Абу Наср Форобий


15:08 / 26.08.2021 1359 0

Абу Наср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Узлуғ Тархон – тахаллуси Форобий – Ўрта Осиёнинг улуғ мутафаккири ва қомусий олими. Юнон фалсафасини чуқур билгани, унга шарҳлар битгани ва жаҳонга тарғиб қилгани ҳамда замонасининг илмларини пухта ўзлаштириб, фанлар ривожига улкан ҳисса қўшгани учун “ал-Муаллим ас-соний” (“Иккинчи муаллим”, Аристотелдан кейин), “Шарқ Арастуси” номларига сазовор бўлди.

Форобий 873 йил Сирдарё соҳилидаги Фороб (Ўтрор) деган жойда туркий қабилага мансуб ҳарбий хизматчи оиласида таваллуд топади. Ўша даврда Мовароуннаҳрда сомонийлар сулоласи ҳукмронлик қилаётган эди. Бўлажак файласуф бошланғич билимини Ўтрорда олгандан сўнг, ўқишини Тошкент, Самарқанд ва Бухорода давом эттирди. Форобий илмини янада чуқурлаштириш мақсадида Бағдодга йўл олади. Олим йўл-йўлакай Эроннинг йирик шаҳарлари Рай, Ҳамадон, Исфаҳон ва бошқа жойларда бўлади. Бағдодда Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларидан келган талаба ва олимлар тўпланган эди. Бу ерда кўзга кўринган олиму фузалолар билан танишди, юнон фалсафий мактаби, турли фан соҳалари намояндалари билан учрашиб, улардан илм сирларини ўрганди. Масалан, Абу Башар Матта ибн Юнусдан (870–940) юнон тили ва фалсафасини, Юҳанна ибн Ҳийлондан (860–920) эса тиббиёт ва мантиқ илмини ўрганди. Баъзи тарихий манбаларда келтирилишича, Форобий 70 дан ортиқ тилни билган. Олим 941 йилдан Дамашқда муҳтожликда кун кечира бошлайди. Шунга қарамай, илм билан шуғулланади, фалсафа ва бошқа фанлар соҳасида тадқиқот ишлари олиб боради. У Алеппо (Ҳалаб) ҳокими Ҳамдамид (ҳукмронлик йиллари 943–967) илтифоти ва ҳурматига эришади. У олимларнинг ҳомийси сифатида танилган эди. Ҳоким Форобийни ўз саройига таклиф этади, лекин у саройга бормасдан, эркин ҳаёт кечиришни маъқул кўради. Алломанинг Ҳалабдаги ҳаёти сермаҳсул бўлди, бу ерда ўзининг кўплаб асарларини ёзди. Форобий 949-950 йилларда Мисрда, сўнгра Дамашқда яшайди ва шу ерда умрининг охирги кунларини ўтказади. У Дамашқдаги “Боб ас-сағир” қабристонига дафн этилган. Мавжуд маълумотларга қараганда, Форобий 160 дан ортиқ асар ёзган. Лекин уларнинг аксарияти бизгача етиб келмаган. Шунга қарамай, мавжуд рисолаларининг ўзиёқ унинг буюк олим эканидан далолат беради. Форобийнинг асосий асарлари: “Фалсафани ўрганишдан олдин нимани билиш кераклиги тўғрисида”, “Фалсафий саволлар ва уларга жавоблар”, “Энциклопедиядан мантиқ бўлимининг бир қисми”, “Талиқот” (шарҳлар), “Инсон аъзолари ҳақида рисола”, “Бўшлиқ ҳақида мақола”, “Донолик асослари”, “Фалсафанинг маъноси ва келиб чиқиши”, “Ҳайвон аъзолари, функцияси ва потенцияси”, “Мантиқ тўғрисидаги рисолага муқаддима”, “Мантиқ илмига кириш”, “Илмларнинг келиб чиқиши ҳақида”, “Мусиқа ҳақида катта китоб”, “Бахт-саодатга эришув ҳақида”, “Масалалар моҳияти”, “Буюк кишиларнинг нақллари”, “Иҳсо алулум”, “Ҳикмат маънолари”, “Ақл тўғрисида”, “Илмлар ва санъатлар фазилати”, “Қонунлар ҳақида китоб”, “Субстанция ҳақида сўз”, “Фалак ҳаракатининг доимийлиги ҳақида”, “Шеър ва қофиялар ҳақида сўз”, “Риторика ҳақида китоб”, “Ҳажм ва миқдор ҳақида сўз”, “Мусиқа ҳақида сўз”, “Физика усуллари ҳақида китоб”, “Фазилатли хулқлар”, “Фозил шаҳар аҳолисининг фикрлари”, “Жисмлар ва акциденцияларнинг ибтидоси ҳақида”, “Аристотел “Метафизика” китобининг мақсади тўғрисида” ва бошқа Форобий асарлари XX асрнинг 70–80 йилларида Тошкент ва Олмаотада “Фалсафий рисолалар”, “Мантиқий рисолалар”, “Математик рисолалар”, “Ижтимоий-ахлоқий рисолалар”, “Тадқиқотлар ва таржималар” номлари остида рус тилида нашр этилган. Форобий илк ўрта асрда, Шарқ Уйғониш даврида ижод этди. Бу давр ишлаб чиқарувчи кучларнинг ўсиши, ҳунармандчилик, ирригация иншоотларининг юксалиши, янги шаҳарларнинг бунёд этилиши, маданий ва маънавий ҳаётнинг равнақ топиши билан ажралиб туради. IX-X асрларда ички ва ташқи савдо кучайди, айниқса, Ҳиндистон, Хитой, Византия, Африка мамлакатлари билан алоқа йўлга қўйилди. Бу давр қарама-қаршилик ва адоватлардан ҳоли эмас эди. Форобийнинг фалсафий қарашларида ўша даврнинг ютуқ ва камчиликлари, мураккаб ва зиддиятли жиҳатлари ўз ифодасини топди. Олимнинг илм-фан олдидаги хизматларидан бири унинг юнон мутафаккирлари асарларини шарҳлагани ва уларни янги ғоялар билан бойитганидир. Аллома, энг аввало, Арасту асарларига шарҳлар битган, унинг натур-фалсафий ғояларининг тарғиботчиси ва давомчиси сифатида танилган. Форобий, шунингдек, Афлотун, Александр Афродизийский, Евклид, Птолемей, Порфирий асарларига ҳам фикрлар ёзгани маълум. Булардан ташқари, Гиппократ, Эпикур, Анаксагор, Диоген, Хрисипп, Аристипп, Суқрот, Зенон асарларидан хабардор бўлган ҳамда эпикурчилар, стоиклар, пифагорчилар, киниклар мактабларини яхши билган. Форобий ўрта асрда мукаммал ҳисобланган илмлар таснифини яратди. У “Илмларнинг келиб чиқиши ҳақида”, “Илмларнинг таснифи ҳақида” номли рисолаларида ўша даврда маълум бўлган 30 га яқин илм соҳасининг тавсифи ва тафсилотини баён қилиб берди.

Форобий дунёқарашида ижтимоий-сиёсий ва ахлоқий фикрлар ҳам муҳим ўринни эгаллайди. Алломанинг “Бахт-саодатга эришув ҳақида”, “Фозил шаҳар аҳолисининг фикрлари”, “Бахт-саодатга эришув йўллари ҳақида рисола”, “Буюк кишиларнинг нақллари”, “Мусиқа ҳақида катта китоб”, “Фуқаролик сиёсати” ва бошқа асарлари жамият ва уни бошқариш, ахлоқ-одоб ва таълим-тарбия масалаларига бағишланган.

Мутафаккир “Мусиқа ҳақида катта китоб” номли кўп жилдли асарида мусиқа назарияси ва тарихи, турли мусиқа асбоблари, куйлар ва уларнинг ички тузилиши, товушлар, ритмлар, оҳанглар ҳақида маълумот берди; илми ийқо, илми таълиф фанларига асос солди. Юқоридаги асарида ўтмишдаги мусиқашунос ва тадқиқотчилар мусиқа тараққиётига катта ҳисса қўшганини алоҳида қайд қилади. Шунингдек, куйлар уйғунлиги, куй ижро этиш усуллари ҳақида сўз юритади.

Ривоятларда келтирилишича, Форобий янги мусиқа асбоби яратган, куй басталаган, моҳир созанда сифатида ном чиқарган. Форобийнинг айтишича, мусиқий тасаввурлар инсон руҳининг энг нозик жойидан қайнаб чиқиб, оҳанг ҳолида сезги қувватларига таъсир қилади. Форобийнинг дунёқараши, унинг жамият ва ахлоқ тўғрисида яратган яхлит таълимоти илк ўрта асрлар ва кейинги даврларда ижтимоий-фалсафий, сиёсий ва ахлоқий фикр ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Унинг қарашлари Шарқ мамлакатларига кенг ёйилди.

Ўрта аср мутафаккирлари Ибн Халликон, Ибн ал-Кифтий, Ибн Аби Усабиъа, Байҳақий, Ибн Сино, Ибн Божа, Умар Хайём, Беруний, Ибн Рушд, Ибн Халдун ва бошқа Форобийнинг таълимотини чуқур ўрганиб, уни янги ғоялар билан бойитганлар. Буюк мутафаккир ва шоирлардан Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий, Жалолиддин Давоний Форобийнинг ижтимоий-фалсафий, сиёсий ва ахлоқий таълимотидан баҳраманд бўлганлар. Форобий илгари сурган фикрлар XVI–XX асрларда ҳам мусулмон мамлакатлари олимлари томонидан катта қизиқиш билан ўрганилди. Мутафаккир қолдирган мерос фақат Шарқ мамлакатларида эмас, балки Европада ҳам тарқалди ва ижтимоий-фалсафий фикр тараққиётида сезиларли таъсир кўрсатди. Форобийнинг илмий меросини ўрганиш XX асрнинг ярмида бошланган.

Республикамиз мустақилликка эришгач, қомусий олимнинг асарлари ўзбек тилида чоп этилиб, унинг бой мероси холисона, тарихийлик ва мантиқийлик тамойиллари асосида ёритила бошланди. Олий ўқув юртлари, мактаб ва кутубхоналар, кўчаларга унинг номи қўйилди.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//