Алишер Навоий


22:08 / 20.08.2021 1570 0

 

 

Буюк ўзбек шоири, мутафаккир, давлат арбоби Алишер Навоий 1441 йил Ҳиротда таваллуд топган. Асл исми Низомиддин Мир Алишер. Навоийнинг ота томондан бобоси Амир Темурнинг Умар Шайх исмли ўғли билан кўкалдош (эмикдош) бўлиб, кейинчалик Умар Шайх ва Шоҳруҳнинг хизматида бўлган. Отаси Ғиёсиддин Баҳодир эса Абулқосим Бобурнинг яқинларидан; мамлакатни идора этишда иштирок этган. Онаси (исми номаълум) Кобул амирзодаларидан Шайх Абусаид Чангнинг қизи. Алишер Навоийнинг болалиги Шоҳруҳ ҳукмронлигининг сўнгги йилларига тўғри келган. У темурийзодалар, хусусан, бўлажак подшоҳ Ҳусайн Бойқаро билан бирга тарбияланган. 4 ёшида мактабга бориб, тез савод чиқариб, туркий ва форсий тилдаги шеърларни ўқиб, ёд ола бошлаган. Ўзбек тили билан бир қаторда форсий тилни ҳам мукаммал ўрганган.

1447 йил 12 мартда мамлакат подшоҳи Шоҳруҳ вафот этгач, тахтга даъвогарлар орасида ўзаро кураш бошланади. Уруш-жанжаллар кўп кишиларни Хуросондан турли томонга кўчиб кетишга мажбур этди. Алишер Навоий оиласи ўз тинчлигини кўзлаб, Ироққа кўчди (1449). Таф шаҳрида Алишер машҳур “Зафарнома” тарихий асари муаллифи, шоир Шарафиддин Али Яздий билан учрашади. Бу учрашув болада ёрқин таассурот қолдиради. Ғиёсиддин Баҳодир оиласи Ҳиротга, қарийб икки йил муддат ўтгач, қайтади. Абулқосим Бобур Ғиёсиддин Баҳодирни Сабзавор шаҳрига ҳоким қилиб тайинлади. Алишер Навоий Ҳиротда қолиб ўқишни давом эттирди.

Алишер Навоий 1012 ёшларидан шеър ёза бошлаган. Тарихчи Хондамирнинг ёзишича, ёш Алишер Навоийнинг истеъдодидан мамнун бўлган мавлоно Лутфий, унинг: “Оразин ёпқач, кўзимдин сочилур ҳар лаҳза ёш, Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғоч қуёш” матлаъли ғазалини тинглаб: “Агар муяссар бўлса эди, ўзимнинг ўн-ўн икки минг форсий ва туркий байтимни шу ғазалга алмаштирардим...” деган. Алишер Навоий 15 ёшида шоир сифатида кенг танилган. Шеърларини туркий (Навоий тахаллуси билан) ва форсий (Фоний тахаллуси билан) тилларида ёзган.

Алишер Навоий 13-14 ёшдалигида отаси ҳаётдан кўз юмади. Уни Абулқосим Бобур ўз тарбиясига олади, катта бадиий истеъдоди учун ғоят эъзозлайди. 1456 йил октябрда мамлакат пойтахти Ҳиротдан Машҳадга кўчирилади, Абулқосим ёш Алишерни ҳам, ўз хизматида бўлган Ҳусайн Бойқарони ҳам Машҳадга олиб кетади. 1457 йилнинг баҳорида тўсатдан Абулқосим Бобур ҳам вафот этди. Алишер Навоий учун бу, отаси вафотидан кейинги, иккинчи оғир жудолик бўлди. У Машҳад мадрасаларидан бирида ўқишини давом эттиради. Дўсти Ҳусайн Бойқаро эса Марв ва Чоржўй томонларга омад қидириб кетади. Хуросонни темурийларнинг яна бир вакили, Мовароуннаҳр ҳукмдори Султон Абу Саид эгаллади ва пойтахтни Самарқанддан Ҳиротга кўчиради. Ҳусайн Бойқаронинг тахтни эгаллаш йўлидаги биринчи рақиби Абу Саид эди. Алишер Навоий оиласининг хоҳиш-рағбати Ҳусайн томонда бўлиб, бу аввало, уларнинг оилавий яқинликлари билан изоҳланарди; бундан янги ҳукмдор ҳам яхши хабардор эди. Ўртадаги вазият эса Алишер Навоий ҳаётини мураккаблаштирган.

Ҳусайн Бойқаро тахтга келгач, 1472 йилнинг февраль ойида уни ўз саройининг бош вазири қилиб тайинлайди ва унга “Амири кабир” унвонини беради. Алишер Навоий янги лавозимда бутун кучини мамлакатда тинчлик ва осойишталик ўрнатишга қаратди. Вақф ишларини тартибга солишга киришди. Шаҳарларда савдо-сотиқни, ҳунармандчиликни ривожлантиришга катта аҳамият беради. Алишер Навоий саъй-ҳаракати билан қишлоқларда деҳқончилик маданияти ўсиб боради. Шаҳарлар, хусусан Ҳирот кун сайин обод бўла бошлайди. Буюк инсонпарвар Алишер Навоий ўрта асрдаги Уйғониш даврининг бошқа улуғ зотлари сингари бутун ҳаёти билан ҳақиқий инсон қандай бўлиши лозимлигини кўрсатди. У ўз давридаги ноҳақликка, адолатсизликка қарши курашди, амалдорларнинг ўз вазифаларини суиистеъмол қилишларини ва таъмагирликларини фош этди, ожиз, муҳтож кишиларни ўз ҳимоясига олди. Султон Ҳусайн Бойқаро подшоҳлик қилган, Алишер Навоий ҳукуматда бош вазир вазифасини эгаллаганида ҳеч бир мамлакатга қарши босқинчилик уруши олиб борилмади.

Хондамирнинг қайд қилишича, 80 йиллар давомида Алишер Навоий ўз маблағлари ҳисобидан Ҳиротда ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида бир неча мадраса, 40 та работ, 17 масжид, 10 хонақоҳ, 9 ҳаммом, 9 кўприк, 20 га яқин ҳовуз қурдирган ва таъмирлаттирган. Улар орасида Ҳиротдаги “Ихлосия”, “Низомия” мадрасалари, “Халосия” хонақоҳи, “Шифоия” тибгоҳи, Қуръон тиловат қилувчиларга мўлжалланган “Дорулҳуффоз” биноси, Марвдаги “Хусравия” мадрасаси, Машҳаддаги “Дорул-ҳуффоз” хайрия биноси ва бошқа ноёб меъморлик ёдгорликлари бор.

Алишер Навоийнинг ўзбек тилидаги дастлабки йирик асарларидан “Ҳилолия” қасидаси Султон Ҳусайн Бойқарога бағишланган бўлса, форсий тилдаги биринчи йирик асари “Туҳфат ул-афкор” (1476) қасидаси Жомийга бағишланган эди. 1470 йилларнинг охирларида Алишер Навоий ўзининг ўзбек тилида ёзган шеърларидан иборат илк девони “Бадоеъ ул-бидоя” (“Бадиийлик ибтидоси”)ни тузди. Мазкур девонда 777 ғазал, 85 рубоий, 52 муаммо, 46 қитъа, 53 фард, 10 туюқ, 10 луғз, 3 мустазод, 5 мухаммас, 3 таржеъбанд, 2 мусаддас бўлиб, бундай мукаммал девонни тузиш Навоийгача камдан-кам ўзбек шоирига насиб бўлган. Алишер Навоий  “Бадоеъ ул-бидоя” тузилгандан кейинги даврда ёзилган ўзбекча шеърлари асосида 1480 йилларнинг охирида “Наводир ун-ниҳоя” (“Беҳад нодирликлар”) девонини тузди. 1481-1482 йилларда Алишер Навоий “Чихл ҳадис” (“Қирқ ҳадис” ёки “Арбаин”) асарини ёзади. Бунда Муҳаммад пайғамбар (с.а.в)нинг қирқ ҳадиси тўртлик билан шеърий ифодалаб берилган. Алишер Навоий мансуб адабий  ҳаётда шеърий жанрлардан ғазал, қасида, айниқса, муаммо ёзишга қизиқиш кучли эди. Алишер Навоий форсий девонига 373 муаммо киритган. Шундай адабий майллар туфайли 1485 йил муаммо ёзиш қоидалари ҳақида махсус “Муфрадот” асарини яратди. Алишер Навоийда ўзбек тилида Хамса беш достон яратиш мақсади ёшлигидан бўлган. Бу мақсадини 1483–1485 йилларда амалга оширди. Асар ўзбек адабиёти шуҳратини оламга ёйиб, жаҳон адабиётининг дурдоналаридан бирига айланди. “Хамса”дан кейин Навоий яна бир қанча асарлар яратди. 1485 йил ўзининг машҳур “Назм ул-жавоҳир” асарини ёзди, бунда биринчи халифалардан бўлмиш Ҳазрат Алининг 266 та ҳикматли гапи рубоий тарона (тўрт мисраси ҳам қофияланган) шаклида баён этилган. Ўша давр китобхонлари, шу жумладан, тарихчи Хондамир бу асарни ғоят юксак баҳолаган. Алишер Навоийнинг инсонпарварлик фаолияти, илғор қарашлари, унинг обрў-эътибори халқ орасида тобора ортиб бориши ўз манфаатларини кўзлаган сарой аёнлари орасида норозилик туғдирди. Улар шоир билан подшо орасига нифоқ солишга уриндилар. Натижада, 1487 йилда Ҳусайн Бойқаро Алишер Навоийни вазифасидан бўшатади, бош вазир вазифасини Муҳаммад Маждиддин эгаллайди. Навоий эса Астрободга ҳоким қилиб тайинланади.

Алишер Навоий ҳамиша кўпроқ ижодий ва илмий ишлар билан шуғулланиш, бу борадаги режаларини амалга ошириш хаёли билан яшарди. Ҳаёт эса унинг режаларига ўз тузатишларини киритар эди. 1488 йил Саййид Ҳасан Ардашер, 1492 йил Жомий, 1493 йил олим ва шоир Паҳлавон Муҳаммад бирин-кетин ҳаётдан кўз юмди. Навоий ўзи учун қадрдон бўлган бу инсонлар хотирасини абадийлаштириш, уларга ўз ҳурматини изҳор этиш учун “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер”, “Хамсат ул-мутаҳаййирин” (“Беш ҳайрат”), “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” номли рисолаларини ёзди. Астрободда ёза бошлаган Тарихи мулки Ажам (Ажам подшоҳлари тарихи) асарини тугаллади (1489). 1490 йил у ўзига замондош шоирлар ҳақида Жомийнинг Баҳористон, Давлатшоҳ Самарқандийнинг Тазкират уш-шуаро асарлари шаклида Мажолис ун-нафоис (Нафислар мажмуаси) тазкирасини тузишга киришиб, 1492 йилда тугаллади. Шу вақтнинг ўзида Алишер Навоий ўзбек тилида шеърият назарияси, аниқроғи, аруз вазни қоидалари ҳақида Мезон ул-авзон (Вазнлар ўлчови) илмий қўлланмасини яратди. 1494 йилда туркий тилдаги мактубларини тўплаб Муншаот (Мактублар) мажмуасини тузди. 1495 йил Жомийнинг Нафаҳотул-унс асарини Насойим ул-муҳаббат (Муҳаббат шабадалари) номи билан таржима қилиб, уни қайта ишлаб, туркий машойихлар ҳақидаги янги маълумотлар билан бойитди. Шу боисдан Насойим ул-муҳаббат”га Алишер Навоийнинг мустақил асари сифатида қараш мумкин. Алишер Навоий 1491-1492 йиллардан бошлаб туркий тилда ёзилган ҳамма шеърларидан янги, йиғма девон тузишга киришди ва бу иш 1498-1499 йилда ниҳоясига етди. Девоннинг умумий номи Хазойин ул-маоний (Маънолар хазинаси) бўлиб, 4 қисмдан иборатлиги учун Чор девон деб ҳам аталган. Девон шоирнинг бутун ҳаёти давомида ёзилган шеърларини қамраб олган, уларда Алишер Навоийнинг барча даврларидаги кайфияти, дунёқараши, орзу-умидлари ифодалаб берилган. Тахминан шу йилларда Алишер Навоий форсий шеърларидан ташкил топган Девони Фоний (Фоний девони)ни, форсий тилдаги 2 қасидалар мажмуаларини тузиб, форсий шеърият тараққиётига ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Хуросонда форсийзабон халқлар кўпчиликни ташкил этгани инобатга олинса, Алишер Навоийнинг бу тилда ҳам самарали ижод қилгани мамлакат маънавий эҳтиёжини яхши ҳис этганини билдиради.

Алишер Навоийнинг шеърий даҳоси XV аср охирларига келиб яна жўш урди. У 2 йил мобайнида иккита йирик асар – Лисон ут-тайр (Қушлар тили) достонини ва Муҳокамат ул-луғатайн (Икки тил муҳокамаси) номли илмий асарини яратди. Алишер Навоийнинг сўнгги буюк асарларидан яна бири насрий панднома йўсинда ёзилган Маҳбуб ул-қулуб (Қалблар севгани)дир. У Шарқ адабиёти тарихида Шайх Саъдийнинг Гулистон, Кайковуснинг Қобуснома, Низомий Арузи Самарқандийнинг Чор мақола каби асарлари қаторида туради. Бу асарида Алишер Навоий ўзининг ҳаёт йўлини, бошидан кечирган турмуш машаққатларини ёрқин тасвирлаб берган.

Алишер Навоийнинг адабий ва илмий меросини 4 фаслга бўлиш мумкин: 1. Девонлари; 2. Достонлари; 3. Форсий тилдаги шеърий мероси; 4. Илмий-филологик, насрий ва тарихий асарлари.

Алишер Навоийнинг ўзбек тилида яратган шеърий мероси асосан Хазойин ул-маоний девонига жамланган. Асар тўрт қисмдан иборат. Девоннинг биринчи қисмига Ғаройиб ус-сиғар (Болалик ғаройиботлари), иккинчи қисмига Наводир уш-шабоб (Йигитлик нодиротлари), учинчи қисмига Бадоэъ ул-васат (Ўрта ёш бадиалари) ва ниҳоят, тўртинчи қисмига Фавойид ул-кибор (Кексалик фойдалари) деган номлар берилди. Хазойин ул-маонийдаги 4 девоннинг ҳар бирида 650 тадан 2600 ғазал, умуман 4 девонда 210 қитъа, 133 рубоий, 86 фард, 52 муаммо, 13 туюқ, 10 мухаммас, 10 чистон, 5 мусаддас, 4 таржеъбанд, 4 мустазод, 1 мусамман, 1 таркиббанд, 1 қасида, 1 маснавий, 1 соқийнома мавжуд бўлиб, шарқ шеъриятининг 16 тури намоёндир.

Улуғ шоир ижодининг шоҳ асари Хамса 5 достондан иборат. Булар Ҳайрат ул-аброр (Яхшилар ҳайрати), Фарҳод ва Ширин, Лайли ва Мажнун, Сабъайи сайёр (Етти сайёра), Садди Искандарий (Искандар девони) достонларидир. Форс адабиётидаги хамсачиликка жавоб сифатида ўзбек тилида биринчи маротаба яратилган Алишер Навоий Хамсаси бу тилнинг чексиз имкониятларини амалда исбот этди. 52 минг мисрадан иборат бу бешлик XV асрда ислом тафаккурининг борлиқ ва табиат, инсон ва жамият, ахлоқ ва камолот ҳақидаги ўзига хос қомуси эди. Шоир воқеаларни қадим Шарқ тарихининг Хусрав, Баҳром, Искандар каби номлари афсоналар билан чулғанган шахслар, Лайли ва Мажнун каби ошиқлар ҳаётидан олди. Уларга янги мазмун берди, туркона руҳ киритди. Даврнинг дардли масалаларини, авлодларнинг орзу ва армонларини кўтариб чиқди. Хамса замондошларига ниҳоятда зўр таъсир кўрсатди. Абдураҳмон Жомий уни ҳаяжон билан олқишлади. Султон Ҳусайн эса шоирни ўзининг оқ отига миндириб, жиловдорлик қилди.

Лисон ут-тайр – Алишер Навоийнинг сўнгги достони Хамсадан 14 йил кейин – 1498-1499 йилда яратилган. Бу асарини шоир Фоний тахаллуси билан ёзган. Чунки бу даврда унинг ҳаёти кексаликка юз ўгирган, аниқроғи, бу дунёсидан кўпроқ у дунёсини ўйлай бошлаган эди. Мазкур асар болалигида севиб ўқигани – Фаридиддин Атторнинг Мантиқ ут-тайр (Қушлар тили) достонига жавоб тарзида, шоирнинг ўз таъбири билан айтганда, таржима расми била юзага келтирган шеърий мўъжизаси эди.

Алишер Навоий бутун ҳаёти давомида ўзбек тили билан бир қаторда форсий тилда ҳам ижод қилиб, баракали мерос яратди. Унинг бу тилдаги шеърлари 1490 йилларнинг ўрталарида, Эрон олими Юсуф Шерозий тахминича, 1495–1500 йиллар орасида муаллиф томонидан девон ҳолига келтирилган ва Девони Фоний номи билан машҳур. Мазкур девони 1963 йилда Теҳронда, 1965 йилда Тошкентда, 1993 йилда Душанбеда нашр этилган. Ўзбек олими Сулаймонов тавсифи бўйича, Девони Фонийда, Дебочадан ташқари, 7 қасида, 554 ғазал, 1 мусаддас, 1 марсия, 72 қитъа, 73 рубоий, 16 тарих, 373 муаммо, 9 луғз бор. Девони Фонийдаги ғазалларнинг аксарияти машҳур форс шоирлари шеърларига татаббулардан иборат. Алишер Навоий ўзининг форсий қасидаларидан алоҳида тўпламлар ҳам тузган бўлиб, уларнинг бири Ситтаи зарурия (Олти зарурат), иккинчиси Фусули арбаа (Тўрт фасл) деб аталади.

Алишер Навоийнинг бошқа тилларга таржима қилинган дастлабки бадиий асари Сабъаи сайёр бўлди. Христофор Арманийнинг 1557 йилда итальян тилида нашр этилган Сарандиб шоҳи уч ўғлонининг зиёрати асарида Алишер Навоийнинг Сабъаи сайёр достонидаги қолипловчи ҳикояси – “Баҳром ва Дилором ҳикоя қилинади. Бу асар немис, француз ва голланд тилларига таржима қилиниб, 11 марта нашр этилган. Шунингдек, XVII аср грузин шоири Ситсишвили Алишер Навоийнинг Сабъаи сайёр достонини эркин таржима қилиб, Етти гўзал достонини яратди.

Алишер Навоий ижодиётига қизиқиш, уни ўрганиш Европа ва Россияда ҳам катта тарихга эга. Француз шарқшуноси Катрмер 1841 йилда босилган хрестоматиясида Алишер Навоийнинг Муҳокамат ул-луғатайн ваТарихи мулки Ажамини эълон қилган, И.Н. Березин Турк хрестоматиясида унинг бир неча асарларидан парчалар берган. М. Никитский 1856 йилда биринчи манбалар асосида Амир Низомиддин Алишер. Унинг давлат ва адабиёт соҳасидаги аҳамияти мавзусида магистрлик диссертациясини ёзади.

Туркистонда XX аср бошидан бошланган, ташаббускори жадидлар бўлган маърифий уйғониш Алишер Навоийнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганишда ҳам ўз ифодасини топди. 1919 йилда Тошкентда Фитрат нашрга тайёрлаган “Инсоният ҳақинда Навоийнинг фикри” номли рисола босилиб чиқди. Бу китобча Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” достонининг “Салотин бобида” (“Султонлар ҳақида”) деган қисмидан парча эди. Шундан сўнг Алишер Навоий ижодини ўрганиш ва оммалаштириш кенг тус олди. Адабиётшунослик фанининг навоийшунослик соҳаси юзага келди. Ёзувчи Ойбек Навоий романини, Иззат Султон Навоийнинг қалб дафтари ҳужжатли қиссасини, Л. Бат Ҳаёт бўстони қиссасини, Миркарим Осим ҳикоялар туркумини яратди.

Мустақиллик бизга барча қадриятларимиз қатори Алишер Навоий меросини ўрганишнинг кенг уфқларини очди. Эндиликда унинг ижодини аслича, моҳиятини тушуниб ўрганиш имконияти юзага келди. 1991 йилда Алишер Навоий таваллудининг 550 йиллиги тантанали нишонланди. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти таъсис этилди. Тошкентда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи барпо этилди ва бу боғ ўртасида шоирнинг салобатли ҳайкали қад кўтарди. Шоирнинг 20 жилдли мукаммал асарлар тўплами нашр этила бошланди. Мамлакатимизда Алишер Навоий хотираси юксак даражада эъзозланади.

 

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//