Мавлуда Исматова


15:09 / 08.09.2021 1008 0

 

1943 йил 7 майда Тошкент шаҳрида туғилган.

1968 йили Тошкент давлат педагогика институтини тугаллаган. Шу йилдан Тошкент туманидаги 26-мактабда бошланғич синф ўқитувчиси,

1983 йилдан 273-мактаб директори бўлган.

1995 йилда “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси” фахрий унвони,

1999 йилда “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган.

2018 йилда вафот этган.

 

Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб, касбларнинг ичида энг шарафлиси ўқитувчи ва мураббийликдир. Зотан, бир мурғак гўдакнинг инсон бўлиб камол то­пиши, шахс бўлиб шаклланишида бу фидойи касб соҳибларининг ҳиссаси улуғ.

Мавлуда Исматова муаллимлик касбини умр мазмуни деб билди, Ҳаётининг сўнгигача касби ва жонажон мактабига содиқ қолди. Умр йўллари эса барчага ибрат бўлгудек.

М. Исматова ўрта мактабни тугатганидан сўнг Тошкент дав­лат педагогика институти (ҳозирги Тошкент давлат педагогика университети)нинг тарих-филология факультетида таҳсил олди.

Меҳнат фаолиятини бошланғич синф ўқитувчиси сифати­да бошлади. Айни шу даргоҳда у муаллимлик касбининг ба­ланд-пастини ўрганди, тобланди, тажриба орттирди, 1975 – 1979 йилларда ушбу таълим масканида рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси бўлиб ишлади, болаларни қардош тил бойли­ги, сир-синоатларидан бохабар қилди, адабиёт бўстонига олиб кирди. Кейинроқ директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари лавозимида масъулият билан иш олиб борди, мактаб ривожига, таълим сифати ортишига муносиб ҳисса қўшди.

Иш жараёнида ўзини кўрсатган М. Исматова 273-умумий ўрта таълим мактабига директор этиб тайинланди. У вақтларда мактаб тумандаги ўртамиёна билим масканларидан ҳисобла­нар, битирувчиларнинг олий ўқув юртларига қабул қилинишлари даражаси ҳам паст эди. Янги директор мактабда таълим сифатини яхшилаш, самарадорликни ошириш йўлида кўп изланди, муаммолар ечимини топишга ҳаракат қилди. Бу орада мамлакатимиз мустақилликка эришди. Бошқа соҳалар қатори таълим тизимида ҳам ислоҳотлар амалга оширила бошланди. Улар эса ташаббусларга йўл очди.

Мавлуда Исматова мактабда таълим сифатини оширишни олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш­дан бошлади. Шаҳардаги нуфузли университет ва институт­лар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш ҳақида шартномалар им­золанди. Шартномаларга кўра, олий ўқув юртлари мактабда ўз йўналишлари бўйича синфлар ташкил қилдилар, уларнинг профессор-ўқитувчилари бу синфларда дарс бера бошладилар. Лойиҳа иш берди, болаларда ўқишга қизиқиш ва билим дара­жаси ортди. Республика ва шаҳар миқёсидаги турли фан олим­пиадаларида совринли ўринларни қўлга кирита бошладилар. Битирувчилар орасида олий ўқув юртларига қабул қилинган­лар сони кескин ошди.

– Бу республика миқёсида янгилик бўлди. Ҳали ҳеч бир мак­табда айни тажрибага қўл урилмаганди. Тўғри, ихтисослашган мактаблар кам эмасди, лекин улар давлат томонидан ташкил этилганди. Мавлуда опа эса шахсий ташаббус ва елиб-югуриш билан бу ишни амалга оширдилар. Натижа эса барчани ҳайрат­га солди, мактабнинг обрўси ошиб кетди. Энди бошқа туманлар­дан ҳам ота-оналар фарзандларини шу мактабда ўқитиш орзуси билан мурожаат қиладиган бўлишди. Кейинроқ бу ташаббус бошқа мактабларга ҳам қанот ёзди, – деб хотирлайди шу туман­даги 274-мактаб муаллимаси, Республика халқ таълими аълочиси Маҳмуда Валиева.

М. Исматова 50 йилдан зиёд фаолияти давомида ўзини моҳир ўқитувчи, ёшларнинг севимли устози, ўқув-тарбия жараёнларини илмий асосда ташкил этиш, таълимни ҳаёт ва амалиёт билан уйғунлаштириш, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш бо­расида катта салоҳиятга эга бўлган билим­дон мутахассис сифатида намоён этди. Ана шундай фазилатлари билан мустақиллик йилларида мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасида кенг кўламли ислоҳотларни амал­га оширишга, ёш авлодни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбия­лашга муносиб ҳисса қўшди.

– Биз муаллимлар олдига баркамол, ҳар томонлама етук, Ватанимизга тиргак бўлув­чи ёшларни тарбиялашдек улкан вазифа қўйилган. Бу йўлда куч-қувватимни аямай­ман, – деган эди Мавлуда Исматова бир суҳ­батда.

У бу сўзларини меҳнат ва изланишла­ри билан амалда исботлаб яшади. Фидойи педагог раҳбарлик қилган даргоҳ бир неча бор “Йилнинг энг яхши мактаби” сифатида эътироф этилди, унинг педагогик тажриба­си мамлакатимиз миқёсида кенг ўрганилиб оммалаштирилди. Устоз барча тажрибала­рини ёш мутахассисларга ўргатди, кўплаб шогирдлар етиштирди. Ҳаёти, инсоний фа­зилатлари, кўз нури ва қалб қўри, бутун бор­лиғини таълим тизимига бахшида қилди. Таълим соҳасида ўз мактабини яратди.

Бой билим ва ҳаётий тажрибага эга бўл­ган М. Исматова жамоат ишларида ҳам фаол иштирок этиб, эл-юрт ўртасида катта об­рў-эътибор қозонган эди.

Унинг маърифатга йўналтирилган ярим асрлик самарали фаолияти давлатимиз то­монидан муносиб тақдирланди.

– Мен шунчалик ҳаяжонга тушдимки, ҳали-ҳануз ўзимга келолган эмасман. Чунки мен каби оддий ўзбек аёли, оддий муалли­манинг меҳнати шундай юксак мукофот – “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонига муносиб топилди. Мен шу пайтгача ўзимни бахтли она, деб ҳисоблаб келардим. Энди эса мен том маънода бахтли аёлман, – деб ўз қувон­чини баҳам кўрганди Мавлуда Исматова.

Ўз соҳасининг фидойиси Мавлуда Исма­това 75 ёшида вафот этди. Умр йўлларини илм зиёси нурафшон этган қанчадан қанча юртдошларимиз орасида шундай инсонлар борки, уларнинг қалбида устоз Мавлуда опа сиймоси ўчмас, фазилатлари ибрат бўлиб қолган.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//