Ибн Сино


19:08 / 24.08.2021 1375 0

 

Ибн Сино (Абу Али ал-Ҳусайн ибн Абдуллоҳ ибн ал-Ҳасан ибн Али) 980 йил Бухоро яқинидаги Афшона қишлоғида туғилган. Жаҳон фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган ўрта осиёлик буюк қомусий олим ғарбда Авиценна номи билан машҳур. Ибн Синонинг отаси Абдуллоҳ Балх шаҳридан эди.

Ибн Синонинг илм соҳасидаги дастлабки устози Абу Абдуллоҳ Нотилий бўлган. У эл орасида ҳаким ва файласуф сифатида машҳур бўлгани учун отаси Ибн Синони унга шогирдликка берди. Нотилийнинг қўлида олим мантиқ, ҳандаса ва фалакиётни ўрганди ва баъзи фалсафий масалаларда устозидан ҳам ўзиб кетди. Ибн Синонинг ақл-заковатини кўрган устози отасига уни илмдан бошқа нарса билан шуғуллантирмасликни тайинлайди. Шундан сўнг ота ўғилга илм ўрганиш ва билимларини чуқурлаштириш учун барча шароитларни яратиб берди. Абу Али тинмай мутолаа қилиб, турли илм соҳаларини ўзлаштиришга киришди. У мусиқа, оптика, кимё, фиқҳ каби фанларни ўқиди, хусусан, табобатни севиб ўрганди ва бу илмда тез камол топа бошлади. Ибн Синонинг тиб илмида юксак маҳоратга эришишида бухоролик бошқа бир табиб Абу Мансур ал-Ҳасан ибн Нуҳ ал-Қумрийнинг хизмати катта бўлди. Ибн Сино ундан табобат дарсини олиб, бу илмнинг кўп сирларини ўрганган. Қумрий бу даврда анча кексайиб қолган бўлиб, 999 йилда вафот этди.

Ибн Сино 17 ёшдаёқ Бухоро халқи орасида моҳир табиб сифатида танилди. Ўша кезларда ҳукмдор Нуҳ ибн Мансур бетоб бўлиб, сарой табиблари уни даволашдан ожиз эдилар. Довруғи бутун шаҳарга ёйилган ёш табибни амирни даволаш учун саройга таклиф қиладилар. Унинг муолажасидан бемор тезда соғайиб, оёққа туради. Эвазига Ибн Сино сарой кутубхонасидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Сомонийларнинг кутубхонаси ўша даврда бутун Ўрта ва Яқин Шарқдаги энг катта ва бой кутубхоналардан саналарди. Ибн Сино бир неча йил давомида шу кутубхонада кечаю кундуз мутолаа билан машғул бўлиб, ўз даврининг энг ўқимишли, билим доираси кенг кишиларидан бирига айланди ва шу пайтдан бошлаб ўрта аср фалсафасини мустақил ўрганишга киришди. У юнон муаллифларининг, хусусан, Аристотелнинг «Метафизика» асарини берилиб мутолаа қилди. Лекин бу китобда баён қилинганларнинг аксарияти Ибн Синога тушунарсиз эди.

Тасодифан ёш олимнинг қўлига Абу Наср Форобийнинг «Метафизика»нинг мақсадлари ҳақидаги китоби тушиб қолади ва уни ўқиб чиқибгина Ибн Сино метафизикани ўзлаштиришга муваффақ бўлади. Шундай қилиб, Ибн Сино зарурий билимларнинг барчасини Бухорода олди. Олимнинг илмий ижоди 18 ёшидан бошланди. У Нуҳ ибн Мансурга атаб нафсоний қувватлар ҳақида рисола, «Уржуза» тиббий шеърий асари, ўз қўшниси ва дўсти Абулҳусайн ал-Арузийнинг илтимосига биноан, кўп фанларни ўз ичига олган «Ал-ҳикмат ал-Арузий» («Арузий ҳикмати») асарини таълиф этди. Ундан ташқари, бошқа бир дўсти фақиҳ Абу Бакр ал-Барқий (ёки Барақий)нинг илтимосига кўра, 20 жилдли «Ал-ҳосил вал-маҳсул» («Якун ва натижа») қомусий асари ҳамда 2 жилдли «Китоб ал-бир вал-исм» («Саҳоват ва жиноят китоби»)ни ёзди. Қорахонийлар 999 йил Бухорони забт этиб, сомонийлар давлатини ағдарганидан кейин Ибн Сино ҳаётида ташвишли, нотинч ва оғир дамлар бошланди. 1002 йил унинг отаси вафот қилди.

Икки сулола вакилларининг тахт учун кураши 1005 йилгача давом этиб, охири қорахонийларнинг буткул ғалабаси билан тугади. Бундай вазиятда Бухорода ортиқ қолиб бўлмас эди. Шу боис Ибн Сино ўз юртини тарк этиб, Хоразмга бош олиб кетди. XI аср бошларида Хоразм қорахонийлар ҳужумидан бирмунча тинч бўлиб, иқтисодий ва маданий жиҳатдан анча ривожланган ўлка эди. Хоразмшоҳлар Али ибн Маъмун (997–1009) ва Маъмун ибн Маъмун (1009–1017) илм-фанга эътиборли ҳукмдорлар бўлиб, олимларга илмий ижод учун қулай шароит яратиб берган эдилар. Шу боис бу даврда Хоразмнинг пойтахти Гурганж (Урганч)да замонасининг кўпгина таниқли олимлари тўпланди. Йирик математик ва астроном Абу Наср ибн Ироқ, атоқли табиб ва файласуфлар Абу Сақл Масиҳий, Абу-л-Хайр Хаммор (942—1030) ва буюк олим Абу Райҳон Беруний шулар жумласидан. Ана шу илмий даврага 1005 йил Ибн Сино ҳам келиб қўшилди.

Хоразмда Ибн Сино, асосан, математика ва астрономия билан шуғулланди. Бу соҳалардаги билимларининг чуқурлашиб, илмий дунёқарашининг шаклланишида Ибн Ироқ ва Беруний билан бўлган илмий мулоқотлар катта аҳамият касб этди. Ибн Синонинг Аристотел таълимоти хусусида Беруний билан ва ўзининг шогирди Бахманёр билан ёзишмалари тарихда машҳурдир. Ибн Сино Абу Сахл Масиҳийнинг тиббий тажрибаси ва билимларидан ҳам катта сабоқ олди. Хоразмшоҳ вазири Абулҳусайн ас-Саҳлий илмларни севувчи киши бўлганидан, Ибн Сино у билан дўстлашади ва унга атаб алкимёга оид «Рисола аликсир» («Иксир ҳақида рисола») номли асар ёзди.

Ибн Сино ҳам илмий ижод билан шуғулланди, ҳам табиб сифатида фаолият кўрсатди. Бу ерда у шогирдининг илтимосига кўра, мантиқ, фалсафа ва бошқа фанларга оид бир нечта рисола ёзди ва энг муҳими «Тиб қонунлари»нинг дастлабки қисмларини яратди. 1014 йил олим Журжонни тарк этиб, Райга кўчди. «Тиб қонунлари»нинг 1-китобини Ҳамадонда тугатиб, ўзининг машҳур фалсафий қомуси — «Китоб аш-шифо»ни ҳам шу ерда ёзишга киришади. «Тиб қонунлари»нинг қолган қисмини ҳам Ҳамадонда ёзиб битиради.

Ибн Сино Ҳамадонда 1023 йилгача истиқомат қилади ва айрим сиёсий сабабларга кўра, шу йили Исфаҳонга жўнаб кетади. Умрининг қолган 14 йилини шу ерда ўтказди. Бу ерда ҳам у тинимсиз илмий иш билан машғул бўлиб, бир қанча асарлар яратди. Улар орасида тиб, фалсафа, аниқ фанлар, тилшунослик каби фанларга оид китоблар бор. «Китоб аш-шифо»нинг қисмлари, форс тилидаги «Донишнома» ва 20 жилдли «Инсоф-адолат китоби» шулар жумласидан. Жузжонийнинг ёзишича, Ибн Сино гарчи, жисмоний жуда бақувват бўлса-да, бироқ, шаҳарма-шаҳар дарбадарликда юриш, кеча-кундуз тиним билмай ишлаш ва бир неча бор таъқиб қилиниб, ҳатто ҳибсда ётишлар олимнинг саломатлигига жиддий таъсир этди. У қуланж (колит) касаллигига чалинди. Алоуддавланинг Ҳамадонга юриши вақтида Ибн Сино қаттиқ бетоблигига қарамай, у билан бирга сафарга чиқади. Йўлда дарди қўзғаб олимнинг тамомила мадори қурийди ва оқибатда у шу дарддан 57 ёшида вафот этади. Олим Ҳамадонда дафн этилади. Унинг қабри устига 1952 йил мақбара тикланган.

Замондошлари Ибн Синони «Шайх арраис» («донишмандлар сардори, алломалар бошлиғи»); «Шараф ал-мулк» («ўлка, мамлакатнинг обрўси, шарафи»), «ҳужжат алҳақ» («ростликка далил»); «Ҳаким ал-вазир» («донишманд, тадбиркор вазир») деб атаганлар. Жаҳон фани тарихида Ибн Сино қомусий олим сифатида тан олинган, чунки у ўз давридаги мавжуд фанларнинг қарийб барчаси билан шуғулланган ва уларга оид асарлар ёзган. Олим асарларини ўша даврда Яқин ва Ўрта Шарқнинг илмий тили бўлган араб тилида, баъзилари (шеърий ва айрим фалсафий асарлари)ни форс тилида ёзган. Турли манбаларда унинг 450 дан ортиқ асар ёзгани қайд этилган, лекин бизгача уларнинг 242 (160) таси етиб келган.

Шулардан 80 таси фалсафага, 43 таси табобатга оид бўлиб, қолганлари мантиқ, психология, тиббиёт, астрономия, математика, мусиқа, кимё, ахлоқ, адабиёт ва тилшуносликка бағишланган. Лекин бу асарларнинг ҳаммаси ҳам олимлар томонидан бир хилда ўрганилган эмас. Ибн Синонинг кўпроқ фалсафа ва тибга оид китоблари жаҳоннинг кўпгина тилларига таржима этилиб, асрлар давомида қайта-қайта нашр қилиб келинмоқда, лекин шу билан бир вақтда, бошқа кўп асарлари ҳали қўлёзма ҳолида ўз тадқиқотчиларини кутяпти. Ибн Синонинг илмий меросини шартли равишда 4 қисмга, яъни фалсафий, табиий, адабий ва тиббий соҳаларга бўлиш мумкин, олим шуларнинг ҳар бирида чуқур из қолдирган. Лекин асарларининг миқдорий нисбатига на-зар солсак, олимнинг қизиқиш ва эътибори кўпроқ фалсафа ва тибга қаратилганини кўрамиз. Гарчи уни «Авиценна» сифатида Ғарбда машҳур қилган унинг тиббий мероси, хусусан, «Тиб қонунлари» бўлса-да, «Шайхар-раис» номи, энг аввал, унинг буюк файласуфлигига ишорадир. Олимнинг фалсафага оид энг йирик ва муҳим асари «Китоб аш-шифо»дир. Олимнинг фалсафий қарашлари яна «Ал-ишорат ваттанбиҳот» («Ишоралар ва танбиҳлар»), «Ҳикмат ал-машриқийн» («Шарқчилар фалсафаси»), «Китоб ал-ишорат фильмантиқ валҳикмат» («Мантиқ ва фалсафанинг ишоралари»), форс тилида ёзилган «Донишнома» («Билим китоби») ва бошқа турли ҳажмдаги фалсафий рисолаларда ҳамда «Тайр қиссаси», «Саломон ва Ибсол», «Ҳай ибн Яқзон», «Юсуф ҳақида қисса» каби фалсафий мазмунли бадиий қиссаларда ўз аксини топган.

Ибн Сино 21 ёшида, яъни илмий фаолиятининг бўсағасида металлар трансмутациясига, яъни оддий металларни олтин ва кумушга кимёвий йўл билан айлантириш мумкинлигига ишонган ва мутақаддим кимёгарларнинг китоблари таъсири остида «Рисола ас-санъа илал барақий» («Барақийга атаб санъат (алкимё)га доир рисола») номли кичик асар ёзган. Лекин 30 ёшларга бориб, илмий тажрибаси ортган ёш олим бу соҳадаги уринишларнинг зое кетишига амалда ишонч ҳосил қилади ва «Рисола аликсир» («Иксир ҳақида рисола») асарида кимёвий йўл билан соф олтин ва кумуш олиш мумкинлигига шубҳа билдиради. 40 ёшларда ёзишга киришган «Китоб аш-шифо»да эса кимёгарларнинг трансмутация соҳасидаги барча ҳаракатлари беҳуда эканини назарий жиҳатдан исботлашга уринди. Математика соҳасида Ибн Сино Евклиднинг «Негизлар» китобини қайта ишлаб, унга шарҳ ва тўлдиришлар киритди, геометрик ўлчамларга арифметик терминология қўллади, «сон» тушунчаси доирасини «натурал сон»дан анча кенгайтирди.

Шеърият соҳасида ҳам Ибн Сино сезиларли из қолдирди. У ўзининг айрим тиббий асарлари («Уржуза»)ни ражаз вазнли шеърда ёзган. Бундан ташқари, унинг бир нечта фалсафий қиссалари ҳам борки, улар кейинчалик форс-тожик адабиётига чуқур таъсир кўрсатди. Олимнинг форс тилида ёзган бир неча ғазал ва қитъалари, 40 дан ортиқ рубоийлари мавжуд. Унинг шеърий мероси қисман рус ва ўзбек тилларида нашр этилган. Ибн Сино мусиқа бобида Форобийнинг илмий йўналишини давом эттирган йирик назариётчидир. Мусиқа ҳақидаги «Жавомеъ илм ул-мусиқий» («Мусиқа илмига оид тўплам») асари «Китоб аш-шифо»нинг бир қисми бўлиб, ҳар бири бир неча бобли 6 бўлимдан иборат.

Ибн Синонинг тибга оид ёзган асарларининг 30 дан ортиғи бизгача етиб келган, уларнинг орасида «Қонун» каби тиббий энциклопедия билан бир қаторда тибнинг айрим назарий ва амалий масалаларига бағишланган турли ҳажмдаги «Уржуза фит-тиб» («Тиббий уржуза»), «ал Адвият ал қалбия» («Юрак дорилари»), «Дафʼ алмадорр ал-куллия ан-ал-абдон ал-инсония» («Инсон баданига етишган барча зарарларни йўқотиш»), «Китоб ал-қуланж» («Қуланж ҳақидаги китоб»), «Мақола фи-ннабз» («Томир уриши ҳақида макр-ла»), «Рисола фи-л-боҳ» («Шаҳвоний қувват ҳақида рисола»), «Рисола фи тадбири ал-мусофирин» («Сафардагиларнинг тадбири ҳақида рисола»), «Рисола фи хифз ас-сиҳҳа» («Соғлиқни сақлаш ҳақида рисола»), «Рисола фи-с-сиканжубин» («Сиканжубин ҳақида рисола»), «Рисола фи-лфасд» («Қон олиш ҳақида рисола»), «Рисола фи-лҳиндабо» («Сачратқи ҳақида рисола») каби рисолалар ҳам бор. Ибн Сино ўз давридаги илмлар таснифи масаласига ҳам жиддий эътибор билан қаради ва бу соқада «Ақсом ал-улум алақлия» («Ақлий илмлар таснифи») номли асар ёзди. Унда олим ақлий илмларни ҳикмат фалсафа илмлари деб олиб, уларни назарий ва амалий қисмларга бўлди. Назарий илмлар ҳақиқатни билишга, амалий илмлар яхши ишларни бажаришга қаратилган.

Европада алломанинг асарлари XII асрдан бошлаб лотин тилига таржима қилиниб, университетларда ўқитила бошланди. Ибн Сино илмий меросини ўрганиш ишлари янги даврга келиб жадал тус олди ва натижада чет эл ҳамда Ўзбекистонда махсус илмий йўналиш синошунослик вужудга келди. «Тиб қонунлари»нинг лотинча таржимаси тўлиқ ҳолда 40 марта нашр этилди. Унинг айрим қисмлари немис, инглиз ва француз тилларига таржима қилинди, олимнинг фалсафий ва бошқа соҳаларга оид асарлари ҳам жаҳоннинг бир неча тилларида нашр этилди, унинг ижодига оид қатор йирик тадқиқотлар яратилди. Жаҳоннинг турли кутубхоналарида Ибн Сино асарларининг қўлёзмалари сақланади, шу жумладан, Ўзбекистон ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида ҳам аллома қаламига мансуб 50 асарнинг 60 та қўлёзмаси мавжуд.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//