Аҳмад Югнакий


16:09 / 10.09.2021 883 0

 

Илк ислом даврининг туркий тилдаги маданият обидалари бизгача жуда кам етиб келган. Ҳозирча туркий адабиётнинг бизга маълум намояндаси машҳур “Ҳибат ул-ҳақойиқ” асарининг муаллифи Аҳмад Югнакийдир. У ҳақидаги маълумотларни биз XV асрга оид Алишер Навоий, Арслон хожа Тархон ва бошқалар ёзиб қолдирган маълумот ҳамда шоирнинг ўз ёзганларидан биламиз.

Аҳмаднинг бобоси Мовароуннаҳрда ислом динини илк қабул қилган туркий қавмлардан бўлиб, бу воқеа тахминан Қутайба замонида (милодий 706–715 йиллар орасида) юз берган. Бўлғуси шоирнинг отаси Маҳмуд Югнакий VIII асрнинг биринчи ярмида дунёга келган. Манбаларда Аҳмаднинг туғилган жойи Югнак деб аталади. Бу номдаги қишлоқлар қадимги Самарқанд атрофи, Фарғона водийси ва Сирдарё бўйларида мавжуд бўлган. Маҳмуд Югнакийнинг йигит бўлиб етилган даврлари Абу Муслим Уммавийлар сулоласига қарши қуролли қўзғолон бошлаган 747–750 йилларга тўғри келади. Адиб Аҳмад ҳам шу даврларда таваллуд топган бўлиши керак. У онадан кўзи ожиз туғилган. Алишер Навоий бу ҳақда шундай ёзади: “Ҳақ субҳонаҳу ва таоло агарчи зоҳир кўзин ёпуқ яратгандур, оммо кўнгил кўзин бағоят ёруқ қилғондур”. Аҳмад ёшлигидан жуда қобилиятли ва зийрак бўлган. Кўзи ожизлиги сабабли ўзга турк йигитлари сингари от миниб, қилич чопишга эмас, Қуръони каримни ёд олиб, Расулуллоҳ ҳадисларини ўзлаштиришга жидду-жаҳд кўрсатган.

Унинг ўсмирлик чоғларида оиласи Бағдод яқинига кўчиб борган бўлса керак, уйдан неча чақирим пиёда йўл босиб Бағдодга, ислом оламининг энг буюк аллома устозларидан, ҳанафия мазҳабининг асосчиси Имоми Аъзам Абу Ҳанифа ан-Нўъмон ибн Собит (699–767) ҳузурига сабоқ олиш учун қатнай бошлади. Ушбу дарсларда илк ислом маданиятининг етакчи алломалари имом Абу Юсуф ал-Ансорий (731–804) ва имом Муҳаммад аш-Шайбон (749–805) Аҳмаднинг ҳамсабоқлари бўлгани ҳақида Алишер Навоий келтирган маълумотлар ниҳоятда диққатга сазовордир. Имоми Аъзам Аҳмадни барча шогирдларидан аъло кўргани ҳақидаги нақл то XV аср Навоий давригача етиб келди ва “Насойим ул-муҳаббат” китобида акс этди.

Адиб Аҳмад исломий билимларни пухта эгаллаб, ўша даврнинг етук олимларидан бирига айланди. Бу соҳада маълум маънода “ал-Абад ал-Кабир”, “ал-Адаб ас-Сағир” китобларининг муаллифи Ибн ал-Муқаффага (759 йили ўлдирилган) муносиб издош, араб оламининг буюк адиби ал-Жоҳизга (775–868) салаф бўлди. Унинг илмий-назарий рисолалар ёзган ёки ёзмагани бизга номаълум.

Адиб Аҳмад салоҳиятли шоир ва ахлоқ муаллимидир. Ундан бизгача етиб келган ягона яхлит асар “Ҳибат ул-ҳақойиқ” (“Ҳақиқатлар туҳфаси”) достони бўлиб, 484 мисрадан иборат. Бу асарнинг бугунгача 3 та тўлиқ қўлёзмаси, 2 та айрим парчалари сақланиб қолган. Энг қадимгиси 1444 йили Самарқандда Улуғбекнинг нуфузли амирларидан Арслон хожа Тархон топшириғига кўра, котиб Зайнул Обидин ибн Султонбахт ал-Журжоний ал-Ҳусайний томонидан уйғур ёзувида кўчирилган. Матн орасидаги оят, ҳадис ва айрим байтлар араб ёзувида. Асар номи мазкур нусхада “Атабатул ҳақойиқ” (“Ҳақиқат эшиклари”) деб кўрсатилган. Кейинги нусха уйғур ва араб ёзувларида бўлиб, 1480 йили Туркистондан Истанбулга бориб қолган истеъдодли котиб Шайхзода Абдураззоқ бахши томонидан кўчирилган. Турк олими Нажиб Осим 1914–1916 йилларда ушбу нусхани топиб, тадқиқ этиб нашрдан чиқарди. Учинчи қўлёзма араб хатида бўлиб, унга Туркия султони Боязид II нинг (1481–1512) муҳри босилган. Демак, бу нусха ҳам XV аср охири XVI асрнинг бошида кўчирилган бўлиб чиқади.

Асар 14 бобдан иборат, биринчи 5 бобини муқаддима қисми деб аташ мумкин. Унда ягона Аллоҳи таолога ҳамд, Расулуллоҳ (САВ)га наът, тўрт улуғ саҳобалар – хулафойи рошидин мадҳи, амир Муҳаммад Додсипоҳсолорбек ва фазилат эгаси Анас ибн Муовияга бағишланган мадҳиявий сатрлар мавжуд. Муқаддима қисмининг охирида достоннинг ёзилиш сабаби баён этилган. Асар Хуросон ёки Мовароуннаҳрда яратилган бўлиши керак, чунки буюк амир Муҳаммад Додсипоҳсолорбек турк ва ажам мамлакатларининг ҳукмдори деб улуғланган, араблар эсланмаган. Аммо Анас ибн Муовия номининг тилга олиниши расман ҳали бу юртлар Аббосийлар халифалигига тобелигига ишора қилиб туради.

“Ҳибат ул-ҳақойиқ” асари ёзилган даврда форсий ва туркий достонлар учун умумий бўлган муайян шеърий шакл (яъни, аа, бб, вв усулида қофияланувчи маснавий шакли) ҳали-ҳануз мавжуд эмас эди. Шу боис асарнинг мадҳиявий кириш қисмлари ўша давр араб адабиётига хос бўлган қасида жанридан ижодий фойдаланиб ёзилган. Аммо достоннинг асосий қисми ва хулосаси қадим туркий оғзаки адабиётда кенг қўлланилган тўртликлар шаклида яратилган. Шу сабабли достон ҳажмини байтлар (2 сатрли банд системаси) билан ўлчаш тўғри эмас.

Аҳмад Югнакий номига “Адиб” сўзи қўшиб айтилиши маълум сабабга эга. У ўзини шоир эмас, балки адаб илми намояндаси деб билади. Достони ҳам туркий элатларга исломий одоб қоидалари, маънавий-ахлоқий камолот сирларидан таълим беришга мўлжалланган. Буни бобларнинг сарлавҳасидан ҳам англаш мумкин. Биринчи боб (аннавъул-аввал) – “Илм манфаати ва жаҳолатнинг зарари ҳақида” деб аталган. Маълумки, исломнинг илк нозил бўлган оятлари “Иқра!” (яъни, “Ўқи!”) деб бошланади ва илмга ташвиқ этиш ислом маънавиятининг муҳим асосларидан бирини ташкил этади. Достон матни орасида пайғамбаримизнинг “Илм Чин эли (яъни Хитой)да бўлса ҳам, ўрганинг!” деган ҳадиси араб тилида келтирилган ва ушбу фикр туркий тўртликлар шаклида шарҳланган. “Саодат йўли билим билан билинади”, дейди адиб. У билим эгаси бўлган аёл кишини эрлар қаторида кўради, билимсиз эркакни эса аёлдан ҳам заиф билади.

Алишер Навоий ўз асарида Адиб Аҳмад достонининг ушбу бобидан энг эркин тимсолни келтирган:

 

Сўнгакка илик тур, эранга билик,

Биликсиз эран ул иликсиз сўнгак.

 

Арслон хожа Тархон туздирган матнда шу сатрлар бироз бошқачароқ жаранглайди:

 

Сўнгакка йиликтек эранга билик,

Эран кўрки ақл, ул сўнгакнунг йиллик.

 

Билим эгаси вафот этганда ҳам унинг номи боқий қолади, деб хулосалайди шоир, аммо билимсиз киши тиригида ҳам ўликдан фарқи йўқдир. Адиб Аҳмад билимсизликни қоралаб, яна Расулуллоҳ (САВ) ҳадисларига мурожаат этади: “Тангри ҳеч қачон жоҳилларни азиз қилган эмас”. Илм қадрига фақат маърифатли одам етади, нодонга эса насиҳат бефойдадир. Адиб Аҳмаднинг фикрича, билим туганмас бойликдир: у фақир кишини бой этади, илм аҳлини эса араб ҳам, ажам ҳам олқишлайди.

Дарҳақиқат, Адиб Аҳмад яшаган давр, америка олими Франц Роузенталь таъбири билан айтганда, “илм тантанаси”нинг бошланиши эди. Халифа Маъмун (813–833) даврига келиб, Мовароуннаҳр ва Хуросон олимлари етакчилигида Бағдодда “Байт ул-ҳикма” (“Ҳикмат уйи”, яъни ўша даврнинг биринчи “Фанлар академияси”) иш бошлади. Адиб Аҳмад минтақа маданиятидаги ушбу мислсиз камолот йўлининг ибтидосида турар эди. Аммо давр мураккаб, ўта зиддиятли ҳам эди. Бу ҳолат илк туркий пандноманинг кейинги боблари мундарижасида ўз аксини топган. Иккинчи боб “Тилни тийиш ва бошқа одоблар ҳақида” деб номланади. Бу бобдаги машҳур сатрлар – “Тилинг бекта тутғил, тишинг синмасун, Қали чиқса бекта, тишингни сийур” яна Алишер Навоийнинг Адиб Аҳмад ҳақида ёзганларида бироз ўзгарган ҳолда такрор этилади. Адиб фикрича, киши бошига ҳар қандай иш тушса, тили туфайли содир бўлади, баъзилар яхшилик кўради, баъзилар афсус чекади. Ахмоқ одамнинг тили – душмани, кўп кишиларнинг тили туфайли қони тўкилди. Адиб Аҳмад беҳудагўйлик ва ёлғон сўзлашни қаттиқ қоралайди. Сўзнинг тўғриси ва қисқаси яхши деб ҳисоблайди. Боб давомида сир сақлашнинг муҳимлиги таъкидланади, “Ҳатто яқин дўстингдан ҳам эҳтиёт бўл”, дея огоҳлантиради шоир. Бундай огоҳлантиришлар замонанинг қалтислигини эслатиб турарди. Учинчи боб ҳам шунга мувофиқ “Дунё ҳолатларининг ўзгариб туриши ва дунё аҳлида вафо камлиги ҳақида”. Адиб Аҳмад ўз асарини кексалик чоғида ёзгани ушбу боб мазмунидан сезилади. Бу даврда Бағдод адабий-илмий муҳитидан ажралиб, ўз ота юртига қайтган бўлса керак. Адиб дунёнинг ўткинчилиги, киши умрининг елдек ўтиши, обод ўлкалар хароб бўлиб, доноларнинг кўпи дунёни тарк этганини афсус билан қайд қилади. Дунё бир қўли билан кишига асал тутса, иккинчи қўли билан оғу тутади. Шу сабабли “Егулигинг ва кийгулигинг бор бўлса, кўп ҳам мол-дунё йиғишга ружу қўйма”, дейди адиб.

“Ҳибат ул-ҳақойиқ” асари асосий қисмининг кейинги 4–7-боблари ҳам инсонларнинг юксак фазилатларини таърифлаш, нуқсонларини қоралашга бағишланган. Уларда саховат, қўли очиқлик, тавозе, инсонларга меҳрли бўлиш, вафоли, шавқатли, ҳалим табиатли, кечирувчан, камтар бўлиш тарғиб қилинади, бахил ва очкўзлик, молпарастлик, ғазабнок ва такаббурлик, риёкорлик, бесабрлик, зулм ва зўравонлик, сафсатабозлик қаттиқ қораланади.

Асар бошдан оёқ тавҳид эътиқодига таянади, муаллиф фикрлари Аллоҳ таолонинг муборак оятлари, Расулуллоҳ (САВ)нинг ҳикматли ҳадислари билан далилланади. Туркий тилда битилган шеърий матн орасида қатор оятлар, 20 дан ортиқ ҳадисларнинг асл арабий матни келтирилган, улар туркийда шеър воситасида шарҳ этилган. Асарда арабий сўзларнинг нисбатан кўп учраши ҳам Бағдод мактабининг таъсири бўлса керак. Умумий олганда “Ҳибат ул-ҳақойиқ” тил жиҳатидан жуда қадимий, аммо асрлар давомида кўп кўчирилиб, котиблар томонидан тушуниш қийин жумлалар соддалаштирилган, кейинги асрлар тил унсурлари асарга анча таъсир кўрсатган. Шу боис узоқ вақт Адиб Аҳмад яшаган давр ҳақида XII–XIII асрлар деган янглиш тасаввур мавжуд бўлган. Достон илмий-танқидий матнлари 1951 йили туркиялик олим Рашид Раҳмат Арат, 1972 йили ўзбек олими Қозоқбой Маҳмудов, кейинчалик Қозоғистон олимлари томонидан турли қулёзмаларни чоғиштириб тайёрланди ва чоп этилди. Бу нашрлар барчаси XV–XVI асрлар матнига таянади, чунки қадимийроқ қўлёзмалар сақланиб қолмаган. Достоннинг барча мавжуд қўлёзмаларида асл муаллиф матни охирига илова қилиб, бир номаълум котиб (ёки шоир) ва Амир Сайфиддин (шоир Сайфий)нинг алоҳида тўртликлари ҳамда Арслон хожа Тархоннинг 10 байтли маснавийси илова қилинган. Бу шеърий иловалар кейинги асрларда қўшилган бўлиб, тил хусусиятларига кўра ҳам Адиб Аҳмад асаридан фарқ қилади. Улар мазмуни асосан достон муаллифини таъриф этиш, унинг ҳаёти ва ижоди ҳақида қўшимча маълумотлар беришга қаратилган. Арслон хожа Тархон Адиб Аҳмад асарини “қашқарий тил била” ёзилган дейди, аммо муаллифнинг ўзи – “Анин уш чиқардим бу туркий китаби деб”, ёзган эди. Демак VI–VII асрларда шаклланиб бўлган умумминтақа туркий тилини Адиб Аҳмад даврида “туркий” аташган бўлса, кейинчалик маданий-адабий марказ Қорахонийлар пойтахтига кўчгач, уни “кошғарий” тил деб аташ расм бўлган ва Улуғбекнинг амири ушбу кейинги атамадан фойдаланган. Умуман, Адиб Аҳмад достони тил хусусиятларини Култегин, Тунюқуқ, Билга қоон битиклари билан қиёслаб ўрганиш туркий маданият такомилини тўғри англаб етишда катта аҳамият касб этади.

Илк ислом мутафаккирларидан бўлмиш Адиб Аҳмад Мовароуннаҳр ва Хуросонда туркий элатлар маданиятини юксалтиришга катта хизмат қилди. XI–XII асрларда ижод этган Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Яссавий каби нафақат ўзбек халқи, балки бутун турк олами, ҳатто ислом минтақасининг буюк алломалари ижодига Адиб Аҳмаднинг таъсири беқиёсдир. Алишер Навоий у ҳақида шундай ёзади: “Хейли элнинг муқтадоси эрмиш. Балки аксар турк улусинда ҳикмат ва нуқталари шоедур. (Кўпгина эл унга иқтидо қиладилар, яъни эргашадилар. Унинг ҳикматли сатрлари ва нозик ишоралари аксарият туркий халқлар орасида тарқалгандир). Дарҳақиқат, асосан маснавий шаклида ёзилган “Қутадғу билик” асари таркибида юзлаб туркий тўртликлар учрайдики, вазн ва қофияланиши, баъзан мазмуний йўналиши айни Адиб Аҳмад достонидаги тўртликларнинг ўзидир. Аҳмад Яссавий ҳикматларида ҳам мувофиқ жойлар йўқ эмас.

“Ҳибат ул-ҳақойиқ” асари Ўзбекистонда кенг ўрганилиб, ўзбек адабиёти тарихи дарсликларига киритилган.

 

“Маънавият юлдузлари” (Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1999) китобидан олинди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//