1955 йил 8 мартда Бухоро вилоятининг Бухоро туманидаги “Арабхона” қишлоғида туғилган.
Меҳнат фаолиятини 1973 йилда Бухоро тўқимачилик фабрикасида бошлаган.
1996 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени,
1999 йилда “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган.
“Олти ёшдалигимда ота-онам, опамга эргашиб, пахта даласидан бери келмасдим, чопиқ, ягана, пахта йиғим-терими дейсизми, ҳамма-ҳамма жараёнда бажону дил иштирок этардим,” деб эслайди Мартия опа ўз болалигини.
Мартия опанинг расмий биографиясида шундай битиклар бор: “1973 йили Бухоро тўқимачилик фабрикасида оддий ип йигирувчи сифатида иш бошлади, йиллар мобайнида бу соҳада янгиликларга интилиб меҳнат қилди... Меҳнаткаш ходимнинг яна бир хусусияти шундан иборат эдики, у бир вақтнинг ўзида бир неча дастгоҳларни чаққонлик билан бошқара олади”.
Опанинг ҳаёти ва фаолиятида умрига зеб бериб турадиган бошқа жиҳатлар ҳам борки, буни ўзидан эшитишни афзал ва мароқли.
– Биринчи устозим опам – Раҳматова Раҳимахон эдилар. Ёшлигимда пахта теримида ҳам, вояга етиб, тўқимачилик корхонасига ишга кириб, бугунгидай обрў-эътибор топишимда ҳам опамнинг ҳиссаси катта бўлган. Келинг, ҳаммасини бир бошдан ҳикоя қилиб берай, – деди Мартия Аҳмадовна кўнгли ёришиб. – Отам Раҳматов Аҳмад ўз замонида икки уруш қатнашчиси, 2 йил япон урушида, 3 йил немис фашистларига қарши курашларда иштирок этган. Урушдан эсон-омон қайтиб келгач, Бухорога эвакуация қилинган украин қизи – онам Нина Степанчук билан турмуш қуришади. Тарбиямиз ҳам, бир-биримизга меҳр-оқибатимиз ҳам ўзбекча. Улар бағри кенг инсонлар эдилар. Бўй етиб қолган биз қизларини Фарғонадаги 7-касб-ҳунар билим юртига ўқишга юбордилар.
Бахтимизга 1973 йили Бухоро тўқимачилик фабрикаси чилиб қолди. Ўша даврда мазкур корхонада 17 000 ишчи хизмат қиларди. Раҳбарларимиз Шукрулла Давиров, Раҳим Файзиев, Зубайдулла Асланов ва бошқалар бизни бир жамоа, бир тану жон этиб тарбиялашган. Ишхонамиз иккинчи уйимиздек эди. Завқу шавқ билан меҳнат қилардик. Шу ерда тақдирим Садриддин Қўзиев исмли йигит билан боғланди. Бир корхонада хизмат қилиб, бахтимизни топдик, икки фарзандимизни тарбияладик, бир-биримизга елкадош бўлдик. Ҳамкасбларимни айтмайсизми, Раҳимова Ҳадия, Сулаймонова Фароғат, Ниёзова Манзуралар билан мусобақалашиб ишлардик.
Бир гал корхонамизга россиялик тўқимачилар келиб, ишларимиз билан танишдилар. Кўкрагида олтин юлдуз порлаб турган бир аёл ёнимга келиб, мақтангиси келди чоғи, кўксига ишора қилиб, чаққонгина экансан, сидқидилдан ишласанг, мен каби “герой” бўласан, деди. Ўшанда ростакамига ҳавасим келган эди. Чин дилдан меҳнат қилдим, “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонига сазовор бўлдим. “Меҳнат шуҳрати” ордени билан ҳам мукофотланганман. Буларнинг ҳаммаси мени янада қизғин меҳнат бағрига чорларди. Ишонасизми, П76-5М маркали битта дастгоҳда 336 та урчуқ айланарди. Мен уларнинг учтасини, баъзан 4-5 тасини ҳам кузатиб турганман. Ҳар бир урчуқда айланаётган ип қатими узилмаслиги керак. Акс ҳолда ундан тўқиладиган мато сифатига зарар етади. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, битта ип йигирувчи 3 та дастгоҳ атрофида бир кунлик иш вақтида ўртача 18 километр йўл босар экан. Ип йигирувчи шу даражада тез ва чаққон ҳаракат қилиши керак. Биз тайёрлаган калава ипларнинг йўғон-ингичкалигига қараб, сатин, чит каби турли газламалар тўқилади ва нақшлар босилиб, истеъмолга чиқарилади. Маҳсулотларимиз хорижий мамлакатларда ҳам харидоргир эди.
Мартия опанинг отаси унинг фаолиятига ҳеч бефарқ бўлмаган, байрам кунлари совға-салом билан кириб борганида роса дуо қиларди. Қаҳрамонимизнинг армони шуки, ота-оналари муваффақиятларини кўрмай кетдилар. “Уларнинг охиратлари обод бўлсин”.
Биз ҳам меҳнатда чиниққан, умр бўйи элу юрт фаровонлиги йўлида хизмат қилиб толмаган Мартия опага сиҳат-саломатлик, узоқ йиллар меҳнатлари роҳатини кўриб юришини тилаймиз.
//
Изоҳ йўқ