меҳнаткаш бўлиб вояга етдилар. Ҳалол меҳнат мевалари бу хонадонга файзу барака келтирди.
Вера Борисовна Пак “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими”, “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонлари билан тақдирланди. Зеро, бу муҳтарам Она: “Инсон дунёга яхши иш қилиш, яхши из қолдириш учун келади” деган шиорига амал қилиб садоқат билан ишлади, яшади ва ўйлаймизки, қалбларда ўзи орзулагани каби яхши хотиралар қолдирди.
//
Изоҳ йўқ