Саид Аҳмад


14:09 / 15.09.2021 1124 0

 

1920 йил 10 июнда Тошкентнинг “Самарқанд дарвоза” маҳалласида туғилган.

Беньков номидаги тасвирий санъат билим юртида ва Тошкент педагогика институтида (1940 – 1943) таълим олган.

“Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” (1968), Давлат мукофоти лауреати (1977), “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” (1980), “Шуҳрат” (1994) медали, “Дўстлик” (1995) ва “Буюк хизматлари учун” (1997) орденлари соҳиби.

1999 йилда “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган.

2007 йилда вафот этган.

 

Ўзбек насрининг пешқадам вакилларидан бўлган Саид Аҳмад Ҳусанхўжаев ўрта мактабни битиргач, Беньков номидаги тасвирий санъат билим юртида ва Тошкент педагогика олийгоҳида бир муддат таълим олган. Ёшлигидан Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор асарларини севиб мутолаа қилган, турли адабий давраларда иштирок эт­ган Саид Аҳмаднинг ижодга ҳаваси эрта уйғонади. 1938 – 1947 йилларда “Муштум” журнали, Ўзбекистон радиокомитети, “Қи­зил Ўзбекистон” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газетаси ва “Шарқ юлдузи” журналларида адабий ходим бўлиб ишлаган даврида вақтли матбуот Саид Аҳмад учун ижод дорилфунуни вазифа­сини ўтаган.

Ёзувчининг “Тортиқ” номли илк ҳикоялар тўплами 1940 йилда нашр этилади. Иккинчи жаҳон уруши ва урушдан кейинги йилларда Саид Аҳмад кўплаб фельетон, очерк ва ҳикоялар ёзди. Унинг “Эр юрак” (1942), “Фарғона ҳикоялари” (1948) тўпла­ми, “Муҳаббат” (1949) ва “Қадрдон далалар” (1949) китоблари ўқувчилар эътиборига тушди. Аммо... ўтган асрнинг 50-йилла­рида кўп зиёлилар сингари Саид Аҳмад ҳам собиқ тузум қа­тағони азобларини тортди. У 1950 йилнинг 10 май куни “халқ душмани, аксилшўровий миллатчилар гуруҳи аъзоси, зарарли ғоялар тарғиботчиси” деб айбланиб, Қозоғистондаги Жезқазған сиёсий махбуслар лагерига ҳукм қилинди. Сталин вафотидан сўнг оқланиб, 1955 йил март ойида озодликка чиқди.

Она юртга қайтган Саид Аҳмад астойдил ижодга киришади. У “Чўл ҳикоялари” (1960) тўпламига кирган ҳикояларида за­мондошларининг мураккаб тақдири, руҳий кечинмалари, Ик­кинчи жаҳон урушининг даҳшатли оқибатларини тасвирлайди, уруш қаҳрамонларини улуғлайди.

Адибнинг замонавий мавзуда ёзилган “Чўл бургути”, “Ўрик домла”, “Лочин”, “Одам ва бўрон”, “Бўстон”, “Тўйбоши” каби асарлари Саид Аҳмад ижодида ҳам, ўзбек насрида ҳам янги­лик бўлган.

Саид Аҳмад кичик ҳикоялардан аста-секин йирик полотно­лар яратишга ўтди. “Қадрдон далалар” (1949), “Ҳукм” (1958) қиссаларидан кейин ёзилган “Уфқ” (1964 – 1974) трилогиясида миллат ҳаётининг Иккинчи жаҳон уруши ва[П1]  урушдан кейин­ги ўн йиллик даври қамраб олинган: ўша йиллари халқ бошига тушган мусибатлар, одамларнинг дарду армонлари, оддий инсонларнинг оғир мусибатларни енгишдаги матонат ва шижо­атлари ёзувчи истеъдодига хос ёрқин маҳорат билан акс этти­рилган.

Адиб фельетон жанрида ҳам самарали ижод қилган. Унинг вақтли матбуотда мунтазам чоп этилиб турган фельетонларида жамият тараққиётига тўсиқ бўлган порахўрлик, ўғирлик, дан­гасалик каби иллатлар ва ярамас урф-одатлар фош қилинган, хаётнинг муҳим маънавий масалалари мавзу қилиб олинган.

Саид Аҳмад истиқлол йилларида ҳаётдаги ижобий ўзгаришлар ҳақида кўплаб мақола, бадиалар ёзди. “Йўқотганларим ва топганларим” (1998) хотиралар тўплами, “Қоракўз мажнун” (2001), “Киприкда қолган тонг” (2003) тўпламлари, уч жилдли “Танланган асарлар”и (2000), “Зилзила” (2005), “Тошларда қот­ган ҳайрат” (2006) тўпламлари чоп этилди. Ёзувчининг ўзи яқиндан мулоқотда бўлган устоз адиблар: Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Мақсуд Шайхзода, Шуҳрат, Мирте­мир, ҳаётининг барча синовларида маънан, қалбан яқин йўлдоши, садоқатли ёри – ажойиб шоира, ёзувчи Саида Зуннунова каби атоқли адиблар, шогирдлари, ҳаёт ва ижод йўли ҳақидаги хотира-эсселаридан иборат “Йўқотганларим ва топганларим” китоби адибга катта шуҳрат келтирди.

Саид Аҳмад драматург сифатида ҳам та­нилган. “Келинлар қўзғолони”, “Куёв”, “Фар­монбиби аразлади”, “Ўрик домла”, “Ҳасан билан Ҳусан” каби саҳна асарларининг му­аллифидир. Унинг пьесалари Ўзбек Миллий академик театри ва Қозоқ Миллий академик театрларида, республикамизнинг вилоят театрларида, “Келинлар қўзғолони” пьесаси Америка Қўшма Штатлари ҳамда дунёнинг бошқа кўплаб мамлакатлари театрларида саҳналаштирилган. Саид Аҳмад сценарийла­ри ва пьесаси асосида “Муҳаббат можароси” (1971), “Тўйлар муборак” (1978), “Келинлар қўзғолони” (1985) номли бадиий фильмлар тасвирга олинган.

Адибнинг кўпгина асарлари қардош ва хорижий тилларга таржима қилинган. Саид Аҳмад – Ўзбекистон давлат мукофоти лауре­ати. Унинг адабиёт олдидаги хизматлари му­носиб тақдирланди. “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонига сазовор бўлди.

Саид Аҳмад билан хассос шоира Саида Зуннунованинг қаттол тузумнинг оғир си­новларида тобланган, ўша замон истибдод­ларидан ғолиб муҳаббати, ҳаёт ва ижодлари ҳақида Нодира Ҳусанхўжаева сценарийлари асосида иқтидорли режиссёр Нозим Аббо­сов “Саид ва Саида” номли бадиий фильм ва “Сабру садоқат” телесериалини томошабин­ларга тақдим этди.


 [П1]

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//