1936 йил 28 декабрда Фарғона вилояти Олтиариқ туманида зиёли оилада таваллуд топган.
1960 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг филология факультетини тамомлаган.
1983 йилда Ўзбекистон давлат мукофоти,
1987 йилда “Ўзбекистон халқ шоири” унвони,
1997 йилда “Буюк хизматлари учун” ордени,
1999 йилда “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган.
2016 йилда вафот этган.
Илк шеърий тўплами – “Тонг нафаси” 1961 йилда нашр этилган. Шундан сўнг шоирнинг “Қўшиқларим сизга” (1962), “Юрак ва ақл” (1963), “Менинг юлдузим” (1964), “Муҳаббат” (1976), “Тирик сайёралар” (1978), “Шарқий қирғоқ” (1982), “Келажакка мактуб” (1983), “Бедорлик” (1985), икки жилдли “Муҳаббатнома”, “Садоқатнома” сайланмаси (1986), “Куй авжида узилмасин тор” (1991), “Яхшидир аччиқ ҳақиқат” (1992) сингари бир қатор китоблари чоп этилган. Адиб ижодида “Ёшлик девони” (1969) китоби алоҳида ўрин тутади. Мазкур тўплам билан ижодкор мумтоз адабиёт анъаналарини муносиб давом эттириб, арузга замонавий руҳ бағишлади.
Халқимиз, Ватанимиз тарихидаги улкан воқеа – Мустақиллик халқ меҳрини қозонган атоқли шоир ижоди ва фаолиятига кучли илҳом бағишлади, янги давлатнинг қонуний асосларини яратиш, азалий қадриятларни улуғлаш, ўзликни англаш йўлида фидойилик билан хизмат қилди. Парламент аъзоси, таниқли жамоат арбоби сифатида мамлакатимиз сиёсий ҳаётида фаол иштирок этди. Ватанпарварликка даъват этувчи публицистик мақолалари билан давр руҳини акс эттирган бўлса, шеърий, драматик асарларида қалб туғёнларини ифодалади. Эркин Воҳидовнинг шу йиллардаги ижоди мустақиллик ғоялари билан тўйинган, янги маънавий қадриятларни улуғлашга сафарбар этилган бадиий хазина бўлди.
Мустақиллик йилларида шоирнинг ижоди она халқи томонидан интиқлик ва меҳр билан кутиб олинди. 2000 – 2001 йилларда чоп этилган тўрт жилддан иборат сайланмаси (“Ишқ савдоси”, “Шеър дунёси”, “Умр дарёси”, “Кўнгил нидоси”), “Девон” (2015), “Ўзбегим” (2016) сингари тўпламлари чоп этилиб, уларда шоирнинг уйғоқ туйғулари ўз ифодасини топган.
Эркин Воҳидовнинг “Орзу чашмаси”, “Нидо” (1964), “Палаткада ёзилган достон” (1966), “Қуёш маскани” (1970), “Руҳлар исёни” (1978) каби асарлари ўзбек адабиётидаги энг яхши достон намуналаридир. Мазкур асарлар истибдод йилларида ўзбек халқи миллий ғурури ўсишида улкан таъсир кўрсатди.
Эркин Воҳидовнинг “Шоиру шеъру шуур” (1987), “Изтироб” (1992), “Сўз латофати” (2015) китобларига кирган мақолалари, суҳбатларида адабиёт, ижод жараёнлари, ўзбек тили лексикологиясига доир илғор қарашлари ифодаланган. Айниқса, “Сўз латофати” китоби ўзбек луғатшунослигида “Муҳокамат ул-луғатайн”дан кейин яратилган энг нодир манба сифатида эътироф этилди. Унда ўзбек тилининг бойиш манбалари, этимологияси, диалектологияси, лексикаси етук ижодкор нигоҳи билан таҳлил қилинган.
Ижодкор улкан таржимон сифатида И. Гётенинг “Фауст”, Р. Ҳамзатовнинг “Менинг Доғистоним” (тугалланмаган), С. Есениннинг “Форс тароналари” асарларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилди. Шунингдек, Л. Украинка, А. Блок, Ф. Шиллер, Муҳаммад Иқбол сингари жаҳон шеъриятининг ёрқин намояндалари ижодидан намуналарни ўзбек тилига ўгирди. Шоир шеърлари чет (немис, француз, рус, инглиз, урду, ҳинд, араб, форс) ва қардош туркий тилларга таржима қилинган.
Атоқли шоир, драматург, таржимон ва жамоат арбоби Эркин Воҳидов узоқ йиллик анъаналарга эга бўлган, тарихи кўркам ўзбек адабиётини янги оҳанглар билан бойитди. Унинг шеъриятида ўзбек тили халқона оҳангларда ўзининг жилосини яна ҳам нафис ва латофатли намоён қилди. У яратган образлар худди халқ қаҳрамонларидек муҳлислар қалбида яшамоқда.
Эсдаликлари ва публицистик мақолаларида буюк халқ меҳрини қозонган ижодкорнинг инсоний гўзал қиёфаси, бой ва назокатли маънавий олами акс этган. Ардоқли ижодкорнинг адабиёт ва эл-юрт олдидаги хизматлари инобатга олиниб, давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 7 декабрдаги қарори билан Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланди. 2018 йил сентябридан Марғилон шаҳрида Эркин Воҳидов номидаги истеъдодли ёш ижодкорлар мактаби иш бошлади. Шоирнинг шогирдлари саъй-ҳаракати билан “То қуёш сочгайки нур: Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижоди замондошлари нигоҳида” ҳамда 2018 йилда Эркин Воҳидов ҳикматларидан иборат “Баҳрдан баҳралар” номли китоблар нашрдан чиқди.
Шоир, драматург, публицист ва таржимон, жамоат арбоби Эркин Воҳидов хотираси халқимиз қалбида абадий барҳаётдир.
//
Изоҳ йўқ